Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Қонун лойиҳасига таклифлар берилди

Қонун лойиҳасига таклифлар берилди

Жорий йилнинг 18 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Фракция раҳбари Алишер Қодиров бошқарган йиғилишда дастлаб янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

— Мамлакатимизда бошланган янги давр таълим соҳасига ҳам аниқ ва қатъий талаблар қўймоқда, — деди А.Қодиров — Ушбу тизимини янги босқичга кўтариш, педагог кадрлар тайёрлаш сифатини илғор халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш ва олий педагогик таълим билан қамров даражасини ошириш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси амалдаги таълим тизимида тарбиянинг ўрнини етарли эмас, деб ҳисоблайди.
“Оила – мактабгача таълим – мактаб” даврини ўз ичига олган, тарбияни устувор ҳисоблайдиган, тарбия ва таълим тизими миллий ва умуминсоний қадриятларни эътироф этадиган, билимли, эркин фикрлайдиган, ҳалол ва масъулиятли инсонни шакллантиришни устувор вазифа сифатида кўриши керак. Тизимнинг натижадорлиги оила, мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларидаги мавжуд муаммоларнинг тизимли бартараф этилишини тақозо қилади.

Йиғилишда таъкидланганидек, таълим тизимидаги ижобий ўзгаришлар, ўз навбатида, соҳанинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилишини талаб этади. Амалдаги “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинганига 20 йилдан ошди. Табиийки, қонун нормалари бугунги шиддатли ислоҳотларга ҳамоҳанг эмас. Шу маънода, айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳаси айнан соҳадаги барча ютуқ ва камчиликлар, жаҳондаги тажриба ва тенденцияларни инобатга олган ҳолда янада такомиллаштирилиши лозим.

Бугунги кун талаб ва таклифлардан келиб чиққан ҳолда, қонун лойиҳасининг 238 та нормага тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Лойиҳадан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни имкон қадар қисқартириш, умумий тусдаги, ҳаракатсиз ва ҳуқуқни қўллашга таъсир этмайдиган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш оқибатида 123 та норма чиқариб ташланди. Уларнинг ўрнига 54 та янги тўғридан-тўғри амал қилувчи нормалар киритилди.

Йиғилишда сўз олган фракция аъзолари ушбу қонун таълим соҳасини тартибга солиш билан бир қаторда тарбия соҳасини ҳам тартибга солиши зарурлигини, мазкур қонунни тарбиявий аҳамиятлар билан боғлаш, қонунни таълим ва тарбия тўғрисида деб номлаш, таълим стандартлари нормаларига таълим ва тарбия стандартлари тушунчалари билан бойитиш лозимлигини таъкидладилар.

Шундан сўнг депутатлар «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси, «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-моддасига қўшимча киритиш ҳақида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаларини кўриб чиқди.

Йиғилишда Қонунчилик палатаси мажлиси муҳокамасига киритилиши белгиланган бошқа қонун лойиҳалари муҳокама этилди ва фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.


Кўришлар сони: 614

Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.01.2021
Қонун лойиҳаси жойларда муҳокама қилинмоқда

Бугунги кунда юртимизда амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари...

23.01.2021
Депутатлар Андижондаги тиббий хизматлар сифатини ўрганди. Натижа қандай бўлмоқда?

– Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ҳудудларда ҳали ҳам етарли даражада эмас, – дейди Олий...

22.01.2021
Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича ахборотлар кўриб чиқилди

Парламент комиссияси йиғилишида Бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш со...

Тадбирлар тақвими