Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Синовларда тобланган донишманд халқ

Синовларда тобланган донишманд халқ

Бугунги кунда биргина коронавирус пандемияси бутун дунёдаги глобализация жараёнларини ҳам, муаммо ва низоларни ҳам бир четга суриб қўйди. У инсониятни яна бир бор чуқур мушоҳада қилишга, ўз идроки ва онгига таяниб иш юритишга чорламоқда. Аслида башарият ўз тамаддунининг турли даврларида бу каби кўплаб хавф--хатарларни бошдан кечирган. Аммо шуниси аниқки, шу чоққача ҳеч бир оммавий таҳдид - башарият тараққиётига тўсқинлик қила олмаган. Аксинча, аждодларимиз ўз ақл-идроки, тафаккури ва сабр–чидами билан турфа ўлат-у ваболарни енгиб, улардан керакли хулоса ва сабоқлар чиқаришган, тажриба орттиришган. Ҳатто, бу синовлар одам зотининг иродасини тоблаб, жамиятнинг янада жипслашишига, қолаверса, тараққиётнинг янги поғонага кўтарилишига ҳам хизмат қилгани - айни ҳақиқат.

Таассуфки, шундай таҳдидлардан бири - бугун дунёнинг деярли барча давлатларида вужудга келган глобал эпидемиологик ҳолат, афсуски, бизнинг юртни ҳам четлаб ўтмади. Аслини олганда, юзага келган воқелик - сайёрамизнинг маълум бир ҳудудида содир бўлган ҳар қандай хавф-хатар шубҳасиз, бошқа минтақаларга ҳам бирдек салбий таъсир этмоғини, санитар-эпидемиологик ва экологик муаммолар умуман чегара билмаслигини бизга яна бир бор исботлади. Шу боис, айни вазиятда дунё ҳамжамияти якдиллик ва бирдамлик билан хавфни бартараф этиши лозимлигини тақозо этади.

Ота-боболаримиз ҳар нарсадан ибрат, ҳар иллатдан ҳам ҳикмат излаб яшашни уқтиришган. Аслида, бугун ер куррасига келган офатдан яхшилик кутиб бўлмайди-ку, аммо бугунги кўрилаётган чора-тадбирлар – жаҳондаги экологик муҳитнинг яхшиланишига ҳисса қўшаётганини ҳам эътироф этмаслик мумкин эмас.

Олимларнинг аниқлашларича, дунё мамлакатлари ўртасида ҳаво ва ер транспорт алоқалари, шунингдек, мамлакатларнинг ичида автомобиль, темир йўл ва авиа транспорти қатнови кескин камайгани натижасида, двигателлардан атмосферага чиқаётган ис газлари миқдори сезиларли даражада камайган. Натижада атмосферанинг кейинги 30-40 йил ичида ҳосил бўлган ифлосланиш даражаси пасаяётгани кузатилмоқда. Қуёшдан Ер сайёрасигача (айниқса, йирик шаҳарларга) авваллари етиб кела олмаётган шифобахш нурлар яна замингача етиб кела бошлади. Яқин бир ой ичида барча хавфли микроблар ва вируслар ҳалок бўлишига умид боғланяпти.

Яна бир ҳолат. Маълумки, очиқ сув ҳавзаларига ташланаётган ифлослантирувчи оқовалар нафақат атроф-муҳитга, балки инсон саломатлигига ҳам салбий таъсир этиб, санитар-эпидемиологик вазиятнинг мушкуллашишига олиб келади. Ҳозирда иқтисодий-ижтимоий унча аҳамиятга эга бўлмаган ифлослантирувчи оқовалар ҳосил қиладиган объектларнинг вақтинча тўхтагани ҳам санитар-эпидемиологик ҳолатнинг барқарорлашишига олиб келади.

Шу пайтгача ифлосланган атмосфера оқибатида коинотдан кўринмаган шаҳарларни кўриш имкони пайдо бўлди, дарё-ю денгизлар тиниқлашиб, асл қиёфасига қайта бошлади. Буларнинг барчаси – ҳар қандай кулфат ортидан шаксиз келадиган некбинликдан бир нишона эмасми...

Юртимизда касалликка қарши амалга оширилаётган тезкор ташкилий, тиббий-санитар, иқтисодий-ижтимоий ва бошқа чоралар – бизда короновирус пандемиясининг нисбатан енгилроқ аснода кечишга замин бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 3 апрель куни коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари халқимизга яна бир бор мурожаат билан чиқиш қилди.

Юртбошимиз мурожаатларини короновирус инфекцияси тарқалиши олдини олиш ҳамда унга қарши курашишда чинакам жасорат ва матонат кўрсатаётган жонкуяр ва олижаноб шифокорларимизга чуқур миннатдорлик билдиришдан бошладилар. Юзага келган вазиятни тўғри тушуниб, ҳукуматни фаол қўллаб-қувватлаётган халқимизга миннатдорлик изҳор этилди.

Шу билан бирга, мурожаатда қанча огоҳлантириш ва тушунтириш ишларига қарамай, жойларда карантин қоидалари бузилаётгани афсус билан айтиб ўтилди. Шу сабаб, бутун халқимиз ҳаётига хавф солаётган бундай номаъқул ишларга нисбатан кескин чоралар кўрилиши таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, коронавирус тарқаб кетмаслиги учун давлат барча чораларни кўриши, аммо шу синовли дамларда ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб ҳаракат қилиши кераклиги, касалликни маҳаллага, уйга, оилага олиб кирмаслик учун, энг аввало, ўзимиз масъул бўлишимиз лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Айтилганидек, айрим давлатларда юқори гигиенага асосланган кундалик турмуш тарзи, миллий урф-одатлар бу касалликни енгишда жуда муҳим омил бўлмоқда. Жумладан, аҳолиси зич, қўшнилари билан савдо алоқалари ўта ривожланган бўлишига қарамасдан, Япония вируснинг кенг тарқалашига йўл қўймади. Мутахассислар “япон феномени”ни улардаги ўзига хос саломлашиш, шахсий масофани сақлаш, тез-тез кийим алмаштириш, юз-қўлни ювиш, тўла ювиниш, тўғри овқатланиш, фаол турмуш тарзи ва спорт каби 13 та қоида ва урф-одатлар сақланиб қолгани билан асосламоқдалар.

Президентимиз таъкидлаганидек, бу бизда ҳам азал-азалдан мавжуд – қўлини кўксига қўйиб саломлашиш, уйга меҳмон келганда қўлга сув қуйиш, жамоат жойларида масофани ушлаш, мева-сабзавотларни кўп истеъмол қилиш каби урфларимизни янада мустаҳкамлашни тақозо этади. Шуларни инобатга олган ҳолда, Юртбошимиз мурожаатида “ ... бу курашда тиббий чоралар билан бирга юксак тафаккур, қатъий интизом, сабр-тоқат ва улкан масъулият кўрсатишимиз лозим. Бу сифатлар бизнинг энг асосий ва энг таъсирчан қуролимизга айланиши шарт”, дея таъкидлаб ўтилди.

Бироқ бу – биздаги хавф-хатар осон енгилади, дегани эмас. Короновирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича Президентимизнинг халқимизга йўллаган мурожаатида фуқаролар яна бир бор огоҳликка чақирилгани бежиз эмас.

Юртбошимиз томонидан мана шундай қийин вазиятда иқтисодиётни, тадбиркорларни фаол қўллаб-қувватлаш учун яна бир муҳим Фармонга имзо чекилди. Қанчалик мураккаб бўлмасин, бюджетдан катта харажатларни талаб этмасин, қўшимча чораларни кўришга қарор қилинди.

         Ушбу Фармонга кўра, карантин даврида айрим тадбиркорлик субъектларига иқтисодий имтиёзлар, асосий истеъмол товарларини импорт қилишда божхона божи ва акциз солиғи ундирилмаслиги белгиланди.

Албатта, жорий этилаётган кенг қамровли амалиёт – ҳаргиз инсон ҳуқуқларини чеклаш ва ­ёхуд камситиш эмас. Аксинча, оиласи, фарзандлари, яқинлари, қолаверса, эл-юрт тинчлиги, ватандошларимиз соғлигини энг юксак қадрият сифатида эъзозлайдиган халқимизнинг тақдири ва келажагини ўйлаб қилинаётган ҳаётий заруратдир.

Бугун ҳар бир фуқаро ўз масъулиятини ҳис этган ҳолда, оддий экологик, санитар-осойишталик, шахсий гигиена талабларига риоя қилиши, хонадонида фарзандлари саломатлиги ва тарбияси билан машғул бўлиши – инфекция тарқалишининг олдини олишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Юртдошларимиз эса, тиббиёт ходимлари тавсияларини сўзсиз бажариши, асло ваҳимага берилмаслиги, хотиржамлик билан, фақатгина расмий манбалардан тарқатилаётган ахборотларга инонишлари талаб этилади, холос. Ҳар биримиз давлат даражасида қабул қилинган карантин тадбирларига қатъий риоя этишда фаоллик кўрсатган ҳолда, фуқаролик бурчимизни адо этайлик!

Ҳурматли юртдошлар, ўзингиз ва оила аъзоларингизни асранг.

УЙДА ҚОЛИНГ!

УНУТМАНГ, БАРЧАМИЗ КЕЛАЖАК УЧУН ЖАВОБГАРМИЗ!

   

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси


Кўришлар сони: 450

Депутатлар минбари

Янгиликлар

01.06.2020
Депутатлар Давлат бюджети ижросидан қониқдими?

Ҳисоб палатаси томонидан 2019 йилда бюджет маблағларининг бирламчи тақсимловчилари соҳага ажратилга...

01.06.2020
Давлат бюджетининг ижроси депутатлар муҳокамасида

2020 йил 1 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги...

30.05.2020
Ривожланишимизга нималар тўсиқ бўляпти?

Тадбиркорлар бугунги пандемия шароитида қандай фаолият кўрсатмоқда? Ҳукуматимиз томонидан кичик бизн...

Тадбирлар тақвими