Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Тиббиёт ходимларига тажовуз қилган шахслар қонун билан жазоланади

Тиббиёт ходимларига тажовуз қилган шахслар қонун билан жазоланади

2019 йил 8 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар дастлаб жорий йилнинг 2 октябрь куни Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан Олий Мажлисга келиб тушган ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш тўғрисидаги Мурожаатномани кўриб чиқдилар.

Таъкидланганидек, ушбу Мурожаатномадаги таклифларни ҳар томонлама ўрганиш мақсадида парламент қуйи палатасида тузилган ишчи гуруҳлари таркибида “Адолат” СДП фракцияси аъзолари ҳам жорий йилнинг 3-6 октябрь кунлари ҳудудларда ўрганишлар олиб борди. Мурожаатномада кўтарилган масалалар ва таклифлар бевосита жойига чиқиб, дон корхоналари, фермерлар ҳамда аҳоли билан бевосита учрашган ҳолда батафсил ўрганилди.

Ўрганишларда ҳудудларда соҳани ривожлантиришга қаратилган қатор ижобий ишлар билан бирга, ечимини кутаётган муаммолар ҳам борлиги маълум бўлди. Дон, ун ва нонни сотишга, шунингдек, донни қайта ишлаш тармоғига нисбатан бозор механизмларининг мавжуд эмаслиги соҳанинг рақобатбардошлигини ошириш имконини бермаяпти.

Айниқса, йиллар давомида аҳолини арзон ун ва нон билан таъминлаш масаласи ғалла етиштириш, уни қайта ишлашнинг қатъиян бошқарилиши ҳамда фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган ғалланинг бозор нархларига нисбатан паст баҳоларда харид қилиш тамойиллари асосида ҳал қилинаётгани айрим эътирозларга ҳам сабаб бўлмоқда.

Депутатлар қайд этишича, баъзи фермер хўжаликларининг ғалла етиштиришдан моддий манфаатдорлигини ошириш, уларнинг ўз меҳнатига яраша даромад олиши, шу орқали ғалла етиштириш ҳажмларини кўпайтиришга уларнинг қизиқиши ортишини таъминлаш бугунги кунда соҳадаги энг муҳим масала ҳисобланади.

Фракция аъзолари қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан етиштириладиган дон, ун, қолипли нон ва бошқа маҳсулотларни сотиш, сотиб олиш, шунингдек, ушбу маҳсулотларга нарх белгилашнинг амалдаги механизмини қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлашди. Фақатгина ушбу жараёнга шошма-шошарлик билан эмас, босқичма-босқич тарзда ўтиш ва юзага келиши мумкин бўлган барча хавф-хатарларни эътиборга олиш лозимлиги қайд этилди. Шундагина ғаллага харид нархи белгилаш амалиётидан воз кечиб, бозорда шаклланган талаб ва таклиф асосида эркин нархларда сотиш тизимини яратишни таъминлаш масаласини кўриб чиқиш мумкин. Бунинг учун соҳада ривожланган давлатларнинг ижобий тажрибасини ҳар томонлама таҳлил қилган ҳолда ўрганиш мақсадга мувофиқдир.

Айниқса, ушбу механизмни амалиётга жорий этишда дон, ун ва нон маҳсулотлари нархлари эркинлаштирилиши натижасида аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларини қўшимча харажатлар билан таъминлаш чоралари кўриш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Бундан ташқари, фракция йиғилишида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси депутатлари томонидан ишлаб чиқилган “Тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ касбий фаолиятини амалга ошираётган тиббиёт ходимларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, қонун лойиҳасида ўз хизмат вазифасини олиб бораётган тиббиёт ходимларига тажовуз қилган шахсларга нисбатан амалдаги қонун ҳужжатларига маъмурий ва жиноий жавобгарликни кучайтиришга қаратилган нормалар киритилмоқда. Чунки “Адолат” социал-демократик партияси электорати ҳисобланган тиббиёт ходимларининг касбий мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилиш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказишга уриниш ҳолатлари айниқса кейинги пайтларда кўпайиб бормоқда.

Депутатлар томонидан таъкидланганидек, Ички ишлар, Мажбурий ижро бюроси ёки бошқа давлат ҳокимияти органлари ходимларига тажовуз қилган шахс жавобгарликка тортилганида унга нисбатан оғирроқ жазо чоралари қўлланилмоқда. Халқимиз саломатлиги йўлида ўз хизмат вазифаларини бажараётган тиббиёт ходимларига тажовуз қилган шахсларга эса, нисбатан енгилроқ жазо чоралари белгиланмоқда.

Шунингдек, лойиҳада ўз хизмат вазифасини олиб бораётган тиббиёт ходимига нисбатан тажовуз қилиш ва бундай вазифани амалга оширмаётган шифокорларга тажовуз қилишнинг фарқланишини ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, лойиҳага тиббиёт ходимларига нисбатан тажовуз қилишга қарши профилактик чораларни кўриш мақсадида киритилаётган нормалар ҳуқуқбузарнинг ўзи томонидан ҳам, бошқа шахслар томонидан ҳам шу каби ҳолатлар содир этилишининг олдини олишга йўналтирилган.

Бу каби тамойиллар “Адолат” СДП мақсад ва ғояларига мосдир. Жумладан, соғлиқни сақлаш ходимларининг касбий фаолият олиб боришлари учун етарли шароитлар яратиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш орқали сифатли тиббий хизмат кўрсатилишига эришиш партиянинг устувор вазифасидир.

Қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланди.

Йиғилишда муҳокама этилган бошқа масалалар бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиқадиган фракция таклифлари ва муносабати билдирилди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.


Кўришлар сони: 271

Депутатлар минбари

Янгиликлар

14.11.2019
Қонунчилик палатаси Спикери АҚШ элчиси билан учрашди

2019 йил 14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон...

14.11.2019
Фракциялар аъзолари нима дейди?

— Вазирлар Маҳкамаси томонидан парламентга тақдим этилган “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг...

Тадбирлар тақвими