Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Фракциялар видеоселектор йиғилишида кўтарилган вазифаларга қандай муносабат билдирди?

Фракциялар видеоселектор йиғилишида кўтарилган вазифаларга қандай муносабат билдирди?

2019 йил 8 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида парламент қуйи палатасидаги барча сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишлари бўлиб ўтди. Уларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 5 июль куни биринчи ярим йилликда давлат бюджетига тушумлар натижадорлигини таҳлил қилиш ва янги вазифаларни белгилаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ва унда кўтарилган муҳим вазифалар муҳокама этилди.

Депутатлар томонидан таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан 2018 йил 29 июнда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси мамлакатимизда иқтисодиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг ижобий натижасига хизмат қилмоқда.

Қайд этиш этиш жоизки, давлатимиз раҳбари ўтказган видеоселектор йиғилишида мамлакатимиз иқтисодиёти, халқимиз фаровонлигини таъминлашга қаратилган жуда муҳим вазифалар хусусида сўз юритилди.

Фракциялар йиғилишларида давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган ушбу видеослектор йиғилишида берилган топшириқлар ҳамда улардан келиб чиқувчи муҳим вазифалар атрофлича таҳлил қилинди.

Ҳар бир фракция бу борада ўз муносабатини билдирди. Хусусан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоларининг таъкидлашича, юртимизда мутлақо янги солиқ ислоҳотлари ҳаётга жорий этилиши, солиқ текширувларига мораторий эълон қилиниши тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилди. Энг муҳими, тадбиркорларга оғирлик қилмаслиги учун, таннархи давлатга қимматга тушиб, давлат ғазнасига оғир юк бўлган бўлса-да, энергия ресурслари тарифлари, нархлар оширилмади. Фракция аъзолари давлатимиз раҳбарининг бундай оқилона сиёсати юртимизда ишбилармонликни оёққа турғазиш ҳамда ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этганини қайд этдилар.

Энди, Президент таъкидлаганидек, тадбиркорлардан солиқ мажбуриятини тўлиқ бажаришни талаб қилиш билан бирга, уларнинг манфаатларини ҳимоялаш ҳам керак. Қўшимча қиймат солиғини бир йўла ҳисобга олиш ва уни солиқ тўловчига қайтариш механизмини жорий этиш лозим. IT-технологияларини иқтисодиёт ва тадбиркорлик фаолиятига кенг қўллашга ўтиш орқали ҳақиқий нарх белгилаш, ички бозорда барча тадбиркорлар учун бир хил шароит яратиш, янада соғлом рақобат муҳитини шакллантириш галдаги энг муҳим вазифалардан саналади. Бу мамлакатимизнинг жаҳон бозорида рақобатардош бўлиши учун ҳам муҳим.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари нафақат солиқ сиёсатида, балки барча соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар халқимизни бой қилиш, одамларнинг турмушини фаровон этишга хизмат қилаётганини таъкидладилар. Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган мазкур видеоселектор йиғилишида айтилганидек, охирги икки йилда аҳоли, ижтимоий ва ишлаб чиқариш объектларини узлуксиз электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, аҳолига етказиб берилаётган электр энергияси ва табиий газ учун тўловлар нархи қарийб оширилмади. Бу ҳам давлатимизнинг халқимизни ўйлаб юритаётган бағрикенглик сиёсати туфайлидир.

Солиқ ҳам, коммунал тўловлар ҳам мамлакат бюджетини шакллантиришнинг энг муҳим воситаларидан биридир. Ҳозирда узлуксиз электр энергияси ва табиий газ таъминоти йўналишидаги ишларни янада яхшилаш мақсадида етказиб берувчи тармоқларни модернизация қилиш, тежамкор технологияларни қўллаш ва харажатларни оптималлаштириш талаб этилмоқда. Буларсиз тармоқларнинг молиявий аҳволини яхшилаш ва соҳага фаол инвестицияларни жалб қилишнинг имкони йўқ. Шу боис, фракция аъзолари одамларнинг солиқ тўлашнинг моҳиятини англаб етиш, энергия ресурсларини тежаш ва тўлов маданиятини юксалтириш, тафаккурини ўзгартириш фракция аъзоларининг муҳим вазифалардан ҳисобланиши лозимлигини қайд этдилар.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари юртимизда солиқ ислоҳотлари ва нарх-наво сиёсати халқчил тарзда юритилаётганини қайд этдилар. Шу боис ҳам мазкур соҳаларда аҳолининг манфаатларини кўзлаб, узоқни ўйлаб амалга оширилаётган ишлар ўз самараси бермоқда. Бу жараёнда, айниқса, кам таъминланган, ночор оилаларнинг аҳволи доим инобатга олинаётгани диққатга моликдир.

Шу жиҳатдан, фракция аъзолари мамлакатимиз раҳбари томонидан ўтказилган мазкур видеоселектор йиғилишида кўтарилган ҳар бир масала давлатимиз ва жамиятимизнинг ривожланиши билан бир қаторда, аҳолининг манфаатларини таъминлаш, халқимизнинг фаровонлигига эришишда муҳим аҳамият касб этишини қайд этдилар.

Ўзбекистон "Адолат” социал-демократик партияси фракцияси вакиллари томонидан партия сайловолди дастурида белгилаб олинганидек, ислоҳотларнинг босқичма-босқич ва халқ манфаатларини кўзлаб олиб борилиши тарафдори экани таъкидланди. Давлатнинг бошқарувчилик фаолияти иқтисодиётнинг барқарор ривожланишида муҳим роль ўйнаши ва давлат бозор иқтисодиёти шароитида аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш йўлида хизмат қилишини таъминлаши алоҳида эътироф этилди.

Президентимиз томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида кўтарилган масалаларга ана шундай ёндашув асосида қараган фракция аъзолари мутахассислар ва жамоатчилик вакиллари фикрларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган, аҳоли учун тарифларни кескин оширмасдан, инфляция даражасига яқин миқдорда ўзгартириш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлашини маълум қилдилар. Айниқса, тариф ислоҳотлари халққа енгил бўлиши учун энг кам иш ҳақини ҳам ошириш режалаштирилгани адолат мезонларига тўла мос келишини қайд этган ҳолда, бу ғоя қўллаб-қувватланди.

Умуман, фракциялар йиғилишларида депутатлар бу ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ва тадбиркорларга чуқур тушунтириш, соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашда масъулликни янада ошириш ҳамда қўшимча қиймат солиғини тўлашга ўтадиган тадбиркорлик субъектлари билан манзилли иш ташкил қилишда фаол қатнашиши лозимлиги таъкидланди. Юртдошларимизга, ишбилармонларга бу борада ҳар томонлама амалий ёрдам бериш борасидаги вазифалар белгилаб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 1058

Депутатлар минбари

Янгиликлар

20.11.2019
Давлат бюджети: мунозаралар авж нуқтасига етмоқда

Савол туғилади: нега энди Давлат бюджети қонун сифатида Олий Мажлисда, яъни парламентда қабул қилинади-ю,...

20.11.2019
Депутатлар таклифи инобатга олинди

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қўмиталари, сиёсий партиялар фракциялари, ишчи гуруҳларида...

20.11.2019
Олий таълим муассасаларининг ягона ижтимоий тўлов ставкаси нега 25 фоиз бўлиши керак?

Ҳар қандай қонун лойиҳасини муҳокама қилишдан мақсад — уни такомиллаштириш, соҳадаги масалаларни...

Тадбирлар тақвими