Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Экоҳаракат депутатлари гуруҳининг хулосаси қандай?

Экоҳаракат депутатлари гуруҳининг хулосаси қандай?

2019 йилнинг 8 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлари гуруҳининг Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Раёсатининг Олий Мажлисга йўллаган Ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш юзасидан мурожаатномаси муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, ушбу Мурожаатнома келиб тушган кундаёқ унда келтирилган таклифларни муҳокама қилиш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Спикер бошчилигида сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари, қўмиталар раислари ва депутатлар иштирокида йиғилиш ўтказилиб, Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилди. Ишчи гуруҳлари жойларга чиқиб, дон корхоналари, фермерлар ҳамда истеъмолчилар билан бевосита учрашиб, халқимизнинг фикр-мулоҳазаларини олган ҳолда, ҳақиқий вазиятни ҳар томонлама ўрганиб чиқди.

Иштирокчилар томонидан ўтган йиллар мобайнида қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларини жорий этиш, мулкдорлар синфини шакллантириш ҳамда уларнинг мустақиллигини таъминлаш бўйича босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётгани қайд этилди.

Фермер ва деҳқон хўжаликларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда етакчи кучга айлантириш мақсадида, уларнинг самарали фаолиятини йўлга қўйиш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш, кластер усулида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш, фермер ва деҳқонларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг бир қатор Фармон ва қарорлари қабул қилинди.

Юртбошимиз ташаббуслари билан жорий йилда бир тонна ғалланинг харид нархи 1 млн. 200 минг сўм миқдорида белгиланиши ва ҳосилдорликдан келиб чиқиб, 25 фоизгача устама ҳақ тўланиши туфайли республика бўйича 31059 та фермер хўжалигига 688 млрд. 545 млн. сўм устама ҳисобланди.

Бир сўз билан айтганда, фермер хўжаликларининг моддий манфаатдорлиги ошиб, ҳосилдорлик ўсди ва фермерлар биринчи марта
ўз меҳнати самарасини кўрдилар. Ўртача ҳосилдорлик гектарига 65 центнерни ташкил этди.

Тадбирда таъкидландики, ҳақиқатдан ҳам бугунги кунда фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган ғалла бозор нархларига нисбатан паст нархларда харид қилинмоқда. Бунинг оқибатида, фермер хўжаликларининг ҳосилдорликни ошириш, қўшимча даромад олиш учун ўз маблағларини йўналтириш ва ғалла етиштириш ҳажмини кўпайтиришга манфаатдорлиги пасайиб, харажатлар фақат давлат томонидан ажратилган имтиёзли кредитлар доирасида амалга оширилмоқда.

Шу билан биргаликда, дон корхоналарининг республикамиздаги ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларидан 702 млрд. сўм миқдордаги қарздорлиги вужудга келган. Бу қарздорлик ўз вақтида бартараф этилмаётгани натижасида фермер хўжаликлари томонидан белгиланган агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш имкониятлари чекланиб, иқтисодий қийин ҳолатга тушиб қолаётгани қайд қилинди.

Муҳокамалар давомида депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан таъкидлаб ўтилганидек, фермер хўжаликлари томонидан етиштирган ғалла бозор нархларида харид қилинса, бу уларга кучли рағбатлантирувчи омил бўлади. Фермер хўжаликларининг ғалла етиштиришдан манфаатдорлиги ошиб, ички бозорда ҳам маҳсулотнинг таклифи кўпаяди ҳамда уни барқарор мўътадил нархларда сотилиши таъминланиб, фермер хўжаликларининг, донни қайта ишловчи корхоналарнинг зарарга ишлашига чек қўйилади.

Муҳокамалар якунига кўра, Экоҳаракат депутатлари гуруҳи Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Раёсатининг мурожаатномасида фермер хўжаликларининг ғалла етиштиришдан моддий манфаатдорлигини ошириш, уларнинг ўз меҳнатига яраша даромад олиши, шу орқали уларнинг ғалла етиштириш ҳажмларини кўпайтиришга қизиқиши ортишини таъминлаш мақсадида киритган таклифларини қўллаб-қувватлашини билдирди.


Кўришлар сони: 260

Депутатлар минбари

Янгиликлар

14.11.2019
Қонунчилик палатаси Спикери АҚШ элчиси билан учрашди

2019 йил 14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон...

14.11.2019
Фракциялар аъзолари нима дейди?

— Вазирлар Маҳкамаси томонидан парламентга тақдим этилган “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг...

Тадбирлар тақвими