Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

ХДП фракцияси аъзолари бир қатор таклиф берди

ХДП фракцияси аъзолари бир қатор таклиф берди

2020 йил 11 февраль куни парламент қуйи палатасидаги Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Депутатлар томонидан “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимча киритишни назарда тутадиган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳасининг 6-моддаси корпоратив ва инфратузилма облигацияларини чиқариш шартлари, деб номланади. Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади. Давлат иштироки 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган ташкилотлар инфратузилма облигацияларини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда чиқаради. Қонун лойиҳасига ушбу янги меъёрлар таклиф этиляпти. Лекин бу тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунлар қабул қилиниши шарт, деган тамойилга зиддир. Чунки таклиф этилаётган иккила бандда ҳам ҳавола норма кўзда тутиляпти, дейишди фракция аъзолари.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини назарда тутувчи қонун лойиҳаси ҳам депутатлар томонидан қизғин муҳокама этилди.


Мазкур қонун лойиҳаси Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” асосида ишлаб чиқилган. Унда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини иккиламчи ижарага бериш, шунингдек, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларида мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда, ер участкасини вақтинча фойдаланиш учун бериш шаклини амалиётга жорий қилиш масалалари назарда тутилган.

Бу борадаги ўзгартиш ва қўшимчалар мамлакатимизда ерга оид муносабатларни эркинлаштиришда, тадбиркорлик, деҳқончилик ва боғдорчилик ишлари учун қулай шароит яратишга хизмат қилади. Шуларни ҳисобга олиб фракция аъзолари қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади.

Шундан сўнг депутатлар “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.

Айтиш керакки, ҳозирда инновацион фаолият билан боғлиқ муносабатлар, хусусан, унинг натижаларини трансфер қилиш ва тижоратлаштириш механизмларини, илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш, саноатда ўзлаштиришни тартибга солувчи қонун ҳужжати мавжуд эмас. Ваҳоланки, Ўзбекистон фаол инвестициялар, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йўлида кенг кўламли ислоҳотларни бошлаган. Шунинг учун янгидан қабул қилиниши кутилаётган қонун инновацион фаолиятни ривожлантиришга, янгича ғоя ва ташаббусларга катта имкониятлар яратишга, турли чигал вазиятларга самарали ечим топишга йўл очиши керак. Фракция аъзолари қонун лойиҳасини, аввало, ана шу нуқтаи назардан кўриб чиқди.


Депутатлар томонидан қонун лойиҳасининг тилини соддалаштириш, инновацион фаолият билан боғлиқ муносабатларни аниқ-равшан акс эттириш лозимлиги, иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида бу масалага алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

“Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Жиноят кодексининг 186 прим 3-моддасида сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш ёки дори воситаларини дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш тартибини бузиш бўйича жавобгарлик назарда тутилган. Эндиликда ушбу моддага рецепт бўйича дори воситаларини чакана реализация қилиш тартибини бузиш юзасидан ҳам жавобгарликни қўшиш таклиф этиляпти.

Мазмунан шунга ўхшаш қўшимча Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 165 прим 1 моддасига ҳам таклиф қилинган.

Қонун лойиҳасига кўра, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган моддалар мавжуд дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Фракция аъзолари кейинги йилларда кучли таъсир қилувчи дори воситалари билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатлар кўпайиб бораётганини ҳисобга олиб, Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларни маъқуллади. Шу билан бирга, бу масалада кенг жамоатчилик ўртасида тушунтириш ишларини кучайтириш, аҳолининг хабардорлик даражасини ошириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

“Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам қизғин муҳокама этилди.

Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кам учрайдиган (орфан) ва бошқа ирсий-генетик касалликларга чалинган болаларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори асосида ишлаб чиқилган.

Президентнинг тегишли қарорида кам учрайдиган (орфан) касалликларни даволашда ишлатиладиган тиббий буюмлар импорти давлат рўйхатидан ўтказилмасдан амалга оширилишини назарда тутувчи қатъий норма киритиш вазифаси белгиланган.

Фракция аъзолари тақдим этилаётган қонун лойиҳасининг 24-моддасига “орфан дори воситалари ва тиббий буюмлари, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги буюртмаси асосида импорт қилинадиган ўта хавфли касалликлар профилактикасида қўлланиладиган дори воситалари ва уларнинг “in vitro” ташхиси тиббий буюмларини импорт қилиш давлат рўйхатидан ўтказилмасдан амалга оширилади” деган қатъий меъёр киритишни таклиф этдилар.

Йиғилиш якунида кун тартибига киритилган қонун лойиҳалари бўйича фракция позицияси белгиланди ва шу асосда тегишли қарорлар қабул қилинди.


Кўришлар сони: 223

Депутатлар минбари

Янгиликлар

28.02.2020
Жарқўрғондаги сайловчилар депутатга қандай талаблар қўйди?

Ҳаёт шиддат билан ўзгариб бораяпти ва олдимизга янгидан- янги вазифаларни қўймоқда. Бунда энг асосийси...

28.02.2020
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутаталари Тожикистонда бўладиган парламент сайловларини кузатишади

Шу кунларда МДҲнинг Парламентлараро Ассамблеяси халқаро кузатувчилари координатори, Олий Мажлис ...

28.02.2020
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси вакили ТуркПА семинарида иштирок этмоқда

Парламентлараро ҳамкорлик, депутатларнинг нуфузли халқаро анжуманлардаги иштироки ва уларда кўтарилаётан...

Тадбирлар тақвими