Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

ЎзХДП фракцияси аъзолари Ҳукумат ҳисоботини маъқулладими?

ЎзХДП фракцияси аъзолари Ҳукумат ҳисоботини маъқулладими?

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши видеомулоқот шаклида ўтди.

Унда «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг жорий йил биринчи чорагидаги ижроси билан боғлиқ масала, шунингдек, бир қатор қонун лойиҳалари атрофлича кўриб чиқилди.

Ҳисоботда келтирилишича, жорий йилнинг биринчи чорагида ялпи ички маҳсулот ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,6 фоизга ўсиши кутилмоқда. Хусусан, саноат тармоқлари 4,8 фоиз, жами хизматлар – 8,7 фоиз, чакана савдо айланмаси – 4,8 фоиз ва қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги 3,3 фоизга ортиши иқтисодий ўсишнинг асосий омили сифатида хизмат қилгани келтирилган.

Ҳисоботда дунёнинг 200 дан ортиқ мамлакатига тарқалган коронавирус пандемияси сабабли иқтисодиёт тармоқларидаги ўсиш суръатлари секинлашгани қайд этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти бошчилигида Ҳукумат томонидан жорий йилнинг ҳисобот даврида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш юзасидан қатор чоралар кўрилаётгани депутатлар томонидан алоҳида эътироф этилди.

Давлат дастури 284 та банддан иборат. Дастурнинг 163 та бандида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, 37 та қонун, 126 та Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари, 121 та чора-тадбирлар дастури ва бошқа ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Ҳукумат томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида Давлат дастурида белгиланган 7 та банд муддатидан аввал ижро этилган.

Фракция аъзолари Давлат дастури асосида ижтимоий соҳада амалга оширилган ишлар, эришилган натижаларга алоҳида эътибор қаратди.

Ҳисобот даврида 63,6 мингта янги иш ўрни ташкил этилиб, 85 минг нафардан ортиқ ишсиз фуқаро бўш иш ўринларига жойлаштирилган. Меҳнат бозорининг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, 7 минг нафарга яқин фуқаро касбга ўқитилиб, 38 минг киши ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилган. 26 минг нафардан ортиқ ўзини-ўзи банд қилган фуқаро вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси билан таъминланиб, 3 минг 600 нафардан ортиқ ишсиз фуқарога Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан субсидиялар ажратилган. Мазкур чора-тадбирларни амалга ошириш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ва Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан жами 91,1 млрд сўм маблағ сарфланган.

Мактабгача таълимнинг қамровини 60 фоизга етказишга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Жорий йилга мўлжалланган Инвестиция дастури доирасида жами 418 та мактабгача таълим ташкилотини қуриш (19 та) ва реконструкция қилиш (399 та) бўйича белгиланган тартибда иш олиб борилмоқда.

Тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича 228 та тиббиёт муассасасида, жумладан, 9 та республика даражасидаги, 43 та вилоят муассасаси, 47 та туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаси, 29 та қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаси, қишлоқ врачлик пункти, 100 та бошқа тиббиёт муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Коронавирус инфекциясига қарши кураш жараёнида турли хайрияларни эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ёрдамга муҳтож қатламига етказиб бериш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази ташкил этилгани, у бугунги кунда самарали фаолият юритаётгани депутатлар томонидан алоҳида эътироф этилди.

Депутатлар Давлат дастурида белгиланган айрим вазифалар ижроси бўйича ҳисоботда етарлича маълумотлар акс этмаганини таъкидлаб, вазирлик-идоралар мутасаддиларидан изоҳ сўради.

Муҳокамалар жараёнида коронавирус билан боғлиқ мураккаб вазият бутун дунё иқтисодиётига, жуда кўплаб соҳалардаги ўсишга жиддий салбий таъсир кўрсатаётгани, Президентимизнинг кўрсатма ва топшириқлари асосида мамлакатимизда умумий вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш учун барча зарурий чоралар кўрилаётгани, Халқ демократик партияси пандемияга қарши кураш бўйича амалга оширилаётган ишларни тўлиқ қўллаб-қувватлаётгани маълум қилинди.

Депутатлар фикр-мулоҳазалари асосида фракция ҳукуматнинг Давлат дастурининг биринчи чоракдаги ижросига оид ҳисоботини маъқуллади.

Шундан кейин йиғилишда бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Хусусан, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан атрофлича муҳокамалар бўлиб ўтди.

Ушбу қонун лойиҳаси “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири сифатида ишлаб чиқилган. Амалдаги қонун 1998 йилда қабул қилинган бўлиб, ундаги кўплаб меъёр ва ҳуқуқий масалалар ҳозирги замон талабларига тўғри келмай қолган. Хусусан, қонунда эркин бозор иқтисодиёти шароитида меҳнатга оид муносабатлар, ўзини ўзи иш билан таъминлаш, илғор хорижий тажрибани кенг жорий этиш масалалари етарлича қамраб олинмаган.

Депутатлар масъул қўмита ва тегишли ишчи гуруҳ қонун лойиҳасини такомиллаштириш устида чуқур таҳлилий иш олиб боргани, амалдаги қонун 35 модда бўлгани ҳолда, янги таҳрир лойиҳасида 120 дан ортиқ модда кўзда тутилаётгани ҳам амалга оширилган ишнинг кўламини кўрсатиб бериши таъкидланди.

Йиғилишда кўриб чиқилган барча қонун лойиҳалари юзасидан таклиф-мулоҳазалар билдирилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.


Кўришлар сони: 225

Депутатлар минбари

Янгиликлар

01.06.2020
Депутатлар Давлат бюджети ижросидан қониқдими?

Ҳисоб палатаси томонидан 2019 йилда бюджет маблағларининг бирламчи тақсимловчилари соҳага ажратилга...

01.06.2020
Давлат бюджетининг ижроси депутатлар муҳокамасида

2020 йил 1 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги...

30.05.2020
Ривожланишимизга нималар тўсиқ бўляпти?

Тадбиркорлар бугунги пандемия шароитида қандай фаолият кўрсатмоқда? Ҳукуматимиз томонидан кичик бизн...

Тадбирлар тақвими