Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

ЎзХДП фракцияси қонун лойиҳалари юзасидан ўз муносабатини билдирди

ЎзХДП фракцияси қонун лойиҳалари юзасидан ўз муносабатини билдирди

2019 йил 13 август куни парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда электорат манфаатлари билан боғлиқ бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Дастлаб фракция аъзолари “Мактабгача ёшдаги болаларга мактабгача таълим бериш ва тарбиялаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқишди. Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил  30 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган “2018-2019 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора тадбирлар” Дастурида белгиланган топшириқ ижроси юзасидан ишлаб чиқилган.

Қайд этилганидек, биринчи марта миллий қонунчилик мактабгача ёшдаги болаларнинг эрта ривожланиш жараёнини алоҳида босқичларда бўлишини, яъни болаларни тарбиялаш ва уларга ғамхўрлик қилиш ҳамда боланинг мактабгача таълим олишини белгилаб бермоқда. Мактабгача таълим муассасаларининг таснифи, улар фаолиятини ташкил этиш, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилмоқда.

Йиғилишда, шунингдек, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам депутатлар томонидан кенг муҳокама этилди. Сўзга чиққанларнинг таъкидлашича, ҳозирги кунда Ўзбекистонда 700 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар, жумладан, 100 мингдан ортиқ 16 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар истиқомат қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳасининг ғояси ва мақсади ЎзХДПнинг электорати ҳисобланган жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга доир устувор мақсадларига муштараклиги билан аҳамиятлидир.

Фракция аъзолари “Эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ҳамда имкониятлари кафолатлари тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини ҳам атрофлича кўриб чиқди. “Гендер тенглик” термини қонун ҳужжатларида ва олиб борилаётган сиёсатда мустаҳкамланган эркаклар ва аёллар ҳуқуқлари ҳамда имкониятларининг тенглигини, шунингдек оила, жамоа ва умуман жамият доирасида ресурслар ва хизматлардан тенг фойдаланишни англатади. Гендер тенглик эркаклар ва аёллар ҳаётнинг барча соҳаларидан тенг фойдалана олиши ва уларда, шу жумладан демократик бошқарув, қарорлар қабул қилиш соҳасида тенглик асосида иштирок эта олишини назарда тутади.

Лойиҳа жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятларни таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Лойиҳада гендер тенглик, жинсий камситиш тушунчаси ва турлари, ваколатли органларнинг вазифалари ва функциялари, давлат бошқарувида иштирок этишда, ишга қабул қилишда ёки ёллашда, кредитлар олишда ва тадбиркорлик билан шуғулланишда гендер тенгликни таъминлаш бўйича нормалар, гендер тенглик бузилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар, шунингдек, бунга олиб келадиган қилмишлар содир этганлик учун жавобгарлик ўз аксини топган.

Бундан ташқари, лойиҳада давлат хизмати соҳасида эркаклар ва аёлларнинг тенг иштирокини, давлат хизматида лавозим эгаллаш учун танловда тенг иштирокини таъминлаш, сайлов ҳуқуқини амалга оширишда, маърифат, таълим, фан ва маданият ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида, иқтисодий соҳада ва тадбиркорлик фаолиятида, меҳнат мажбуриятларини ва оилавий мажбуриятларни бирга бажаришда ўз аксини топган.

Эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ҳамда имкониятларини таъминлаш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш мақсадида ваколатлари аниқ белгиланган ягона тизимни ташкил этувчи барча давлат органлари, муассасалар, ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари ваколатлари назарда тутилган.

Йиғилишда ЎзХДП фракцияси аъзолари эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлиш масаласини қўллаб-қувватлашини маълум қилдилар. Бу ижтимоий ҳимоя соҳасида уларнинг тенглигини таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутади.

Депутатлар “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини ҳам атрофлича муҳокама этдилар.  

Қонун лойиҳаси хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Унда тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар, шунингдек бундай қилмишларни содир этганлик учун жавобгарлик, тазйиқ ҳамда зўравонликни бошидан ўтказган шахсларни ҳимоя қилишни назарда тутувчи процессуал кафолатларни шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар кўрсатилган.

Бугунги кунда 220 мингдан зиёд хотин-қизлар Ўзбекистон ХДП сафида унинг дастурий мақсад ва вазифаларини ҳаётга татбиқ этиш борасида фаол иш олиб бормоқда. Қолаверса, партия дастурида хотин-қизларнинг ҳимояси билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. Шу жиҳатдан, “Эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ҳамда имкониятлари кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари партия дастурий мақсадларига ҳамоҳанглигидан келиб чиқиб, фракция аъзолари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.

Йиғилишда кўриб чиқилган барча қонун лойиҳалари бўйича фракция ўз позициясини белгилаб олди.

Кўришлар сони: 531

Депутатлар минбари

Янгиликлар

16.10.2019
Тилга эътибор парламентдан бошланмоғи лозим

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Девонида турли соҳа мутахассислари билан тажриба алмашиш ва малака...

16.10.2019
Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси сессиясида “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати” мавзусида тақдимот ўтказилди

Аввал хабар берганимиздек, парламентимиз аъзоларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Сербия пойтахти...

15.10.2019
Мактабгача таълим тизимига хусусий секторни фаол жалб қилиш қандай натижа беради?

Мутахассисларнинг фикрича, инсон ўз умри давомида оладиган барча ахборот ва маълумотнинг 70 фоизини...

Тадбирлар тақвими