Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Давлат дастурининг ижроси депутатларни қониқтирдими?

Давлат дастурининг ижроси депутатларни қониқтирдими?

2019 йил 31 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Демократик кучлар блоки» — ЎзЛиДеП ва “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2019 йил иккинчи чорагидаги ижросига қаратилган ҳисоботи эшитилди.

Депутатлар Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирларни атрофлича муҳокама қилди. Ҳисоботда келтирилганидек, ялпи ички маҳсулот ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,8 фоиз, инвестициялар ҳажми 1,6 баравар, қурилиш ишлари ҳажми 20 фоизга ўсган, солиққа тортиш тизимини соддалаштириш сиёсатининг давом эттирилиши ҳамда солиқ маъмурчилигининг такомиллаштирилиши натижасида амалдаги солиқ турлари 19 тадан 15 тагача камайтирилгани эса, тадбиркорлик субъектлари ихтиёрида қўшимча 5,2 трлн. сўм маблағ қолишига замин яратди.

Давлат дастурининг иккинчи чорагида ижроси таъминланган энг муҳим тадбирлардан бири бу – тадбиркорларнинг мурожаатлари билан ишлашни ташкил этиш сифати ва тезкорлигини ошириш, уларнинг қонуний талабларини самарали рўёбга чиқариш, муаммоли масалаларни тезкор ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони қабул қилингани, мазкур ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этилганидир.

Бунинг натижасида Бош вазир томонидан 500 дан зиёд тадбиркор билан сайёр қабуллари ўтказилган, уларнинг 100 дан ортиқ мурожаатлари кўриб чиқилган. Республика ишчи гуруҳлари томонидан эса, ҳудудларда жами 11,1 мингга яқин тадбиркор билан учрашувлар ўтказилган, уларнинг 2553 та мурожаати кўриб чиқилган. Жорий йилнинг 31 май кунидан «business.gov.uz» ягона интерактив портали тажриба тариқасида ишга туширилиб, тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, чет эл инвесторларига интернет, шунингдек, «Call-center» хизмати орқали тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имкониятлари яратилган.

Депутатлар муҳокамалар жараёнида таълим, маданият, соғлиқни сақлаш, спорт ва туризмни янада ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш борасида белгиланган чора-тадбирларнинг ижро этилиши ҳолатига алоҳида эътибор қаратишди. Хусусан, ҳисобот даврида республикамизга 3 млн. нафардан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюрган ва бу кўрсатгич ўтган йилнинг мос даврига (2,3 млн. нафар) нисбатан 31 фоизга кўпдир. Мазкур сайёҳларга мамлакатимизда 602,4 млн. долларга тенг қийматда туризм хизматлари кўрсатилишига эришилган.

Йиғилишда депутатлар ҳунармандларга тадбиркорлик субъекти сифатида эмас, алоҳида соҳа вакили сифатида қараш лозимлиги ва ҳунармандларни солиққа тортиш, уларга кредит ажратиш тизимини қайта кўриб чиқиш ҳамда устахона ва дўконлар қуриш учун ер-жой ажратиш механизмини соддалаштириш, унда ўзига хос, янгича қарашларни мужассам этган тизим яратиш таклифини илгари сурди.

Шунингдек, Давлат дастурининг I ва II чорагида бажарилиши белгиланган «Аҳолига кўрсатилаётган онкологик тиббий хизмат сифатини ошириш ва профилактик тадбирлар қамровини кенгайтириш» (152-банд) ва «Санитария-эпидемиология хизматини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чоралар кўриш» (153-банд) тўғрисидаги бандларнинг тўлиқ бажарилмагани юзасидан танқидий фикрлар билдирилди.

Бундан ташқари, депутатлар тақдим этилган ҳисобот материалларида Давлат дастурида ижро муддати «йил давомида» деб белгиланган «Моддий маданий мерос объектларининг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаш» (188-банд) «Тарихий шахслар ва миллий образлар акс этган анимацион фильмлар яратиш» (192-банд) ва бошқа бир қатор бандлар ижроси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, уларнинг ижросига жиддий эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.

Парламент вакиллари Давлат дастурида амалга оширилиши белгиланган норматив ҳужжатларнинг қабул қилинишига ҳам алоҳида аҳамият қаратдилар. Хусусан, 2019 йилнинг биринчи ярмида 139 та топшириқ белгиланган бўлиб, улардан 106 таси тўлиқ бажарилган. Ўз вақтида адо этилмаган бандлар бўйича депутатлар томонидан асосли эътирозлар билдирилди.

Муҳокамаларда Давлат дастурини самарали амалга оширишда божхона, шу жумладан, қўшилган қиймат солиғи имтиёзларини тақдим этишга бўлган амалдаги ёндашувни қайта кўриб чиқиш зарурлигига эътибор қаратилди. Депутатлар тадбиркорликни ривожлантириш, давлат дастурларини амалга оширишда маҳаллий ҳокимият органларидаги мавжуд бюрократик тўсиқ ва субъектив омилларни бартараф этиш юзасидан Ҳукумат алоҳида кўрсатмадан иборат норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиб, қатъий назоратни амалга ошириши, зарур ҳолларда депутатлар билан бу соҳада фаол ҳамкорликни йўлга қўйиши кераклигини билдириб ўтдилар.

«Демократик кучлар блоки» аъзолари Давлат дастурининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Ҳукумат аъзоларининг ҳисоботини эшитиш институтидан самарали фойдаланиш, бу борада парламент назоратини кучайтириш юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириб, Давлат дастурининг 2019 йил иккинчи чораги ижроси юзасидан ҳисоботни маъқулладилар.

Йиғилиш якунида кун тартибидаги масала юзасидан «Демократик кучлар блоки»нинг тегишли қарори қабул қилинди.

Кўришлар сони: 207

Депутатлар минбари

Янгиликлар

20.08.2019
Истиқлол ёшларини чорлаётган буюк майдон

Йигирма саккиз йил — бир фарзанднинг дунёга келиши, улғайиши, кучга тўлиши ва ўзлигини англаган ...

20.08.2019
Истиқлолнинг иқтидорли ёшлари: шахсий фаоллик ва самарали натижа

Қайд этилганидек, мустақиллик йилларида ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президе...

20.08.2019
Қўмитада Адлия вазирлигининг ахбороти эшитилди

Ахборотда қайд этилганидек, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ...

Тадбирлар тақвими