Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

«Миллий тикланиш» ДП фракцияси аъзолари қонун лойиҳаларини қизғин муҳокама қилди

«Миллий тикланиш» ДП фракцияси аъзолари  қонун лойиҳаларини қизғин муҳокама қилди

Жорий йилнинг 11 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Миллий тикланиш» ДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Қонунчилик палатаси мажлиси муҳокамасига киритилиши режалаштирилаётган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Тадбирда дастлаб фракция аъзолари «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилди. Мазкур қонун лойиҳасига суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўриш, экологик талабларга ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг бошқа қоидаларига риоя этиш ҳамда ер участкасидан қонун ҳужжатларида ва ижарага олиш шартномасида кўрсатилган шартлар асосида, белгиланган мақсадда, самарали ва оқилона фойдаланилишини таъминлаш масалалари киритилмоқда. Ушбу ҳужжатга киритилаётган ҳар бир норма депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди.

Шундан сўнг «Овчилик ва ов хўжалиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси фракция аъзоларининг эътиборини тортди. Қонун ташаббускорларининг эътироф этишича, 2018 йилнинг июнь ҳолатига кўра, Ўзбекистон овчи ва балиқчилар спорт бирлашмасида рўйхатга олинган 38 минг овчидан қарийб 35 минг нафари ҳаваскор овчилар, 3 минг нафари эса ҳаваскор балиқчилардир. Улар томонидан ов хўжаликларида турли ҳайвон турлари (сутэмизувчилар, қушлар) овланади.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда овчилик ва ов хўжалигини юритиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг тарқоқлиги ҳамда давлат бошқаруви органлари, овчилар ва ов хўжаликларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун даражасида белгиланмаганлиги ов қилиш ва балиқ овлаш соҳасида кўплаб ҳуқуқбузарликлар содир этилишига олиб келмоқда. Хусусан, мамлакатимизда 2015-2017 йиллар ва 2018 йилнинг биринчи ярмида овчилик ва балиқчилик соҳасида жами 18 259 та ҳуқуқбузарлик аниқланган. Овчиликдаги бир қанча муаммо ва камчиликларни ҳисобга олган ҳолда қонун лойиҳасида қатор нормалар назарда тутилмоқда. Жумладан, овчилик ва ов хўжалигини юритиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаш, овчилик ва ов хўжалигини юритиш соҳасида давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, овчилар ва ов хўжаликларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқлаш, ов ҳайвонлари ва уларнинг яшаш муҳити устидан давлат мониторинги тизимини жорий этиш, овланадиган ҳайвонларни тутиш нормалари ва ов қилиш муддатларини белгилаш ҳамда хорижий фуқаролар учун ов туризмининг ўзига хос хусусиятларини белгилаш тартибларини белгилаш қонун лойиҳасида акс эттирилмоқда.

Фракция аъзолари ушбу қонунни ишлаб чиқиш ва амалда жорий этиш орқали ёввойи ҳайвонлар ҳисобини юритиш, уларни кўпайтириш ва тутиш нормаларини тартибга солиш устидан давлат назорати механизмлари такомиллаштирилишига ҳамда ов туризмининг ривожлантиришига эришиш мумкинлигини таъкидлашди.

Йиғилишда бир нечта қонун лойиҳалари кўриб чиқилди ҳамда фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 149

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.06.2019
Коммунал хизматлар сифатини яхшилашга эришиш парламент назоратида

2019 йил 18 июнда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси...

18.06.2019
Сув объектларини бошқаришда он-лайн ахборот тизими кенг жорий этилади

Жорий йилнинг 18 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қў...

18.06.2019
Жисмоний тарбия ва спорт вазири ахборот берди

2019 йил 18 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари ...

Тадбирлар тақвими