Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Қонун лойиҳаларига фракция аъзолари томонидан эътироз билдирилди

Қонун лойиҳаларига фракция аъзолари томонидан эътироз билдирилди

Жорий йил 17 февраль куни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Қонунчилик палатаси мажлиси муҳокамасига киритилиш режалаштирилаётган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Фракция раҳбари Алишер Қодиров олиб борган йиғилишда дастлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсман) 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Қайд этилганидек, ўтган йилда Вакил номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва Омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан жами 12 822 та (2018 йилда — 10 832 та) мурожаат қабул қилинди.


Ҳудудлар кесимида энг кўп мурожаат Тошкент шаҳри аҳолисидан юборилди — 2 705 та. Бу кўрсаткич Тошкент вилоятида 1 348 тани, Қашқадарё вилоятида 1 162 тани, Сурхондарё вилоятида 1 015 тани, Самарқанд вилоятида 865 тани ва энг кам мурожаатлар Қорақалпоғистон Республикасида 368 тани, Сирдарё вилоятида 260 тани ташкил этди.

Парламент назорати субъекти сифатида Омбудсман томонидан 924 та шикоят назоратга олиниб, кўриб чиқилди ва уларнинг 286 таси ижобий ечимини топган.

Йиғилиш кун тартибидаги “Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексини тасдиқлаш ҳақида”ги янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси ҳам атрофлича кўриб чиқилди.

Депутатлар кодекс янги таҳрирда бўлишига қарамай унда аввалги кўринишдаги кодекснинг нормалари сақланиб қолаётганлиги ҳамда ҳозирги шаҳарсозликдаги аҳолининг реал муаммоларига ечим бўлувчи моддалар акс эттирилмаганлигини таъкидладилар. Шунингдек, ушбу ҳужжат устида янада чуқурроқ ишланиши кераклиги ҳамда ҳамкор ташкилотлар ва жамоатчилик билан кенг муҳокама этиб таклифлар олиниши зарурлиги айтиб ўтилди. Бу борада фракция ишчи гуруҳи тузилиб ҳудудларда ўрганишлар ўтказиши ва якуний хулосалар билдириши қайд этилиб, қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибидан чиқариш бўйича таклиф берди.


Йиғилишда “Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам қизғин муҳокама этилди.

Қонун лойиҳасида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар давлат эгалигида бўлгани сингари юридик ва жисмоний шахслар эгалигида ҳам бўлиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган. Лекин, улардан фойдаланишнинг тавсифи ва хусусияти ҳисобга олинганда, кўпроқ қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар давлат томонидан тартибга солиниши кўзда тутилган. Бу жараёнга қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик ва бошқа буюмлар ишлаб чиқарилишини лицензиялаштириш, аффинаж фаолиятини лицензиялаштириш, асиллик назоратини амалга ошириш йўли билан қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар муомаласига давлат назоратини ўрнатиш киради.


Фракция аъзолари мазкур ҳужжат тадбиркорлик субъектлари учун кўпроқ эркинлик ва имкониятлар берувчи қонун бўлиши кераклигини таъкидлаб, лойиҳани соҳа-мутахассислари билан биргаликда буткул қайтадан ишлаб чиқиш лозим, дея фикр билдиришди. Хусусан, қонун лойиҳасида белгиланган асосий тушунчаларда номувофиқлар мавжудлиги сабабли уларнинг миқдорини қисқартириш, баъзиларини чиқариб ташлаш ҳамда бир нечтасини алоҳида моддада кўрсатиб ўтиш таклифи берилди. Қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан қўллаб қувватланмади ва Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибидан чиқариш бўйича таклиф берди.

Фракция йиғилишида бошқа қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди. Барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

 


Кўришлар сони: 560

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2020
Депутатлар ўз сайловчиларига мурожаат билан чиқди

Инсоният тараққиётнинг ҳозирги кунига қадар жаҳоншумул ютуқларга эришди. Уларни бирма-бир санаш муш...

07.04.2020
Депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

Гап шундаки, мамлакатимизда кейинги пайтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўлларда...

07.04.2020
Экотуризмни ривожлантириш — муҳим вазифа

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг...

Тадбирлар тақвими