Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Мамлакат бош молиявий ҳужжат лойиҳаси “Адолат” СДП фракцияси муҳокамасида

Мамлакат бош молиявий ҳужжат лойиҳаси “Адолат” СДП фракцияси муҳокамасида

2019 йил 11 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Депутатлар, мутасадди вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, партия фаоллари иштирок этган йиғилишда “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг барчаси мамлакат тараққиётига хизмат қилиш билан бирга, иқтисодий барқарорлигимизни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Бу каби ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишда фаол иштирок этиб келаётган “Адолат” СДП фракцияси 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, бюджет маълумотларининг очиқлигини, шаффофлигини янада ошириш, бюджет маблағларининг шаклланиши, сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш ишларида ҳам ўз фаоллигини кўрсатмоқда.

Хусусан, фракция аъзолари Олий Мажлис қуйи палатасига киритилган 2020 йилга мўлжалланган Бюджет лойиҳасини дастлабки кўриб чиқишга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Бунда дастлаб фракция депутатларидан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, бюджет лойиҳасини кўриб чиқишда “Адолат” СДП ғояларидан келиб чиққан ҳолда, ижтимоий соҳага эътибор қаратиш белгилаб олинди.

Депутатлар томонидан эътироф этилганидек, бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётининг тармоқларини ислоҳ қилиш доирасида иқтисодий ва молиявий статистика маълумотларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, бюджет жараёни очиқлигини таъминлаш, солиқ юкини камайтиришнинг янги механизмларини жорий этиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

Айниқса, жорий йилдан давлат бош молиявий ҳужжати — Бюджетномани тасдиқлашда янги амалиёт ҳаётга татбиқ этилмоқда. Яъни, бюджет қонун тарзида тасдиқланмоқда. Шу мақсадда, “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Ушбу лойиҳанинг асосий предмети 2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси параметрлари бўйича маълумотларни халқаро стандартларга мувофиқ тайёрланиши ва белгиланишидан иборатдир.

Таъкидланганидек, 2020 йилги Давлат бюджети харажатлари
131,1 трлн. сўмни (ЯИМга нисбатан 20,1 фоиз) ёки 2019 йилги тасдиқланган параметрга нисбатан 24,2 фоизга ўсиши прогноз қилиниб, бу алоҳида соҳалар ривожига мақсадли харажатларни ошириш йўли билан иқтисодий ўсишни рағбатлантиришни таъминлайди. Шунингдек, 2020 йилги консолидациялашган бюджет харажатлари 162,4 трлн. сўмни ёки ЯИМга нисбатан 24,8 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

Йиғилишда, фракция депутатларидан иборат ишчи гуруҳ фикрича,
2020 йилда ҳам аввалги йиллар сингари Давлат бюджетида ижтимоий харажатларнинг устуворлиги сақлаб қолиш ва ижтимоий соҳага йўналтириладиган маблағларга алоҳида эътибор қаратиш, маблағларнинг самарали сарфланишида ҳам муайян тизим яратиш зарур бўлади. Бу қонун лойиҳасининг халқчиллигини ва ижтимоий йўналтирилганлигини таъминлашга хизмат қилади.

Муҳокамаларда узлуксиз таълим ягона тизимининг муҳим бўғини ҳисобланадиган мактабгача, ўрта ва олий таълим муассасаларини молиялаштиришда Давлат бош ислоҳотчи тамойилини сақлаб қолиш лозимлиги ва бу соҳалар ривожини таъминлашда уларга йўналтирилаётган маблағларни босқичма-босқич ошириб борилишини кўриб чиқиш ҳам фракция депутатлари диққат марказида бўлди. Хусусан, 2020 йилда Давлат бюджетининг жами таълим соҳаси харажатлари 30,1 трлн. сўм миқдорида ёки жами харажатларнинг 22,9 фоизини ёки 2019 йилги тасдиқланган параметрларга нисбатан ўсиш 20,0 фоизни ташкил қилиши кутилаётгани ушбу соҳаларда тизимли ислоҳотлар олиб боришга асос яратиши айтиб ўтилди.

Фракция депутатлари ушбу йўналишда, айниқса, мактабгача таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилаётгани, ҳозирги кунда Давлат бюджетидан мактабгача таълим муассасаларини сақлаш харажатлари ўтган йилларга нисбатан 2 баравардан ортиқ маблағлар ажратилаётганини қайд этдилар. Бу, ўз навбатида, болаларнинг мактабгача таълимга қамрови даражасини оширишга хизмат қилади, янгидан-янги боғчалар қурилишига имкон яратади.

Шунингдек, йиғилишда депутатлар томонидан бош молиявий ҳужжат лойиҳасида соғлиқни сақлаш тизимига ҳам катта эътибор қаратиш масаласи кўтарилди. Бунда 2020 йилда соғлиқни сақлаш соҳаси харажатлари 14, 8 трлн. сўмни ёки 2019 йилги тасдиқланган параметрларга нисбатан
33,6 фоизга ошган ҳолда, жами харажатларнинг 11,3 фоизини, ЯИМнинг эса,
2,3 фоизини ташкил этаётгани таъкидланди. Депутатлар 2020 йил учун тиббиёт соҳасига ажратилиши таклиф этилаётган маблағларнинг аниқ мақсадли сарфланишига эътибор қаратиш зарурлиги таклифини илгари суришди.

Фракция аъзолари томонидан ушбу ҳужжатларни кўриб чиқишда барча депутатлар масъулият билан ёндашиши, соҳа мутахассислари билан ҳар бир масала бўйича кенг қамровли муҳокамалар ташкил қилиб, ишлаш зарурлиги ҳам таъкидланди. Чунки, бу ҳужжат мамлакатда 2020 йилда амалга ошириладиган ислоҳотларни таъминлашда асосий бош молиявий ҳужжатдир.

Йиғилишда муҳокама этилган шу ва бошқа масалалар бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиқадиган фракция таклифлари ва муносабати билдирилди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.


Кўришлар сони: 602

Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.01.2020
Гулшана ХУДОЁРОВА: Президентнинг таълим-тарбияга ғамхўрлиги замирида катта ҳикмат бор

Бугунги Мурожаатномада кўтарилган энг устувор ғоя ҳам барча соҳалардаги ўзгариш ва янгиланишлар,...

22.01.2020
Депутатлар Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқдилар

Парламентнинг ҳозирги ривожланиш босқичида давлатимиз раҳбарининг тавсиялари билан амалиётга жорий...

22.01.2020
Фракция Ҳукумат аъзолигига номзодларни маъқуллади(ми?)

Депутатлар кун тартибидаги масала юзасидан ўз муносабатларини билдириб ўтишди. Номзодларнинг ҳаётий...

Тадбирлар тақвими