Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Экоҳаракат депутатлари гуруҳининг фаолияти қандай баҳоланди?

Экоҳаракат депутатлари гуруҳининг фаолияти қандай баҳоланди?

2019 йил 3 июль куни Тошкент шаҳрининг “Шодлик” меҳмонхонасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экоҳаракат депутатлари гуруҳи ва  Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасининг 2019 йил биринчи ярим йиллик якунлари ва истиқболдаги режаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда парламент қуйи палатаси депутатлари, Ўзбекистон Экологик партияси аъзолари, экспертлар ҳамда журналистлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида Экоҳаракат депутатлари гуруҳи ва Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан қонунчилик ташаббуси асосида 12 та қонун лойиҳаси (шу жумладан, 5 та янги қонун ва 7 та амалдаги қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш) тайёрланди. Жорий йилнинг 22 май куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”ги қонуни ҳам шулар жумласидандир.

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, экологик таълим-тарбия тизимини ривожлантириш йўналишида 170 дан ортиқ тадбирлар ўтказилди. Тадбирлар қабул қилинган ва ишлаб чиқилаётган қонунлар мазмун-моҳияти, мамлакатдаги экологик вазиятни соғломлаштириш шароитида экологик таълим-тарбия истиқболлари, ёшлар ўртасида экологик маданиятни шакллантириш каби масалаларни қамраб олди.

Тадбирда сўз олганлар янги ташкил этилган — Ўзбекистон экологик партияси барқарор ривожланиш жараёнларида иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва фуқаролар саломатлигига йўналтирилган тизимли ўзгаришларга жамиятнинг барча кучларини бирлаштиришга даъват қилишини алоҳида қайд этди. Ҳисобот даврида тизимли амалий ва таҳлилий тадбирлар ҳам ташкил этилди. Хусусан, 2019 йилнинг 23 январь куни депутатлар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракатининг Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро вилоятлари фаоллари томонидан Оролбўйи ҳудудида ўрмонзорлар барпо этишга ҳисса қўшиш мақсадида “Оролга мадад” шиори остида хайрия экологик ҳашари ўтказилди. Ҳашарчилар Оролбўйи ҳудудида амалга оширилаётган ишлар билан бевосита танишиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманига ташриф буюрди. Ҳашар йўли билан йиғилган 500 кг саксовул уруғлари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари Сургилдаги штабга тақдим этилди.

Эътиборлиси, Экоҳаракат депутатлари гуруҳи томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонунларнинг ҳудудлардаги ижросига бағишланган жамоат эшитувлари ўтказилди. Мамлакатимиз табиати, экотизимлари, атроф-муҳитни беқарорлик ва издан чиқишидан асраш, аҳолининг экологик маданиятини ошириш, ушбу масалага аҳолининг барча қатламини, айниқса, ёшлар томонидан салмоқли ҳисса қўшилиши зарурлигини инобатга олиб, Экоҳаракат депутатлари гуруҳи, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикасининг экологик таълим Концепциясини кенг тарғиб қилиш ишлари олиб борилди. Атроф-муҳит муҳофазаси ҳам давлат, ҳам жамият ва ҳар бир фуқаронинг вазифасига айланишига эришиш йўлидаги дастурий мақсадларни рўёбга чиқариш учун кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Бунинг учун эса соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, фуқароларнинг экологик-ҳуқуқий маданиятини ошириш, аҳолини экологиянинг долзарб масалаларидан огоҳ этиш, жамоатчиликнинг барча қатламларини атроф муҳит ва инсон саломатлигини муҳофаза қилиш йўналишидаги тадбирларга кенг жалб этиш йўналишидаги фаолиятга алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳисобот даврида экологик ва тиббиёт йўналишидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш йўналишидаги дастурий вазифаларни бажаришда 10 га яқин амалий ва ташкилий тадбирлар ўтказилди.  

Матбуот анжуманида Оролбўйи ҳудуди экологик вазиятни барқарорлаштириш, Оролбўйи минтақаси генофондини сақлаш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш юзасидан аниқ чора-тадбирларни белгиловчи дастурлар ижроси юзасидан батафсил ахборот берилди.

Қизғин баҳс-мунозара руҳида ўтган матбуот анжуманида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экоҳаракат депутатлари гуруҳи ва Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзолари томонидан журналистлар ва бошқа иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга батафсил маълумотлар берилди.

 

Ислом ХУШВАҚТОВ,

 Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

 Экоҳаракат депутатлари гуруҳи аъзоси


Кўришлар сони: 990

Депутатлар минбари

Янгиликлар

14.11.2019
Қонунчилик палатаси Спикери АҚШ элчиси билан учрашди

2019 йил 14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон...

14.11.2019
Фракциялар аъзолари нима дейди?

— Вазирлар Маҳкамаси томонидан парламентга тақдим этилган “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг...

Тадбирлар тақвими