Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Давлат дастури лойиҳаси — фракция аъзолари эътиборида

Давлат дастури лойиҳаси — фракция аъзолари эътиборида

Жамиятда ўз ўрнини, сайловчилар ишончини қозонишни истаган партия ўз электорати манфаатлари учун хизмат қиладиган ғоялар, таклифларни илгари суриши лозим. Жорий йилнинг 17 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси ва Ижроия Қўмитасининг навбатдаги қўшма йиғилиши шу мақсадда ташкил этилди.

Йиғилишда Ҳаракатлар стратегиясининг “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, 2020 йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди ва бу жараёнда халқимиз фаол иштирок этмоқда.

Фракция аъзолари томонидан эътироф этилганидек, Давлат дастури лойиҳасида партия илгари сурган бир қатор дастурий ва халқчил ғоялар киритилган. Жумладан, прописка тизимини ислоҳ қилиш, судларда прокурор иштирокини такомиллаштириш, йўл ҳаракати қоидаларини қонун даражасига чиқариш, олий таълимга қабул квоталарини кенгайтириш, “Электрон парламент” тизими жорий этиш, илм-фан соҳасини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш каби ғоялар шулар жумласидандир. Депутатлар ушбу масалалар сайловолди учрашувларида халқимизни анча йиллардан бери қийнаб келаётган муаммолар эканлигига гувоҳ бўлишганини таъкидлашди.

Лойиҳада Қонунчилик палатаси ва депутатлар ваколатларини кенгайтириш, парламент ва депутатлик назоратини такомиллаштириш, ҳар бир қонун халқ томонидан баҳолаш тизими жорий этилиши, фракцияларнинг сиёсий фаоллигини ошириш каби устувор вазифалар белгиланганлиги депутатлар зиммасига масъулият юклаши таъкидланди.

Депутатлар томонидан электорат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда Давлат дастури лойиҳасига умумий ўрта таълимининг дарсликларини сифатли ишлаб чиқиш, уларни апробация қилиш бўйича ягона институтини шакллантириш, муниципал уй-жойлар қуриш дастурини ишлаб чиқиш, “дори воситаларининг ягона электрон базаси”ни яратиш, коррупцияга қарши курашишга жамоатчиликни, фуқароларни рағбатлантириш механизмини жорий этиш орқали кенг жалб этиш каби бир қатор таклифлар билдирилди. Мазкур таклифларни мутасадди органга тақдим этиш бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Шундан сўнг, депутатлар Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2019 йилдаги фаолиятига оид ҳисоботини кўриб чиқишди.

Ҳисоботда таъкидланганидек, 2019 йилда Омбудсман фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари кенгайтирилди. Хусусан, “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Омбудсман ҳузурида миллий превентив механизм институти жорий этилди. Унга мувофиқ, Вакил қамоқда сақлаш жойларига мунтазам кириб туриш орқали қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича чоралар кўради.

Шунингдек, 2019 йилда Омбудсман томонидан ҳудудларда жойлашган 20 та жазони ижро этиш муассасасида ва 6 та тергов ҳибсхонасида ўрганишлар амалга оширилди. Ушбу тадбирлар доирасида қамоқда сақланаётган шахсларни сақлаш шароитлари, улар билан муомалада бўлиш тартиби, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва маънавий-маърифий ишларни олиб бориш масалалари кўриб чиқилган.

Йиғилишда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ қонун ҳужжатлари ҳамда амалиётини янада такомиллаштириш бўйича Вакилнинг тавсия ва таклифларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, прокуратура, ички ишлар ва давлат хавфсизлик хизмати тизимидаги тергов идораларини бирлаштириш ҳамда ягона тергов органини ташкил этиш бўйича берилган таклифни депутатлар қўллаб-қувватлашди.

Шунингдек, жазони ижро этиш муассасалари фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш ва уни Ички ишлар вазирлигидан Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказиш ёки алоҳида мувофиқлаштирувчи орган ташкил этиш таклифи халқаро амалиётга мос эканлиги эътироф этилди.

Якунда фракция томонидан Омбудсман фаолиятининг баъзи йўналишлари бўйича билдирилган таклиф ва тавсиялари қўллаб-қувватланди.

Шунингдек, суд-ҳуқуқ, ижтимоий-иқтисодий соҳалар бўйича бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди ва фракция аъзолари партиянинг позициясидан келиб чиқиб, ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.


Кўришлар сони: 656

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2020
Депутатлар ўз сайловчиларига мурожаат билан чиқди

Инсоният тараққиётнинг ҳозирги кунига қадар жаҳоншумул ютуқларга эришди. Уларни бирма-бир санаш муш...

07.04.2020
Депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

Гап шундаки, мамлакатимизда кейинги пайтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўлларда...

07.04.2020
Экотуризмни ривожлантириш — муҳим вазифа

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг...

Тадбирлар тақвими