Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

“Адолат” СДП фракцияси ислоҳотларга тўсқинлик қилаётган соҳани маълум қилди

“Адолат” СДП фракцияси ислоҳотларга тўсқинлик қилаётган соҳани маълум қилди

2019 йил 26 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Депутатлар, партия экспертлари ва фаоллари, тегишли вазирлик, идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мазкур йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йил I ярим йилликдаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот кўриб чиқилди.

Ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати томонидан олиб борилган ислоҳотлар натижасида ўтган даврда иқтисодиётни барқарор, мувозанатлаштирилган ҳолда ривожлантириш ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари таъминланди.

Натижада, 2019 йилнинг I ярим йиллик якунига кўра, мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти қарийб 222,0 трлн. сўмни ташкил этган ҳолда, ўтган йилга нисбатан 5,8 фоизга ўсди.

Фракция аъзолари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ижроси муҳокамасида ҳисобот даврида харажатларнинг ижтимоий йўналтирилгани сақлаб қолинганини эътироф этган ҳолда, асосий эътиборни ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ишларга қаратдилар. Хусусан, ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 30 060,9 млрд. сўм ёки умумий харажатларнинг 54,4 фоизи миқдорида маблағ сарфланди.

Ижтимоий харажатларнинг асосий қисмини ёки 54,5 фоизини ташкил этган таълим тизими муассасаларини ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан 16,4 трлн. сўм маблағ ажратилгани депутатлар томонидан ижобий баҳоланди.

Ҳисобот даврида таълим тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, таълим жараёни даражаси ҳамда сифатини такомиллаштиришга қаратилган таълим стандартлари ва дастурларини мукаммаллаштириш, шунингдек, мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий ўқув юртлари ходимларининг нуфузи ва иш ҳақларини ошириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар алоҳида эътироф этилди. Шундан мактабгача таълим муассасалари учун Давлат бюджетидан 2, 2 трлн. сўм яъни, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 баравар кўп маблағ ажратилгани эътироф этилиб, фракция аъзолари бугунги кунда республикамизда мактабгача таълим муассасалари томонидан болаларнинг қамраб олиниши 40,5 фоизни ташкил этаётгани ушбу соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар натижаси эканини айтиб ўтишди.

Бунда алоҳида эътиборни чекка ҳудудларга қаратиш, давлат-хусусий шерикчиликни кучайтириш, мавжуд мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базасини яхшилаш ҳамда сифатли таълим-тарбия бериш орқали мактабларга ҳар томонлама етук, фаол болаларни етказиб бериш таклифи илгари сурилди.

Фракция депутатлари ижтимоий харажатларнинг асосий қисмини ёки 54,5 фоизини ташкил этган таълим тизимига Давлат бюджетидан ажратилган маблағларга алоҳида эътибор қаратди. Бунда ҳисобот даври учун соҳага ажратилган 17,4 трлн. сўм маблағдан 16,3 млрд. сўмлик маблағ сарфлангани ёки белгиланган режа 94 фоизга бажарилганига ҳам эътибор қаратилди.

Депутатлар томонидан таъкидланганидек, ҳудудларда ташрифлар давомида таълимни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни амалга оширишда кўп ҳолларда маблағ етишмаслиги сабабли белгиланган вазифалар бажарилмасдан қолаётган ҳолатлар кўп учрамоқда. Лекин ҳисоботдан кўриш мумкинки, мактабгача таълим, умумтаълим ва кадрлар тайёрлаш тизимига ҳамда таълим муассасаларини моддий-техника базасини мустаҳкамлашга ажратилган бюджет маблағларининг қарийб 1,5 трлн. сўми ўзлаштирилиши таъминланмагани депутатларнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлди.

Шунингдек, фракция йиғилишида соғлиқни сақлаш соҳасига ҳам эътибор қаратилди. Ушбу соҳага Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори 6 630,9 млрд. сўмни ёки ижтимоий харажатларга ажратилган маблағларнинг 22,1 фоизини ташкил этгани ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 58,7 фоизга ўсгани эътироф этилди.

Депутатлар ушбу соҳага ажратилган маблағлар харажати 93,8 фоизга бажарилиб, режага нисбатан 440 млрд. сўмлик маблағлар харажат қилинмай қолганига тўхталиб, маблағларнинг ўзлаштирилмаслик сабаблари ўтган йилги бюджет ижросида ҳам кузатилганини танқидий баҳоладилар.

Бугунги кунда соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни амалга оширишда, хусусан, депутатлар масъуллигида барча ҳудудларда намунавий шаҳар ва туман бирлашмаларини ташкил қилишда кўп ҳолларда маблағ етишмаслиги сабабли ечимини кутиб турган кўплаб муаммолар мавжуд. Шунга қарамасдан, соҳада маблағларнинг тизимли равишда ўз вақтида сарфланмаслик ҳолатлари давом этиб келаётгани масаласини мутасадди вазирликлар томонидан танқидий кўриб чиқиш кераклиги ва сабаблари аниқланиб фракцияга ахборот тақдим этилиши лозимлиги айтиб ўтилди. Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида маблағларни ўзлаштирмаслик ҳолатлари доимий давом этиб келаётгани депутатлар эътирозига сабаб бўлди. Йиғилишида фракция аъзолари ушбу соҳа уларнинг доимий назоратида эканини ҳам таъкидлашди.

Яна бир долзарб масала, депутатларга бугунги кунда аҳолидан, айниқса, қишлоқ аҳолисидан ҳудудлардаги мавжуд автомобиль йўллари ҳолати, яроқсизлиги юзасидан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда ва мавжуд йўлларни таъмирлаш, янгидан қуриш ишлари долзарб масала бўлиб қолмоқда.

Шундан келиб чиқиб, ҳисобот даврида автомобиль йўлларини таъмирлаш, янгидан қуриш ишларига давлат бюджетидан ажратилган маблағлар харажати 78,9 фоизга бажарилиб, режага нисбатан 591,9 млрд. сўмлик маблағлар харажат қилинмасдан қолган. Депутатлар ушбу масалада ҳам мутасаддилардан изоҳ талаб қилиб, давлат бюджетидан ажратилган тайёр маблағларнинг ўз вақтида сарфланмаслик ҳолати, олиб борилаётган ислоҳотларга тўсқинлик дея баҳолашди.

Қизғин муҳокамалардан сўнг фракция аъзолари “Адолат” СДПнинг дастурий мақсадлари нуқтаи назаридан келиб чиқиб, ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар ҳамда ҳисобот давридаги Давлат бюджетининг ижросини маъқулладилар.


Кўришлар сони: 621

Депутатлар минбари

Янгиликлар

14.11.2019
Қонунчилик палатаси Спикери АҚШ элчиси билан учрашди

2019 йил 14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон...

14.11.2019
Фракциялар аъзолари нима дейди?

— Вазирлар Маҳкамаси томонидан парламентга тақдим этилган “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг...

Тадбирлар тақвими