Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Соддалаштирилган тартибдаги нотариал ҳаракатлар жорий этилади

Соддалаштирилган тартибдаги нотариал ҳаракатлар жорий этилади

2019 йил 7 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда дастлаб, мамлакат бюджети шакллантирилишига хизмат қилувчи ва барча фуқаролар учун муҳим аҳамият касб этадиган “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва кўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, ушбу лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлашда “Адолат” СДП фракцияси депутатлари ҳам фаол иштирок этди. Муҳокамаларда депутатлар иқтисодиётга солиқ юкининг даражасини камайтириш, солиқ солишни соддалаштириш, солиқларни тўлайдиган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги солиқ юки даражасидаги номутаносибликларни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Қонун лойиҳасини маромига етказиш жараёнида фракция аъзолари томонидан қатор таклифлар илгари сурилди ва уларнинг аксарияти лойиҳада ўз аксини топди. Хусусан, солиқ тўловчилар томонидан ортиқча сарсонгарличиликнинг олдини олиш мақсадида солиқ қарздорлигини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ваколатини фақат Давлат солиқ қўмитасига эмас, балки ҳудудий солиқ идораларига ҳам бериш масаласи илгари сурилди.

Қонун лойиҳаси орқали Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси доирасида соддалаштирилган солиқ тизимига ўтиш мезонлари қайта кўриб чиқилди.

Депутатлар таклифи асосида солиқ имтиёзлари барча учун баробар бўлиши принципи лойиҳада қатъий белгилаб қўйилди. Имтиёзнинг барча учун тенг бўлиши бу – ижтимоий адолат тамойилларига мосдир. Айрим тоифаларга солиқ имтиёзлари берилиши бу бошқа солиқ тўловчиларнинг норозилик кайфиятини келтириб чиқаради ва яширин иқтисоднинг юзага келишига сабаб бўлади.

Шу билан бирга, фракция депутатлари берилаётган имтиёзларнинг самарадорлигини мониторинг ва назорат қилиш бўйича таъсирчан тизим яратиш таклифини ҳам илгари сурдилар.

Қизғин муҳокамалардан сўнг фракция аъзолари “Адолат” СДПнинг дастурий мақсадлари нуқтаи назаридан келиб чиқиб, ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар ҳамда қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда маъқуладилар.

Йиғилишда “Нотариат тизимининг тубдан ислоҳ қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Депутатлар томонидан таъкидланганидек, бугунунги кунда давлат нотариал идоралари аҳолига тез ва сифатли хизмат кўрсатишда турли ноқулайликлар ва хизматлар кўрсатишда навбатлар вужудга келиши натижасида турли коррупцион ҳаракатлар учрамоқда. Шунингдек, нотариал ҳаракатлар сони ортиб бораётган бир шароитда давлат нотариал идораларига қўшимча штат бирликларини жорий этиш жараёнининг мураккаблиги мурожаат этувчилар томонидан турли эътирозларга сабаб бўлмоқда. Шу жиҳатдан, илғор хорижий тажриба жисмоний ва юридик шахсларнинг низоларнинг олдини олиш функциясини бажарувчи нотариатнинг фаол нодавлат моделига бўлган эҳтиёж ортиб бораётганини инобатга олиб, мазкур лойиҳа ишлаб чиқилгани фракция депутатлари томонидан диққатга молик иш сифатида баҳоланди.

Фракция аъзолари эътироф этганидек, ушбу лойиҳа фуқароларга бир қатор қулайликлар яратади. Шу мақсадда қонун лойиҳаси орқали давлат нотариал идораларини босқичма-босқич нотариатнинг нодавлат шаклига ўтказиш белгиланмоқда. Айниқса, лойиҳа билан мамлакатимизда янги ташкилот – Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатасининг ташкил этилаётгани ва унинг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари белгиланаётганини депутатлар томонидан ушбу соҳадаги янги давр, дея баҳоланди.

Ушбу лойиҳа билан айрим турдаги битимларни мажбурий нотариал тасдиқлаш тартибини бекор қилиш, соддалаштирилган тартибдаги янги турдаги нотариал ҳаракатларни жорий этиш, масофадан туриб, шу жумладан, видеоконференцалоқа орқали нотариал ҳаракатлар амалга ошириш ҳамда нотариусга электрон мурожаат қилиш механизмини такомиллаштириш амалиёти яратилади. Бу орқали фуқароларга тезкор нотариал хизматлар кўрсатиш ва уларга қулайликлар яратишга эришилади.

Фракция депутатлари томонидан таъкидланганидек, хорижий давлатларда жисмоний ва юридик шахслар хизмат кўрсатишда нотариатнинг фаол нодавлат модели истеъмолчиларнинг талаблари доирасида тез ўзгара олиш қобилиятига эга. Шунга кўра, нотариат институти низоларни олдини олиш воситаси сифатида такомиллаштириш давлат хизматларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришнинг асосий омили бўлиб ҳисобланади.

Шунингдек, йиғилишда яна бир қатор бошқа қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилиб, фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 1100

Депутатлар минбари

Тадбирлар тақвими