Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари Давлат бюджети ижросини қандай баҳолайди?

ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари Давлат бюджети ижросини қандай баҳолайди?

2019 йил 26 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йил I ярим йилликдаги ижроси тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.

Ахборотда қайд этилганидек, 2019 йилнинг I ярмида Давлат бюджети даромадлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 52,9 фоизга ўсиб, белгиланган режа 108,9 фоизга бажарилди, унинг ялпи ички маҳсулодаги улуши эса, 22,8 фоизни ташкил қилди. Мамлакат ЯИМ қарийб 222,0 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 5,8 фоизга ўсди. Хусусан, тармоқлар таркибида қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигининг улуши 27,3 фоиздан 24,3 фоизга камайган бўлса, саноатнинг улуши 27,1 фоиздан 30,3 фоизга, қурилиш улуши 7,3 фоиздан 7,6 фоизга ўсди. Аҳоли умумий даромадлари 153,3 трлн. сўмни ташкил этди ва 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 121,7 фоиз номинал ўсишига эришилди.

– Ўтган даврда 85,8 трлн. сўм асосий капиталга инвестициялар ўзлаштирилиб, уларнинг 70 фоизи жалб этилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилган бўлса, корхона, ташкилот ва аҳолининг ўз маблағлари ҳисобидан 30 фоиз молиялаштирилди. Бунда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан салкам 60 фоизга ўсиш қайд этилгани диққатга моликдир, – дейди ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Муродулла ТУРСУНОВ. — Жорий йилда 604 та лойиҳани амалга ошириш орқали 9,1 млрд. АҚШ доллари ҳажмида инвестиция маблағларининг 3,5 млрд. АҚШ доллари ўзлаштирилди, бунда ижтимоий соҳа, туризм, фармацевтика соҳаларига 63,2 млн., қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасига 203,5 млн. доллар миқдорида инвестиция маблағлари жалб қилинди. Республика бўйича 1779 та янги корхона ишга туширилиб, уларни жалб қилган ҳолда 605 млн. АҚШ доллари қийматидаги экспорт маҳсулотлари чиқарилди. Импорт таркибида энг катта улуш машина ва асбоб-ускуналар, кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ҳисобига тўғри келди.

ЎзЛиДеП фракцияси йиғилиши давомида марказлаштирилган инвестицияларни молиялаштириш харажатларига Давлат бюджети жами харажатларининг 5,6 фоизи сарфланиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 бараварга ортгани таъкидлаб ўтилди. Давлат бюджетининг марказлашган капитал қўйилмалари ҳисобидан мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, хусусан, ҳудудий аҳамиятдаги инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш, давлат бошқаруви органлари, сув хўжалиги, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳамда мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, автомобиль йўллари, кўприклар ва йўл ўтказгичлар қуриш ҳамда реконструкция қилиш, ижтимоий соҳа, ичимлик сув ва оқава сув тармоқлари ишлари шулар жумласидандир.

— Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг янгиланган талқини ишга туширилиши ўз самарасини бермоқда, — дейди ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Cоҳибжон ИСМОИЛОВ. — Бугунги кунда порталга 141 та давлат хизмати жорий қилинган бўлиб, шулардан 50 таси инсон қатнашувисиз амалга оширилади. Шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан ушбу хизматлардан фойдаланиш учун 7,1 млн. дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш борасида 43,7 мингдан ортиқ якка тартибдаги тадбиркорлар мустақил тарзда, 333,3 минг якка тартибдаги тадбиркорлар давлат хизматлари марказларида рўйхатдан ўтказилди. Тадбиркорлик субъектларига энг оммабоп учта — товарларни электрон декларациялаш, Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарлар ва транспорт воситаларини автомобиль транспортида олиб ўтишда юк ташувчилар томонидан Давлат божхона хизмати органларига олдиндан электрон маълумот тақдим этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига темирйўл транспорт воситаси орқали олиб кирилаётган юк ҳақида маълумот олиш каби давлат хизматлари кўрсатилмоқда.

Йиғилиш давомида депутатлар томонидан бир қатор масалалар, жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори 6,6 млрд. сўмни ташкил этгани, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 58,7 фоизга ўсиб, ўтган даврда соҳадаги айрим тадбирларни амалга ошириш учун режалаштирилган маблағлар ўзлаштирилиши таъминланмагани қайд этиб ўтилди. Тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий ўқув-лаборатория, илмий, ишлаб чиқариш, диагностика ва даволаш ускуналари билан жиҳозлаш, Оналар ва болалар саломатлигини муҳофазалаш, шунингдек, соҳанинг айрим тадбирларини амалга ошириш учун марказлаштирилган маблағлар тўлиқ ўзлаштирилмагани танқид остига олинди.

Тадбирда сўз олган фракция аъзолари Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижросини кўриб чиқиш ҳамад муҳокама қилиш амалиётидан самарали фойдаланиш ЎзЛиДеП сиёсий платформасида белгиланган вазифаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этиши билан бирга, иқтисодиётимизни либераллаштириш ва бозор муносабатларини янада чуқурлаштириш, халқимиз фаровонлигини таъминлашга қаратилгани ҳамда иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида парламент назоратини янада кучайтиришда асоси роль ўйнашини таъкидладилар.

Йиғилиш якунида фракция аъзолари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йил I ярим йилликдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни маъқулладилар. Кун тартибидаги масала юзасидан ЎзЛиДеП фракциясининг позицияси ишлаб чиқилди ва тегишли қарор қабул қилинди.


Кўришлар сони: 545

Депутатлар минбари

Янгиликлар

14.11.2019
Қонунчилик палатаси Спикери АҚШ элчиси билан учрашди

2019 йил 14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон...

14.11.2019
Фракциялар аъзолари нима дейди?

— Вазирлар Маҳкамаси томонидан парламентга тақдим этилган “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг...

Тадбирлар тақвими