Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Депутатлар автомобиль ойналарини қорайтириш масаласини қандай ҳал қилмоқчи?

Депутатлар автомобиль ойналарини қорайтириш масаласини қандай ҳал қилмоқчи?

2019 йил 18 июль куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида қонун лойиҳалари билан бирга, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид бир қатор муҳим масалалар кўриб чиқилди.

Унда дастлаб, Президентимиз раислигида 15 июль куни узлуксиз профессионал таълим тизимини янада такомиллаштириш масалаларига бағишланган йиғилишда кўтарилган муҳим вазифалар муҳокама қилинди. Депутатлар томонидан, ҳар қандай соҳанинг ривожи, лойиҳаларнинг амалиётга муваффақиятли жорий этилиши етук кадрлар салоҳиятига боғлиқ экани таъкидланиб, ушбу соҳада мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар тўлиқ қўллаб-қувватланди.

Йиғилишда Президентимиз томонидан коллежлар негизида профессионал таълим муассасаларининг янги тармоғини шакллантириш вазифаси қўйилган эди. Депутатлар ушбу муассасаларда бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрланиши йўлга қўйилиши, айниқса, ўқитиш муддатлари зарур билим, малака ва кўникмаларнинг мураккаблигига қараб турлича белгиланиши таълим тизимидаги замон талаби эканини айтиб ўтишди.


Фракция аъзолари томонидан партия сайловолди дастуридан келиб чиқиб, ушбу муассасаларда қисқа муддатли қайта тайёрлов ва малака ошириш курсларини ҳам жорий этиш таклифи билдирилди. Шунингдек, жойларда ишсизлик кузатилаётган бир пайтда ишчи касблар бўйича мутахассисларга катта эҳтиёж борлиги таълим ва ишлаб чиқариш ўртасида уйғунлик йўқлиги оқибати экани қайд этилди. Шу билан бирга, фракция аъзолари ўз сайлов округларининг ижтимоий-иқтисодий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, меҳнат бозорида ишчиларга талаб ва таклифни шакллантириш, таълим тизими бўйича таклиф этилаётган чора-тадбирларни янада такомиллаштиришда фаол иштирок этишга доир вазифалар белгилаб олинди.

Шундан сўнг фракция аъзолари ҳозирда халқимизни ўйлантираётган ва қатор муҳокамаларга сабаб бўлаётган масалага эътибор қаратдилар.

Бу йилги ёз ойлари Ўзбекистон метеорологик кузатувлар тарихи давомида энг иссиқ экани қайд этилмоқда. Айниқса, бундай жазирама кунлар автомобиль ҳайдовчиларига қийинчиликлар туғдирмоқда. Шу боис, ижтимоий тармоқларда кенг жамоатчилик, айниқса, ҳайдовчилар томонидан қизғин баҳс-мунозарага сабаб бўлаётган мавзу, шубҳасиз, автомобиль ойналарини қорайтириш (“тонировка”) масаласидир.

Йиғилишда таъкидланганидек, “Адолат” СДП фракцияси депутатларига халқимиз томонидан ҳайдовчи ва йўловчиларни ёзнинг жазирама иссиғидан ҳимоя қилишда етарлича шароитлар яратиш масаласи бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Мурожаатларда асосий масала сифатида, ёзнинг иссиғидан, қуёшнинг нурларидан, айниқса, ультрабинафша нурларидан сақланишда автомобиль ойналарини қорайтиришга рухсат бериш сўралган.

Бироқ Вазирлар Маҳкамасининг “Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ойналарининг тусини ўзгартириш (қорайтиришга) рухсатнома олиш жисмоний шахслар учун – энг кам ойлик иш ҳақининг тўқсон баравари (18 245 700 сўм), юридик шахслар учун – энг кам ойлик иш ҳақининг бир юз йигирма баравари (24 327 600 сўм) миқдоридаги маблағни тўлаш орқали амалга оширилади. Табиийки, кўплаб фуқароларимизда бунча маблағ тўлаш эвазига бир йилгагина рухсатнома олишга моддий имконият етарли эмас.

Депутатлар томонидан таъкидланганидек, агар ушбу суммани тўлашга ҳайдовчининг қурби етса ҳам, унга бунинг иссиқдан ҳимояланишга хеч қандай нафи бўлмайди, чунки қарорга асосан, ойналарининг тусини ўзгартириш автотранспорт воситасининг фақатгина орқа ойналарига рухсат берилади, холос. Демак, ҳайдовчи қарор талабларини бажараман деб пул тўлайди ва ўзи яна ўша қуёш нурларида қолади.


Албатта, бугунги кунда ижтимоий тармоқларда, турли веб-сайтларда бу нархнинг жуда қимматлиги, уни бутунлай бекор қилиш ёки маблағ миқдорини камайтириш, дарпардага рухсат бериш тўғрисида таклифлар билдирилмоқда. Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари эса, маблағ миқдорини ўзгартиришга ҳеч қандай муносабат билдирмаган ҳолда, ойналарининг тусини ўзгартириш фуқароларимиз хавфсизлигига салбий таъсир ўтказишини маълум қилиш билан чекланмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари фуқароларимизни қийнаётган ушбу масала юзасидан, аҳоли фикрлари, ижтимоий тармоқлардаги муносабатлар ва мутасадди вазирлик позициясини ўрганиб, ҳам халқ манфаатлари, ҳам хафвсизлик талабларини инобатга олган ҳолда, ўз таклифларини ишлаб чиқди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда автотранспорт воситаларига эҳтиёт қисмлари билан савдо қилиш дўконларида термал плёнкани учратиш мумкин. Ушбу плёнка бир мунча шаффоф бўлиб, унинг асосий вазифаси автомобиль салонини қуёшнинг ультрабинафша нурларидан сақлаб, жазирамада исиб кетишини бир мунча камайтиради.

Шунингдек, йиғилишда ҳайдовчи ва йўловчилар учун қулайликлар яратиш мақсадида таклиф этилаётган термал плёнка билан қопланган автомабиль ойналарининг бир нечта намуналари кўргазмали кўринишда тақдим этилиб, уларнинг афзаллиги ва қулайликлари бўйича йиғилганларга батафсил ахборот берилди.

Тақдим этилган намуналардан кўриш мумкинки, термал плёнка ўзининг хусусиятига кўра, тонировка плёнкасидан анча устунликка эга ва ҳайдовчилар учун ҳам ён-атрофни кўришга халақит бермайди. Энг асосийси, транспорт воситасининг ичидаги шахслар ташқаридан бемалол кўринади ва ҳеч кимнинг хавфсизлигига дахл қилмайди.

Депутатларнинг ушбу ташаббусини йиғилишда ҳозир бўлган Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги ва “Ўзстандарт” агентлиги мутахассислари қўллаб-қувватлашди ва бу орқали фуқароларимизга автомобилдан фойдаланишлари учун қулай шарт-шароит яратилиши таъкидланди.

Депутатлар эътироф этганидек, ушбу масалада муаммонинг ечими сифатида Ҳукумат қарорига тегишли ўзгартириш киритишни назарда тутувчи таклиф тайёрланмоқда. Яъни, Йўл ҳаракати қоидаларининг 3-иловаси 7.4-бандига мувофиқ, транспорт воситасининг олд, ён ва орқа ойналарининг ёруғлик ўтказувчанлиги 70 фоиздан кам бўлса, ундан фойдаланиш тақиқланиши белгиланган нормани қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Унга кўра, мамлакатимизда ушбу 70 фоиз чеклови 15 фоизга, яъни 55 фоизгача туширилса, ҳайдовчилар бемалол термал плёнкадан фойдаланиши мумкин бўлади. Бу эса, нафақат йўловчиларга, балки, ҳайдовчиларга ҳам афзалликлар туғдиради. Депутатлар, шунингдек, ушбу амалиётни жамоат транспортларида ҳам қўллаш мумкинлиги таклифини илгари суришди.

Билдирилган фикр-мулоҳазалар ва муҳокамалардан сўнг мазкур масала юзасидан фракциянинг таклифларини Вазирлар Маҳкамасига юборишга келишиб олинди.

Фракция йиғилишида бир қатор банк-молия, суд-ҳуқуқ ва бошқа соҳаларга оид қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.


Кўришлар сони: 1215

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.10.2019
ДЕПУТАТЛАР ҲУКУМАТ АЪЗОЛАРИГА ПАРЛАМЕНТ СЎРОВИНИ ЮБОРИШГА ҚАРОР ҚИЛДИ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 22 октябрда бўлиб ўтган мажлисида депутатлар қонун ло...

22.10.2019
МИГРАНТЛАР МАНФААТЛАРИ ҲАМ ҚОНУНИЙЛАШТИРИЛМОҚДА

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 22 октябрдаги мажлисида депутатлари бугунги кунда ҳамманинг...

22.10.2019
ТУШОВИ УЛОВИДАН ҚИММАТ БЎЛМАЙДИ

Аввал хабар берганимиздек, «Тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати...

Тадбирлар тақвими