Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

“Адолат” СДП фракцияси: фаолиятда амалий ишлар устувор бўлади

“Адолат” СДП фракцияси: фаолиятда амалий ишлар устувор бўлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кенг жамоатчилик ҳамда халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотган Олий Мажлисга Мурожаатномаси шу кунларда давлат ва жамоат ташкилотларида, таълим муассасаларида, маҳаллаларда чуқур ўрганилиб, ундан келиб чиқадиган вазифалар белгилаб олинмоқда.

2020 йил 30 январь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг кенгайтирилган йиғилиши ҳам ушбу Мурожаатномада белгиланган устувор йўналишлар ижросини таъминлашда партия ҳамда фракция олдида турган муҳим вазифалар муҳокамасига бағишланди.

Тадбирда таъкидланганидек, Мурожаатномада белгиланган бир қатор устувор вазифа ва уларнинг ижросини таъминлашда фракция, партия ҳамда унинг ҳар бир аъзоси зиммасига улкан масъулият юкланади. Ҳар бир депутат ўзининг йиллик “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиши, унда партиянинг сайловолди дастурида белгиланган вазифаларнинг тўлиқ бажарилишига асосий эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, олий таълимга қабул квоталарини доимий равишда ошириб бориш, кириш имтиҳонларини соддалаштириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, тадбиркорлар учун бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, дориларнинг электрон реестрини яратиш, ўқитувчи ва шифокор мақомини янада мустаҳкамлаш, уларнинг ойлик иш ҳақини ошириш, коррупцияга қарши курашиш каби партия сайловолди дастурида кўтарилган ғоя-ташаббусларга ҳамоҳанг ташаббуслар янграгани фаоллар ва депутатларга алоҳида масъулият ҳам юклайди. Ушбу вазифаларнинг бекаму кўст бажарилиши, ижросини назорат қилиш бўйича фракция ва жойлардаги маҳаллий кенгаш депутатларидан алоҳида жонбозлик талаб этилади.

Шунингдек, депутатлар партия сайловолди дастуридан ўрин олган “пропискадан ўтиш” тизимига янгича ёндашиш, фуқароларимизнинг ўз хоҳиш-истагидан келиб чиқиб, доимий яшаш жойини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминловчи ҳуқуқий асосни босқичма-босқич такомиллаштириб бориш масаласига давлат раҳбари томонидан ҳам эътибор қаратилгани мазкур муаммони бартараф этиш бўйича фаолликни янада оширишига туртки беради.

Мурожаатномада белгиланган устувор вазифалар ижроси доирасида ишлаб чиқиладиган қонун лойиҳаларини қабул қилишнинг барча босқичларида фаол иштирок этиш, уларни жойларда кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш ҳамда шу орқали партиянинг аниқ, қатъий позициясини шакллантириш лозимлиги билдирилди. Қонун ижодкорлиги фаолиятида илмий-инновацион омилни кенг жорий этиш муҳим вазифа этиб белгиланди. Албатта, жорий йилга “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб ном берилиши мамлакатимиз сиёсий майдонида бир неча йиллардан буён ижтимоий соҳалар, хусусан, илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш соҳаларида инновацияларни жорий этиш каби илғор ғояларни илгари суриб келаётган партиямиз ва унинг барча даражадаги депутатлик гуруҳларидан алоҳида фаолликни талаб этади.

Йиғилишда фаоллар ва депутатлар дастурий мақсадлардан келиб чиқиб, партия лойиҳалари доирасида Давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга оширишда таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди. Айниқса, дори-дармонларнинг ягона электрон базасини яратиш ва шу орқали уларнинг ноқонуний айланиши, олий таълим билан қамраб олинганлик даражасини ошириш бўйича механизмлар яратиш, болалар стоматологик касалликлари профилактикаси ҳолатини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилади. Бундан ташқари, ҳудудларнинг ривожланиши учун жалб этилаётган инвестициялар юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назорати ўрнатиш, олий таълим муассасаларида тузилган Жамоатчилик кенгашлари фаолияти устидан тизимли мониторингни юритиш ҳамда уларнинг фаолиятига кўмаклашиш каби долзарб вазифаларни амалга ошириш режалаштирилган.

Қайд этилганидек, Мурожаатномада коррупцияга қарши курашиш мамлакатимизнинг навбатдаги ислоҳотлар даврининг энг асосий йўналишларидан бирига айланади. Бу курашга масъул этиб аввалгидек турли идоралар ёки жамоатчилик асосидаги комиссиялар эмас, алоҳида, кучли орган белгиланди. Парламент олдига ҳам соҳага оид қонунчилик базасини такомиллаштириш вазифаси қўйилди.

Бу борада Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг ҳам ўз таклифлари ва дастурий йўналишлари белгиланди. Маълумки, мазкур иллат билан курашишда қайсидир давлат органи ёки бирор-бир қонун билан керакли натижага эришиб бўлмайди. Бунда энг асосий восита, ечим сифатида курашга кенг жамоатчиликни, фуқароларимизни, халқимизни фаол жалб қилиш лозим бўлади. Бунинг учун, аввало, мазкур масалаларни қонунчиликда акс эттириш керак.

Депутатлар ва партия фаоллари юқоридаги масалалар юзасидан фақат қарор қабул қилиш эмас, балки унинг амалда ижроси таъминланишини қатъий назоратга олиш, бу жараёнда бевосита иштирок этишга келишиб олдилар.


Кўришлар сони: 647

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2020
Депутатлар ўз сайловчиларига мурожаат билан чиқди

Инсоният тараққиётнинг ҳозирги кунига қадар жаҳоншумул ютуқларга эришди. Уларни бирма-бир санаш муш...

07.04.2020
Депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

Гап шундаки, мамлакатимизда кейинги пайтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўлларда...

07.04.2020
Экотуризмни ривожлантириш — муҳим вазифа

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг...

Тадбирлар тақвими