Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

“Адолат” СДП фракцияси Президент нутқидан қандай хулоса чиқарди?

 “Адолат” СДП фракцияси Президент нутқидан қандай хулоса чиқарди?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқида давлат бошқаруви, халқ билан мулоқот, парламент фаолияти ва жамиятда аёллар тенг ҳуқуқлиги каби масалаларда мамлакат тараққиётининг навбатдаги босқичларида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилди.

Жорий йилнинг 24 июнь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши ушбу маърузада белгиланган устувор йўналишлар ижросини таъминлашда партия ҳамда фракция олдида турган муҳим вазифалар муҳокамасига бағишланди.

Маърузада эътироф этилганидек, Олий Мажлис палаталарининг жамиятимиз ва давлатимиз ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш, уларнинг ишини самарали ташкил этиш учун зарур шароит яратиш, депутатлар ва сенаторлар фаолиятининг моддий-ташкилий таъминотини яхшилашга қаратилган муҳим чора-тадбирлар кўрилди. Шу билан бирга, Олий Мажлис Сенати олдидаги ҳали ечимини кутаётган масалаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Муҳокамалар жараёнида депутатлар мазкур маърузада белгиланган бир қатор устувор вазифалар Қонунчилик палатаси ҳамда сиёсий партиялар учун ҳам бевосита дахлдор эканини таъкидладилар. Бу эса, ўз-ўзидан кўтарилган масалалар ижросини таъминлашда фракция ва партия ҳамда унинг ҳар бир аъзоси зиммасига улкан масъулият юклашини қайд этди.

Дарҳақиқат, таъкидланганидек, парламентнинг асосий вазифаси — қонун ижодкорлиги жараёнида депутатлар фаоллиги етарли даражада эмас. Жумладан, жорий йилда Қонунчилик палатасига киритилган 65 та қонун лойиҳаларининг 9 таси (14 фоизи) депутатлар ташаббуси билан киритилган. Албатта, бу кўрсаткичлар парламентнинг ушбу жараёнга изчиллик билан ёндашиши лозимлигини қўрсатади.

Депутатлар ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маданий соҳалардаги муаммоларни чуқур таҳлил қилиб, халқ манфаатларига хизмат қиладиган қонун ижодкорлигини кучайтириши ҳамда бошқа суъбектлар томонидан ишлаб чиқиладиган қонун лойиҳаларини қабул қилишнинг барча босқичларида фаол иштирок этиш, уларни жойларда кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш, шу орқали партияларнинг аниқ ва қатъий позициясини шакллантириш лозимлиги билдирилди.

Хусусан, қонун ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятни тубдан кучайтириш, ҳар бир қонуннинг асл муаллифи айнан халқнинг ўзи бўлишига эришиш, қонунларни ишлаб чиқишда “Фракция – марказ – вилоят – туман” тизими доирасида энг қуйидан, яъни оддий аҳолидан таклифлар олиш, партияларнинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларининг ҳам билдирилган таклифларини фракцияларга етказиш ва шу орқали партиянинг аниқ, қатъий позициясини шакллантириш зарурлиги қайд этилди.

Қонунларнинг сифатли ижросини таъминлашда ижро ҳокимияти устидан парламент назорати ўрнатилиши ҳам муҳим ўрин тутади.

Йиғилишда фаоллар ва депутатлар партия дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, Давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга оширишда Адолат СДП фракцияси аъзолари таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳам алоҳида эътибор қаратиши лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, йиғилиш иштирокчилари сиёсий-ижтимоий ҳаётда аёлларнинг ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор долзарб вазифалар ҳам белгилаб олинди.

Бунда, энг аввало, партиянинг аёллар билан ишлаш бўйича фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш лозимлиги қайд этилди. Шунингдек, ҳудудлар бўйича партия фаоллари орасидан обрў-эътиборга эга, сиёсий савияси етук, меҳнаткаш ва оқила аёлларни аниқлаш ҳамда депутатликка номзод сифатида кадрлар захирасига киритиш алоҳида вазифа сифатида белгиланди. Зеро, парламентга ва маҳаллий Кенгашларга сайланадиган аёллар сонининг ўсиши қонун ижодкорлиги жараёнида хотин-қизларнинг манфаатлари ва фикрларини ҳисобга олиш имконини беради. Шунингдек, давлат бюджети шаклланишида гендер тенглиги масалаларини инобатга олиш ҳам мумкин бўлади.

Шу билан бирга, Қонунчилик палатаси тизимида Президентимиз ташаббуси билан тузилган Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссия фаолиятига ҳам тўхталиб ўтилди. Бунда комиссия ишини танқидий тарзда таҳлил қилиш ҳамда оилани мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёллар ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш мақсадида қонун лойиҳаларини доимий равишда комиссия экспертизасидан ўтказиш тизимини жорий этиш таклиф этилди.

Депутатлар аёлларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни иш билан таъминлаш, аёллар соғлиғини мустаҳкамлаш, улар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш каби масалаларда парламент назоратини кучайтириш ва сайловчилар билан учрашувларда ушбу жиҳатларга алоҳида эътибор бериш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилиш иштирокчилари мазкур соҳадаги қонунчилик базасини такомиллаштириш учун эса, “Эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ва имкониятлари кафолатлари тўғрисида” ҳамда “Аёлларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларни тезроқ қабул қилиш лозимлигини билдиришди.

Депутатлар юқоридаги масалалар юзасидан фақат қарор қабул қилиш эмас, балки унинг амалда ижроси таъминланишини қатъий назоратга олиш ва бу жараёнда бевосита иштирок этишга келишиб олдилар.

Фракция йиғилиши якунида муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.


Кўришлар сони: 2921

Депутатлар минбари

Янгиликлар

17.08.2019
Парламентда ахборот тарқатиш соҳасига оид қонун ҳужжатларининг ҳолати муҳокама қилиниши ражалаштирилмоқда

2019 йил 17 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. ...

16.08.2019
Атроф табиий муҳит мониторинги ишлари 390 та саноат корхоналарида олиб борилди

Атроф-муҳитни муҳофаза қилишга мақсадли йўналтирилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида...

16.08.2019
Қизириқлик тадбиркор ва фермерлар бу йил қандай натижаларни қўлга киритди?

Ҳар йили юртимизда мустақиллик куни ўзгача шодиёна билан нишонланади. Анъанага кўра, байрам олдидан...

Тадбирлар тақвими