Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

ЎзХДП фракцияси қандай таклифларини илгари сурди?

ЎзХДП фракцияси қандай таклифларини  илгари сурди?

2019 йил 8 октябрь куни парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фракция аъзолари, Молия вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги масъул ходимлари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакиллари, соҳа мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Дастлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, мазкур фракция аъзоси Турсунпўлат Норбоев кун тартибидаги биринчи масала — фермер хўжаликларини иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва ғалла маҳсулотлари етиштиришнинг самарадорлигини ошириш тўғрисида маълумот бериб ўтди.

Таъкидлаш жоиз, яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Раёсати ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш юзасидан Мурожаатнома йўллади. Унда йиллар давомида аҳолини арзон ун ва нон билан таъминлаш масаласи ғалла етиштириш, уни қайта ишлашнинг давлат томонидан қатъиян бошқарилиши фермер хўжаликларининг ҳосилдорликни ошириш, ғалла етиштириш ҳажмини кўпайтиришга қизиқишини пасайтириб, харажатларни фақат давлат томонидан ажратилган имтиёзли кредитлар доирасида амалга ошириб, қўшимча даромад олиш учун ўз маблағларини йўналтиришдан манфаатдорлиги бўлмагани алоҳида қайд этилган.

Таъкидланганидек, ғалла харид нархлари бозор нархларига яқинлаштирилган шароитда, бир қатор дон корхоналари фермер хўжаликларидан қабул қилган ғалла учун ҳисоб-китобни якунига етказа олишмаяпти. Бунинг сабабини дон корхоналари буғдойни бозор нархида харид қилиб, қайта ишлашдан тайёрланган уннинг 1 килоси учун 1400 сўмдан, яъни Ҳукумат томонидан белгилаб қўйилган қатъий нархда сотиши билан изоҳлашяпти. Дон корхоналари зарар кўраётгани сабабли, фермерлар билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қила олмаяпти.

Шуларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Раёсати фермерларни янада қўллаб-қувватлашда парламентдан амалий ёрдам сўраган.

Мурожаатнома келиб тушган кундан эътиборан у Ўзбекистон ХДП фракциясида кенг муҳокама қилинди ҳамда ҳақиқий аҳволни ўрганиш мақсадида парламент қуйи палатасида тузилган ишчи гуруҳи таркибида фракция аъзолари ҳам фаол иштирок этди. Депутатларнинг аҳоли, фермерлар ва соҳага оид мутахассислар билан ўтказган учрашувларида мазкур масала билан боғлиқ бир қатор муаммолар кўтарилган. Хусусан, жойларда фермерлар билан ўтказилган учрашувларда дон корхоналарида ун маҳсулотларини ишлаб чиқаришга бозор иқтисодиёти механизмлари йўлга қўйилмагани маълум бўлди. Бу эса, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчиларда ҳақли эътирозларни келтириб чиқармоқда. Масалан, Бухоро вилоятидаги “Когондонмаҳсулотлари” АЖда 50 килограмм ун 87,5 минг сўмдан сотилмоқда. Лекин вилоятнинг Когон туманидаги хусусий дўконларда шунча ун нархи 121-125 минг сўмдан, Қоровулбозор туманида эса, 130-135 минг сўмдан сотилмоқда.

Фракция аъзоси Шуҳрат Турсунбоевнинг таъкидлашича, Тошкент вилоятида январь-август ойларида 31 039,9 минг долларлик ун маҳсулотлар импорт қилинган бўлиб, асосан Қозоғистондан олиб келинган. Импорт қилинган олий навли уннинг бир килограмми учун Бўка тумани бозоридаги чакана нарх 3 500 сўмни ташкил этса, Паркент, Тошкент туманларида 3000 сўм, Ангрен шаҳрида 5 000 сўм, Чирчиқ шаҳрида 4000 сўмни ташкил этмоқда.

Шунингдек, бир дона қолипли нон 600 грамм бўлиши ва унинг нархи 1 200 сўм этиб белгиланган бўлса-да, жойларда ўтказилган ўрганишлар давомида бир дона қолипли нон 450-500 граммда, белгиланганидан юқори нархда сотилаётгани аниқланди. Хусусан, Бухоро вилоятида 500 граммли қолипли нон 1200-1500 сўмдан, Қоракўл ва Олот туманларида эса, 1 750 сўмдан пулланмоқда.

Қайд этилганидек, “Ўздонмаҳсулот” АЖ компанияси томонидан шу кунга қадар ҳудудлардаги кўплаб фермер хўжаликлари билан ҳисоб-китоб ишлари вақтида амалга оширилмаган. Бу каби омиллар ҳудуддаги учрашувларда ҳам аниқланди. Масалан, Бухоро вилоятида жорий йил ҳосилидан давлатга етказиб берилган бошоқли дон бўйича якуний ҳисоб-китоблар 2 430 та фермер хўжалигида якунига етказилмаган. Вилоятда давлатга етказиб берилган дон бўйича фермер хўжаликларига тўланмаган маблағ 50 млрд. 129 млн. сўмни ташкил қилмоқда.

Шундан келиб чиқиб, ЎзХДП фракция аъзолари жойлардаги ушбу вазиятга ўз муносабатини билдирди. Депутатларнинг қайд этишича, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида давлат томонидан ун ва нон маҳсулотлари арзон нархда етказиб берилиши белгиланган бўлса-да, ижтимой ҳимояланган аҳоли қатламига ҳар доим ҳам ун маҳсулотлари ўз вақтида етказиб берилмаяпти. Бу каби омиллар партия электорати манфаатларига зиддир.

Фракция аъзоларининг таъкидлашича, фермер хўжаликларида ғалла етиштириш учун талаб этиладиган ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ва бошқа ресурсларни етказиб беришни бозор механизмларига ўтказиш орқали ушбу тизимни тубдан такомиллаштириш мақсадга мувофиқ. Ғалла, ун ва ноннинг нархи эркинлаштирилиши жараёнида Вазирлар Маҳкамаси томонидан аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларини ҳимоялашга қаратилган зарур чораларни кўриш масаласига алоҳида эътибор қаратилиши лозим.

Тадбирда соҳада ривожланган давлатларнинг ижобий тажрибасини ҳар томонлама таҳлил қилган ҳолда, мамлакатимизда ғаллага харид нархи белгилаш амалиётидан босқичма-босқич воз кечиб, бозорда шаклланган талаб ва таклиф асосида эркин нархларда сотиш тизимини яратиш кераклиги алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, йиғилишда бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Биологик хилмахиллик тўғрисидаги Конвенциясининг биохавфсизлик бўйича Картахен протоколига (Монреаль, 2000 йил 29 январь) қўшилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама этилди.

Фракция аъзоси Аксауле Тумишованинг таъкидлашича, ушбу протоколнинг қабул қилиниши атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазифаларини ҳисобга олган ҳолда, гени модификацияланган организмлар (ГМО) ва уларни қайта ишлаш маҳсулотларидан фойдаланиш масалаларини халқаро тартибга солиш учун муҳим қадам ҳисобланади ва атроф-муҳитга ҳамда инсон саломатлигига эҳтимолий хавфни минималлаштиришга имкон беради. Шу жиҳатдан олиб қаралса, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши замонавий биотехнология маҳсулотларини фойдаланишдан келиб чиқиши мумкин бўлган хавфнинг олдини олишга ва маҳаллий маҳсулотлар экспорт номенклатурасининг кенгайтирилишига хизмат қилади.

Йиғилишда “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 2111-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 2111-моддасига қўшилган қиймат солиғи ставкасини 20 фоиздан 15 фоизга пастайтиришни назарда тутувчи ўзгартиш киритилмоқда.

ЎзХДП фракцияси аъзоларининг қайд этишича, таклиф этилаётган қонуннинг қабул қилиниши жойларда ишлаб чиқаришни ривожлантириш, ишбилармонларга солиқ юкини пасайтиришга ҳамда рақобатбардошликни янада ривожлантиришга кўмаклашади. Натижада, иш ўринлари кенгайиб, аҳоли фаровонлиги юксалади. Бу, албатта, партия электорати манфаатларига ҳамоҳангдир.

Йиғилишда кўриб чиқилган масалалар бўйича фракция позицияси белгилаб олинди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.


Кўришлар сони: 116

Депутатлар минбари

Янгиликлар

14.10.2019
Парламентлараро иттифоқнинг 141-Ассамблеясида Ўзбекистон делегацияси иштирок этяпти

Унда парламент аъзолари томонидан гендер тенгликни яхшилаш, ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, депутатларнинг...

14.10.2019
Давлат бюджети парламент томонидан қонун асосида қабул қилинади

Айни кунларда парламент қуйи палатасида бир қатор қонун лойиҳалари маромига етказилмоқда. Хусусан,...

14.10.2019
Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда давлат тили қоидаларига амал қилинадими?

Жамиятдаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга соладиган омил бу қонунлардир. Шундай экан, ...

Тадбирлар тақвими