Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Фракцияда Омбудсман ҳисоботи танқидий кўриб чиқилди

Фракцияда Омбудсман ҳисоботи танқидий кўриб чиқилди

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсман) 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди. Шунингдек, Қонунчилик палатаси навбатдаги мажлиси кун тартибига киритилиши режалаштирилаётган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) У. Муҳаммадиев инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунлар ва ташкилий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномалари ижроси устидан мониторинг йўналишларида амалга оширилган ишлар ҳақида атрофлича ахборот берди.


Омбудсман ҳисоботида келтирилганидек, реабилитация марказларида яратилган шароитлар у ерда сақланаётган шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситади, бу эса “Ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказлари тўғрисида”ги низом талабларига зиддир.

2019 йилда шахсий ҳуқуқ ва эркинликларни амалга ошириш масаласи бўйича Омбудсман манзилига 4 895 та мурожаат келиб тушган. Шундан 4 175 таси шикоят, 709 таси ариза ва 11 таси таклифни ташкил этади. Парламент назорати субъекти сифатида Омбудсман томонидан 924 та шикоят назоратга олиниб кўриб чиқилган ва уларнинг 286 таси ижобий ечимини топган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) номига фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ мурожаатлари ҳам алоҳида тартибда ўрганиб чиқилмоқда. Парламент назорати субъекти сифатида Вакил томонидан 779 та шикоят назорат тартибида кўриб чиқилган ва улардан 247 таси ўзининг ижобий ечимини топган.


Фракция аъзолари Омбудсман институтининг бугунги ислоҳотлар даврида янада долзарб аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиб чиқиш ва узил-кесил ҳал қилиш бўйича амалий ишларни кўпайтириш лозимлигига эътибор қаратишди. Хусусан, айрим йўналишлардаги мурожаатларга ечим топиш кўрсаткичи фоизларга ҳисобланганда ҳам натижалар қониқарли эмаслиги қайд этилди.

Омбудсман инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатлари ҳамда тегишли амалиётни янада такомиллаштириш бўйича тавсия ва таклифларини ҳам берди. Хусусан, прокуратура, ички ишлар ва давлат хавфсизлик хизмати тизимидаги тергов идораларини бирлаштириш ҳамда ягона тергов органини ташкил этиш, жазони ижро этиш муассасалари фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш ва уни Ички ишлар вазирлигидан Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказиш ёки алоҳида мувофиқлаштирувчи орган ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилди.

Шунингдек, йиғилишда “Меҳнат миграцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Фракция аъзолари айнан ушбу таклиф партия Сайловолди дастурида илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар билан мувофиқ келишини таъкидлаб, бу борада хорижий ҳамда халқаро тажрибани пухта ўрганиш, чет элларда ишлаётган юртдошларимиз ҳуқуқ ҳамда манфаатлари ҳимояси билан боғлиқ масалаларни тўлиқ назарда тутиш муҳимлиги қайд этилди.

Атрофлича муҳокамалардан сўнг, Омбудсман фаолияти тўғрисидаги ҳисобот маъқулланди.

Йиғилишда депутатлар томонидан бир қатор қонун лойиҳалари ҳам муҳокама қилинди.

Хусусан, “Бола ҳуқуқлари кафолатларининг янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳаси кўриб чиқилди. Фракция аъзолари партия ғоялари ва Сайловолди дастуридан келиб чиқиб, биринчи ўқиш жараёнида билдирган таҳририй таклиф инобатга олингани таъкидлаб ўтилди.


“Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексини тасдиқлаш ҳақида”ги (янги таҳрир) қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Айниқса, депутатлар юртимиздаги жадал қурилиш жараёнларида шаҳарсозлик қоидаларига риоя қилиш, бу жараёнда жамоатчилик назорати йўлга қўйилишига ҳуқуқий шароит яратиш масалаларига эътибор қаратди. Шаҳарларда қурилиш ишларини амалга оширишда тадбиркорларнинг тор манфаатларинигина эмас, шаҳарнинг яхлит қиёфаси, ҳамма учун қулайлиги масалаларига эътибор бериш кераклиги таъкидланди.

Шу билан бирга, депутатлар Шаҳарсозлик кодексига юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарарнинг ўрни қопланишини назарда тутадиган меъёр киритилаётганини қўллаб-қувватлашларини билдирди.

Фракция йиғилишида “Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси Уставини (Гаага, 1951 йил 31 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама этилди.

Ҳозирги кунда ташкилотга 82 та давлат, шу жумладан, Европа Иттифоқи аъзо саналади. МДҲ давлатлари орасидан эса конференцияда Арманистон, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон республикалари ҳамда Россия Федерацияси иштирок этади.

Мазкур ташкилотга аъзо бўлиш  чет элда яшовчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, мамлакатнинг халқаро ҳамжамиятга янада интеграциялашувини чуқурлаштиришга кўмаклашиш, халқаро фуқаролик, оилавий ва тижорат ҳуқуқининг ривожланиш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқ соҳасида замонавий стандартларни тадбиқ этишни тезлаштириш имконини беради.

Якунда кун тартибига киритилган қонун лойиҳалари бўйича фракция позицияси белгиланди ва шу асосда тегишли қарорлар қабул қилинди.

 


Кўришлар сони: 937

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.05.2020
Ичимлик суви таъминотига бўлган эҳтиёж ошмоқда

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари ҳисоботни кўриб чиқишда ижобий натижаларни эътироф...

26.05.2020
Фракция аъзоларининг эътирозларига нима сабаб бўлди?

Шунингдек, 2019 йилда 1,6 трлн. сўм миқдоридаги маблағ 992 та нодавлат мактабгача таълим муассасаларини...

26.05.2020
Қайси вилоятда ишсизлик даражаси юқори?

Таъкидланганидек, 2019 йил ҳолатига, аҳоли умумий даромадлари 344,7 трлн. сўмни ташкил этиб,...

Тадбирлар тақвими