Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Режали патронаж ишлари: муаммо ва ечимлар

Режали патронаж ишлари: муаммо ва ечимлар

Мамлакатимизда сўнгги йилларда тиббиёт соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ва унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, соҳага доир қонун ҳужжатлари базаси такомиллаштирилмоқда.

Бунда асосий эътибор қишлоқ врачлик пунктлари ва қишлоқ оилавий поликлиникалар фаолиятини яхшилаш орқали бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг ушбу хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга қаратилмоқда. Аммо мазкур соҳада ютуқлар билан биргаликда, муаммолар ҳам етарлича сақланиб қолмоқда.

2019 йил 8 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси томонидан ташкил этилган “Шифокорлар ва патронаж ҳамширалар томонидан ўтказилаётган режали патронаж ишлари: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги давра суҳбатида ана шундай муаммоларни бартараф этиш, тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

Депутатлар томонидан эътироф этилганидек, мамлакатимизда тиббиёт соҳасига эътиборнинг кучайганини давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларнинг йилдан-йилга ошиб бораётгани мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Хусусан, тиббиёт соҳасига давлат бюджетидан 2018 йилда
2017 йилга нисбатан 40 фоизга кўп маблағ ажратилган бўлса, 2019 йил учун 2018 йилга нисбатан қарийб 30 фоизга кўп бюджет маблағлари йўналтирилган.

Таъкидланганидек, бугунги кунда аҳолининг тиббий ва санитар-гигиеник маданияти даражасини юксалтиришга қаратилган қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, мамлакатимизда аҳоли орасида касалликларни эрта аниқлаш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, жисмоний фаолликни оммалаштириш борасидаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда патронаж хизматининг ўрни ҳам беқиёсдир.

Бугунги кунда туман, шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникалари, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникалари, қишлоқ врачлик пунктларида тиббий патронажлар сифатида умумий амалиёт шифокорлари, патронаж ҳамширалар ва зарур ҳолатларда тор мутахассислар қўшимча жалб қилинмоқда. Аммо патронаж ва УАШ, ҳамшира фаолияти тўлиқ манзилли амалга ошириляпти ва у ўз самарасини беряпти, дея олмаймиз. Ушбу соҳада ҳам ечимини кутаётган бир қатор масалалар мавжуд. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 сентябрдаги 718-сонли қарорига илова сифатида тасдиқланган марказий туман (шаҳар) кўп тармоқли поликлиникалари, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникалари, қишлоқ врачлик пунктлари ҳамда врачлар ва ўрта тиббиёт ходимлари фаолияти самарадорлигини рейтинг баҳолаш тартиби тўғрисидаги Низомда уй хўжаликларининг тиббий ижтимоий ҳолатини ўрганиш мақсадида патронаж ҳамшира ойига 144 та хонадонга бориши белгиланган. Бу эса, кунига 6 та хонадонни ташкил этиб, натижада айрим аҳволи оғир беморлар ҳолидан хабар олиш имконияти камайишига сабаб бўлмоқда.

Шуларни инобатга олиб, фракция депутатлари шифокорлар ва патронаж ҳамширалар томонидан ўтказилаётган режали патронаж ишларини қайта кўриб чиқиш, уларни замон талабига мослаштириш, эркин фаолиятини амалга оширишига замин яратиш зарурлигини таъкидладилар. Айни пайтда патронаж ҳамшираси томонидан тизимли патронаж хизмати билан аҳолини қамраб олиниши лозим бўлган контингентни ва хизмат кўрсатиш даврийлигини аниқ белгилаш таклифи илгари сурилди. Шунингдек, умумий амалиёт шифокори томонидан хонадонга ташрифлар режаси ва даврийлигини ҳам кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.

Фракция томонидан ушбу масала юзасидан жаҳон тажрибаси ўрганилганида, Италия, Испания, Греция, Германия каби Европа мамлакатларида асосан ўзгалар парваришига муҳтож қариялар ва руҳий касал беморларгагина ижтимоий патронаж хизмати амалга оширилиши маълум бўлди. Масалан, Россияда 46 та поликлиникада махсус автомобиль билан таъминланган бригадалар ташкил қилинган бўлиб, уларда 120 нафар шифокор, 264 ўрта тиббий ходимлари фаолият олиб боради. Қозоғистонда эса, эксперимент тарзида универсал ва такомиллашган патронаж тизимлари йўлга қўйилган бўлиб, бунда асосан болалар ва ҳомиладорларга такомиллашган патронаж хизматлари кўрсатилади.

Депутатлар томонидан таъкидланганидек, бугунги кунда ушбу соҳага эътибор кучайганини инобатга олиб, патронаж ҳамшираси ва шифокор юкламаларини қайта кўриб чиқиш долзарб вазифалардан саналади.

Шунингдек, давра суҳбатида патронаж хизмати тўғрисида Низом ишлаб чиқиш масаласи ҳам кўтарилди. Бундан ташқари, Низом доирасида патронаж хизмати учун алоҳида ҳақ тўлаш механизмларини жорий қилиш ҳамда амалдаги меъёрий ҳужжатларга тегишли ўзгартишлар киритиш зарурлиги таъкидланди.

Тадбирда соҳа мутахассисларининг аҳоли билан мулоқотини янги мазмун билан бойитиш орқали тиббиёт муассасаларини халққа янада яқинлаштириш, касалликларнинг профилактикасини кучайтиш энг асосий мақсадга айланмоғи лозимлиги қайд этилди.

Йиғилиш якунида билдирилган таклифларни умумлаштириб, мутахассислар томонидан қайта кўриб чиқиш ҳамда мутасадди вазирликларга юборишга келишиб олинди.


Кўришлар сони: 358

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.10.2019
ДЕПУТАТЛАР ҲУКУМАТ АЪЗОЛАРИГА ПАРЛАМЕНТ СЎРОВИНИ ЮБОРИШГА ҚАРОР ҚИЛДИ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 22 октябрда бўлиб ўтган мажлисида депутатлар қонун ло...

22.10.2019
МИГРАНТЛАР МАНФААТЛАРИ ҲАМ ҚОНУНИЙЛАШТИРИЛМОҚДА

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 22 октябрдаги мажлисида депутатлари бугунги кунда ҳамманинг...

22.10.2019
ТУШОВИ УЛОВИДАН ҚИММАТ БЎЛМАЙДИ

Аввал хабар берганимиздек, «Тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати...

Тадбирлар тақвими