Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

“Адолат” СДП фракцияси ҳар бир фуқарога дахлдор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар

“Адолат” СДП фракцияси ҳар бир фуқарога дахлдор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар

2019 йил 26 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда парламент қуйи палатаси мажлиси кун тартибига киритилган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Йиғилишда дастлаб, барча фуқароларнинг ҳаётида муҳим аҳамият касб этадиган “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва кўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Фракция депутатлари томонидан эътироф этилганидек, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасида солиқ қонунчилиги нормалари қўлланилиши соддалаштирилди. Интизомли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилмоқда. Айниқса, соҳада замонавий ахборот коммуникация технологиялари кенг жорий этилаётгани фуқароларга қулайликлар яратиши билан муҳим аҳамият касб этмоқда.

Лойиҳанинг тўғридан-тўғри ишлаши ва амалиёт билан уйғунлигини таъминлаш мақсадида алоҳида солиқ солиш тартибларини бекор қилиш белгиланмоқда. Хусусан, бозорлар учун, гастроль-концерт фаолияти билан шуғулланувчи шахслар, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилар шулар жумласидан бўлиб, улар жисмоний шахс бўлса, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ва юридик шахс бўлса, умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказилади.

Депутатлар томонидан таъкидланганидек, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасида нафақат солиқ тўловчилар, балки, солиқ органларининг ҳам ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларнинг жавобгарлиги кучайтирилган ҳолда, аниқ ва равшан ифодаланган. Шунингдек, назорат таомиллари соддалаштирилган бўлиб, солиқ текширувлари турлари 13 дан 3 тургача қисқартирилган. Бу нафақат фуқароларга, балки соҳа ходимларига ҳам қулайликлар яратади.

Йиғилишда депутатлар амалдаги Солиқ кодексидан фарқли равишда солиқ органлари жавобгарлиги кучайтирилиб, солиқ аудити натижасида ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқни қайтариш механизми киритилаётганига алоҳида эътибор қаратдилар. Жумладан, юқори турувчи орган ёки суд қарорига асосан, қуйи солиқ идораларининг солиқ аудит текширувлари бўйича қарори бекор қилинган тақдирда, ундирилган маблағлар ундирилган даврдаги Марказий банк қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган фоизлар билан қайтариб бериш белгиланмоқда. Шунингдек, солиқ органи томонидан ўз вақтида қайтарилмаган солиқ суммасининг ҳар бир муддати ўтган куни учун солиқ тўловчига пеня тўланиши белгилаб қўйилаётгани адолатли солиқ сиёсати дея баҳоланди.

Аҳамиятлиси, қонун лойиҳасида хизматларни экспорт қилувчилар қулай солиқ режимини яратиш ҳамда икки томонлама солиққа тортиш ҳолларининг олдини олиш мақсадида хизмат кўрсатиш жойи масаласига аниқлик киритилмоқда. Шу билан бирга, хизматларни экспорт қилувчилар экспортга қилинган хизматларидан қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС)ни қайтариб олиш имкони яратилмоқда.

Депутатлар томонидан лойиҳа орқали давлат мулкини сотишга ёки ижарага беришга ҚҚСнинг киритилаётгани бу хусусий сектор билан рақобат муҳитини таъминлашга хизмат қилади, дея баҳоланди.

Қонун лойиҳаси орқали Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси доирасида соддалаштирилган солиқ тизимига ўтиш мезонлари қайта кўриб чиқилди ҳамда умумбелгиланган ва соддалаштирилган солиқ тизимлари орасида солиқ юкининг яқинлаштирилишига эришилмоқда.

Фракция депутатлари янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳаси солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари, халқаро ва маҳаллий аудиторлик компаниялари экспертлари, хорижий экспертлар ва консультантлар билан муҳокама қилинган ҳолда ишлаб чиқилгани унинг ҳаётийлигини таъминлашга хизмат қилишини эътироф этдилар.

Қизғин муҳокамалардан сўнг фракция аъзолари “Адолат” СДПнинг дастурий мақсадлари нуқтаи назаридан келиб чиқиб, ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар ҳамда қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуладилар.

Йиғилишда шунингдек, “Давлат божи тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳаси давлат божини ундириш масалаларини белгилайдиган 38 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ўзида жамлаган бўлиб, тўғридан-тўғри таъсир кучига эга. Шу билан бирга, унда давлат божини ҳисоблаб чиқариш, тўлаш ва қайтариш тартиби ҳамда давлат божининг миқдорлари назарда тутилмоқда.

Хорижий илғор амалиётни ўрганиш натижалари бўйича, юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик ёки бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ва мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун ундириладиган давлат божи Солиқ кодексининг янги таҳририни ишлаб чиқишда уни тартибга солиш предметидан чиқарилиб, алоҳида қонун лойиҳасига ўтказилди.

Шунингдек, ушбу лойиҳа орқали Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат божлари, йиғимлари ва бошқа мажбурий тўловлар фақат миллий валютада ундирилиши белгиланмоқда.

Фракция депутатлари эътироф этганидек, давлат божининг аниқ миқдорлари қонун даражасида белгиланиши мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлини оширишга, давлат божини тўланишидаги холисликни таъминлашга, энг муҳими, ставкалар миқдорларининг асоссиз оширилишининг олдини олиш имконини беради.

Йиғилишда кун тартибидаги шу каби бошқа қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилиб, мазкур масалалар юзасидан “Адолат” СДП фракциясининг позицияси шакллантирилди ҳамда тегишли қарорлари қабул қилинди.


Кўришлар сони: 116

Депутатлар минбари

Янгиликлар

11.12.2019
Ўзбекистон — Япония: алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди

Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад Ўзбекистон — Япония ўртасидаги парламентлараро ва маданий-гуманитар...

09.12.2019
ДЕПУТАТЛАР УЗОҚ МУҲОКАМАЛАРДАН СЎНГ ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ СОЛИҚ КОДЕКСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИЛАР

Мажлисида депутатлар эътиборига иккинчи ўқишда ҳавола этилиб, муҳокама марказида бўлган долзарб ...

09.12.2019
Махсус иқтисодий зона иштирокчиларига ҚҚСдан енгилликлар белгиланмоқда

2019 йил 9 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Махсус...

Тадбирлар тақвими