Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Тадбиркорлик субъектларини янада ривожлантиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама этилди

Тадбиркорлик субъектларини янада ривожлантиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама этилди

2019 йил 8 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган бир қатор масалалар кўриб чиқилди.

Дастлаб, фракция аъзолари Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Тўлқин Эшназаровнинг “Фермер хўжаликларини иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва ғалла маҳсулотлари етиштиришнинг самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги ахборотини тингладилар.

Таъкидланганидек, ўтган ҳафтада Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг Раёсати мамлакат парламентига ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш юзасидан Мурожаатнома йўллади.

Мурожаатномада қайд этилишича, ўтган йиллар давомида ғалла етиштириш ва уни қайта ишлаш давлат томонидан қатъий бошқарилган, фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган ғалла бозор нархларига нисбатан паст нархларда харид қилиб келинган. Бунинг оқибатида эса, фермер хўжаликларининг ҳосилдорликни ошириш ва ғалла етиштириш ҳажмини кўпайтиришга қизиқиши пасайган, фермерлар ва деҳқон хўжаликларининг манфаатдорлиги ошмаган. Шу билан бирга, арзон уннинг катта қисми амалда аҳолининг тегишли қатламларига етиб бормасдан, бозор нархларида сотиб келинган. Бу, ўз навбатида, донни қайта ишлаш корхоналарида ва савдо ташкилотларида суиистеъмол қилиш ҳолатлари, яъни фермер, ишлаб чиқарувчи, истеъмол қилувчи ўртасидаги мавжуд муносабатларда коррупцияни келтириб чиқариши мумкин бўлган омиллар юзага келган.

– Куни кеча ушбу масала Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари вакиллари иштирокида ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, 52 нафар депутатдан иборат ишчи гуруҳи жойларга чиқиб, ҳақиқий ҳолатни ўрганиб қайтдик, – дейди ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси, ишчи гуруҳ раҳбари Ойбек Эгамов. – Бундан ташқари, Қонунчилик палатасининг тегишли қўмиталарида мутахассис ва олимлар иштирокида фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчиларнинг ғалла етиштиришдан моддий манфаатдорлигини ошириш, шунингдек, соҳада иқтисодий муносабатларни тўлиқ бозор механизмларига ўтказиш мақсадида ғаллага нисбатан нархларнинг эркинлаштирилиши ва унинг оқибатлари юзасидан тегишли вазирлик ҳамда идораларнинг дастлабки ахборотлари эшитилди. Мурожаатнома атрофлича ўрганилиб, депутатларимиз томонидан оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда кўплаб чиқишлар қилинди.

Йиғилиш давомида депутатлар ушбу соҳада меҳнат қилаётган фермер ва деҳқонларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш, уларнинг ўз меҳнатига яраша даромад олиши, шу орқали уларнинг ғалла етиштириш ҳажмларини кўпайтиришга қизиқиши ортишини таъминлаш ҳамда ғалла етиштириш ҳажмларининг кўпайиши билан бир қаторда, оқибатларига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги, нархларни эркинлаштириш каби масалалар бўйича ўз фикр-мулоҳазасини билдирдилар.

ЎзЛиДеП фракцияси депутатлари Мурожаатномада келтирилган қишлоқ хўжалиги корхоналарига имтиёзли кредитлар ажратиш тизимини янада такомиллаштириш, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ва бошқа ресурсларни етказиб беришни тўлиқ бозор механизмларига ўтказиш орқали ушбу тизимни тубдан такомиллаштириш, ғаллага харид нархи белгилаш амалиётидан босқичма-босқич воз кечиб, бозорда шаклланган талаб ва таклиф асосида эркин нархларда сотиш тизимини яратиш каби масалаларни тўлиқ қўллаб-қувватладилар.

Депутатлар йиғилиш кун тартибидан ўрин олган “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 2111-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида тайёрланган ушбу лойиҳа истеъмол бозорининг барқарорлигини таъминлаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ошириш учун шарт-шароитларни яратиш, шунингдек қўшилган қиймат солиғининг узлуксиз “занжири”ни шакллантиришни назарда тутади.

– Қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш мақсадида Солиқ кодексининг 2111-моддасига қўшилган қиймат солиғи ставкасини 20 фоиздан 15 фоизга пастайтиришни назарда тутувчи ўзгартиш киритилмоқда, бу, ўз навбатида, тадбиркорлик субъектларига солиқ юкини пасайтиришга ҳамда рақобатбардошликни янада ривожлантиришга кўмаклашади, – дейди ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси, қонун ташаббускори Нилуфар Саидаҳметова. – Бу борада бизнинг партиямиз анъанавий бозорларни сақлаш, янгиларини ўзлаштириш, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектлари, фермерлар ва ишбилармонларнинг ташқи иқтисодий фаолиятдаги иштирокини кенгайтириш, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни минтақа ҳамда жаҳон бозорларига чиқаришга қаратилган оқилона, фаол экспорт сиёсатини олиб боришни ўз олдига мақсад қилган.

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоларининг қайд этишича, партия мулкдорлар, тадбиркорлар, фермерлар ҳамда ишбилармонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларининг ишончли ҳимоясини таъминлайдиган қонунчилик меъёрлари, ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштиришга, иқтисодиётнинг рақобатдошлигини оширишга, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш соҳасидаги маъмурий тартиб-таомилларнинг очиқлигини таъминлашга, “яширин иқтисодиёт”га пул маблағларининг банкдан ташқари айланишига барҳам беришга қаратилган солиқ-бюджет сиёсатини амалга ошириш учун ҳаракат қилади.

Йиғилиш давомида депутатлар томонидан кун тартибига киритилган бир қатор қонун лойиҳалари, шунингдек, фракция ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Барча масалалар бўйича ЎзЛиДеП фракциясининг позицияси ишлаб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.


Кўришлар сони: 264

Депутатлар минбари

Янгиликлар

20.11.2019
Давлат бюджети: мунозаралар авж нуқтасига етмоқда

Савол туғилади: нега энди Давлат бюджети қонун сифатида Олий Мажлисда, яъни парламентда қабул қилинади-ю,...

20.11.2019
Депутатлар таклифи инобатга олинди

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қўмиталари, сиёсий партиялар фракциялари, ишчи гуруҳларида...

20.11.2019
Олий таълим муассасаларининг ягона ижтимоий тўлов ставкаси нега 25 фоиз бўлиши керак?

Ҳар қандай қонун лойиҳасини муҳокама қилишдан мақсад — уни такомиллаштириш, соҳадаги масалаларни...

Тадбирлар тақвими