Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоларининг позицияси қандай?

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоларининг позицияси қандай?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда дастлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўрилаётган янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда малакали кадрларга бўлган эҳтиёжнинг кескин ортиши, барча соҳада халқаро ҳамкорликнинг кенгайши таълим тизимини тубдан такомиллаштириш ва таълимни халқаро ҳамжамият билан уйғунлашган ҳолда олиб боришга зарурият туғдирмоқда. Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳасига бир қатор янги моддалар киритилмоқда. Катта ёшдагилар таълими, махсус таълим, инклюзив таълим, якка тарибда педагогик фаолият билан шуғулланиш, давлат – хусусий шериклик, таълим соҳасига инвестицияларни киритиш,  соҳада давлат назорати, таълим муассасаларининг ўзини ўзи баҳолаши, таълим иштирокчиларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги, таълим соҳасида экспериментал ва инновацион фаолият билан боғлиқ йўналишлар шулар жумласидандир.

Шунингдек, лойиҳада таълим олувчиларни таълим олиш ёки педагог кадрларни таълим фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқа ишларга жалб этишнинг тақиқланиши ва бунда раҳбарларнинг жавобгарлиги белгиланмоқда. Таълим соҳасидаги давлат бошқарув органларининг ваколатлари, таълим муассасаларининг фаолияти эркинлиги кенгайтирилмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида жисмоний имконияти чекланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.  ЎзХДП фракцияси мазкур қонун лойиҳасига шундан келиб чиқиб бир қатор таклифларни илгари сурдилар. Муҳокамаларда ногиронлиги бўлган болаларнинг таълим олиши учун шароитларни кенгайтириш, уларни таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш квоталарини кўпайтириш кераклиги алоҳида таъкидланди.

Фракция аъзоларининг қайд этишича, Ўзбекистонда ногирон болалар таълим-тарбиядан тенг баҳраманд бўлиши учун шароитлар яратиш мақсадида инклюзив таълимни ривожлантириш кўзда тутилаяпти. Бу бевосита ушбу қонун лойиҳасига ҳам алоқадор масала бўлиб, унда ногиронлиги бўлган болалар учун инклюзив таълимни янада ривожлантириш бўйича тартиб-қоидалар белгиланиши мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Яна бир муҳим масала, ногиронлиги бор болаларни ривожланишнинг дастлабки босқичларида таълим олишга тенг имкониятлар яратиш бўйича қонунчиликдаги нормаларни мустаҳкамлаш лозимлиги қайд этилди. Масалан, уларнинг аксариятида ногиронликнинг енгил шакллари намоён бўлса-да, махсус таълим муассасалари ва коллежларда ўқишга мажбур бўлишмоқда. Махсус таълим муассасаларида эса, таълим сифати кутилгандек юқори бўлмаяпти. Жисмоний тўсиқлар ва мактабларда ногиронлиги бор болалар учун етарлича қулайликлар мавжуд бўлмагани туфайли улар одатда уйда таълим олишига тўғри келади.

Шу боис ҳам фракция аъзолари Ўзбекистонда ногиронлиги бор болаларнинг умумий таълим тизимида билим олиши учун инклюзив таълимни ривожлантириш кераклигини таъкидладилар. Бу айни пайтда партия электорати манфаатларига тўла мос келади. 

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари ушбу лойиҳани янада такомиллаштириш, халқчил ва тўғридан-тўғри ишлайдиган қонун даражасига етказишга хизмат қиладиган бир қатор таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Бундан ташқари, йиғилишда “Бола ҳуқуқлари кафолатларининг янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва кўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам атрофлича кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси билан Жиноят-процессуал кодексига зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Унга кўра, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи иш юритилаётган даврда исталган вақтда ҳимоячидан воз кечишга ҳақлидир. Бундай воз кечишга фақат гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг ташаббуси билан ва ҳимоячининг ишда иштирок этишига суриштирувчи, терговчи ёки суд томонидан адвокат таклиф этиш орқали таъминланадиган реал имкониятлар мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади. Бунда адвокат ўз ҳимояси остидаги шахс билан холи учрашганидан кейин ҳимоядан воз кечилганини тасдиқлайди.

Вояга етмаган гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёки жабрланувчининг илтимосига кўра, қонунда белгиланган шахслар билан бир қаторда, унинг яқин қариндошларидан бири ёки ўзи ишонадиган бошқа шахс ишда қонуний вакил сифатида иштирок этишига йўл қўйилиши мумкин.

Вояга етмаганнинг қонуний вакили ўзи вакиллик қилаётган шахсга нисбатан ўтказиладиган барча процессуал ҳаракатларда қатнашади.

Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунининг бир қатор моддалари тўлдирилмоқда. Унга кўра, давлат болага нисбатан эксплуатация ва зўравонликнинг барча шаклларини, шунингдек, улар содир этилишига сабаб бўлувчи омиллар ҳамда шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш чораларини кўради. Давлат эксплуатация ва зўравонликка учраган болаларга зарур педагогик, психологик, тиббий, юридик ёрдам кўрсатиш чораларини кўради.

Шунингдек, Жиноят процессининг иштирокчиси ҳисобланган бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатлари ҳам мустаҳкамланмоқда. Ушбу моддага асосан, давлат судга қадар иш юритиш ва суд муҳокамасининг ҳамма босқичларида болаларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган барча процессуал ҳуқуқларига риоя этиш ҳамда улар кафолатларини таъминлаш чораларини кўради. Болага ҳар қандай руҳий ёки жисмоний таъсир ўтказиш, уни кўрсатмалар бериш ёки айбини тан олишга мажбурлаш тақиқланади.

Судга қадар иш юритиш ва суд муҳокамаси жараёнида болаларга нисбатан улар қонуний вакиллари иштирокисиз процессуал ҳаракатлар ўтказиш тақиқланади. Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда вояга етмаганга нисбатан процессуал ҳаракатлар унинг катта ёшдаги яқин қариндоши, педагог ёки бошқа вакили иштирокида ўтказилиши мумкин.

Болалар жиноятчилиги тўғрисидаги ишлар бўйича судга қадар иш юритиш ва суд муҳокамасининг барча босқичларида ҳимоячи иштироки мажбурий ҳисобланади. Бола ва унинг қонуний вакилларининг ҳимоячидан воз кечиши ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади.

Депутатлар бола ҳуқуқлари кафолатларининг мустаҳкамланиши уларнинг ҳимоясини таъминлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар. Бу эса, ЎзХДП дастурий мақсадларига ҳамоҳангдир.

Депутатлар кун тартибидаги қонун лойиҳаларини қизғин муҳокама этдилар. Партия электорати манфаатидан келиб чиқиб, ўз таклифларини баён қилдилар.

Йиғилишда кўриб чиқилган барча қонун лойиҳалари бўйича фракция ўз позициясини белгилаб олди.

Кўришлар сони: 743

Депутатлар минбари

Янгиликлар

11.12.2019
Ўзбекистон — Япония: алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди

Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад Ўзбекистон — Япония ўртасидаги парламентлараро ва маданий-гуманитар...

09.12.2019
ДЕПУТАТЛАР УЗОҚ МУҲОКАМАЛАРДАН СЎНГ ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ СОЛИҚ КОДЕКСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИЛАР

Мажлисида депутатлар эътиборига иккинчи ўқишда ҳавола этилиб, муҳокама марказида бўлган долзарб ...

09.12.2019
Махсус иқтисодий зона иштирокчиларига ҚҚСдан енгилликлар белгиланмоқда

2019 йил 9 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Махсус...

Тадбирлар тақвими