Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Фракциянинг истиқболдаги устувор вазифалари белгилаб олинди

Фракциянинг истиқболдаги устувор вазифалари белгилаб олинди

Жорий йилнинг 28 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олмазор туманига ташрифи ва унда кўтарилган масалалар бўйича “Адолат” СДП фракциясининг асосий вазифалари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари куни кеча пойтахтимизнинг Олмазор туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишиш мақсадида ташрифини дастлаб, Талабалар шаҳарчасидан бошлагани мамлакатимизда таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг бориши ва ёшларга берилаётган эътибор бевосита Президентимизнинг назоратидалигини ҳамда ушбу соҳанинг нечоғлик зарур аҳамиятга эга эканини кўрсатди.

Депутатлар томонидан эътироф этилганидек, шаҳарчага бундан ярим йил олдин келган киши ҳозир бу масканни таний олмаслиги табиийдир. Машиналар билан гавжум кўчалар, тартибсиз жойлашган савдо ва овқатланиш шохобчалари, панжаралар билан ўралган биноларнинг ўрнини бугун кенг ва равон йўлкалар, таълим олишга ундовчи сокинлик эгаллаган. Айниқса, шаҳарчага кираверишда барпо этилган Беруний майдони унинг мамлакатимиз илм-фани марказига айланиши лозимлигини билдирувчи ўзига хос рамзий кўринишдир. Шаҳарчага ташриф буюрган хорижликлар учун эса, мамлакатимиз илм-фани тарихининг бор салобатини намоён этиб беради.

Бугунги кунда Талабалар шаҳарчаси ҳақиқий илм масканига айланиб улгурган. Бу ерда жойлашган Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида қарийб 25 мингга яқин талаба ёшлар таҳсил олиб, илмий фаолият билан шуғулланмоқда.

Қайд этилганидек, Президентимиз иштирокида Ўзбекистон Миллий университети кутубхонасида илм аҳли билан бўлиб ўтган учрашув мамлакатимизда илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш ва уларни моддий, ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларида истиқболдаги вазифаларни белгилаб олишга қаратилгани ушбу соҳадаги яна бир муҳим қадамдир.

Фракция депутатлари томонидан таъкидланганидек, ушбу йиғилишда “Адолат” СДПнинг асосий мақсад ва вазифаларидан бири бўлган илм-фан соҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, мамлакатимизни инновацион ривожлантириш, 2030 йилга қадар Глобал инновация индексида илғор 50 мамлакат қаторидан жой эгаллаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Бунинг учун, энг аввало, илм-фан соҳасининг меъёрий-ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш мақсадида “Фан тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани, ўтган қисқа давр мобайнида илмий-тадқиқот ишларини тижоратлаштириш ва самарадорлигини оширишга қаратилган қарорлар қабул қилингани натижасида инновацион ишланмаларни амалиётга татбиқ этишга қулай замин яратилгани айтиб ўтилди.

Айниқса, юртимизда йилдан-йилга ёшларни олий ўқув юртларига қамраб олиш кўрсаткичи ошиб бораётгани, албатта, бу партия сайловолди дастурида белгиланган олий таълим муассасаларида қабул квоталарини ошириш каби вазифаларга ҳамоҳангдир.

Шунингдек, олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказиладиган фан олимпиадалари тизимини такомиллаштириш, ғолибларни муносиб тақдирлаш ва рағбатлантириш, хусусан, мамлакат миқёсидаги совриндорларни тегишли мутахассисликлар бўйича магистратурага, халқаро олимпиада ғолибларини эса, кейинчалик докторантурага ҳам синовсиз қабул қилиш чораларини кўриш белгиланди. Бу вазифалар ижросини таъминлаш депутатлар зиммасига ҳам қатор масъулият юклаши таъкидланди.

Шу билан бирга, депутатлар томонидан фракциянинг истиқболдаги устувор вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, олий таълим муассасаларидаги Жамоатчилик кенгашлари фаолиятини жонлаштириш ва уларнинг самарали ишлашига кўмаклашиш, таълим муассасаларида босқичма-босқич эҳтиёжга қараб ривожланиб бораётган мутахассислик йўналишларини кўпайтириш, таълим соҳасида дастурий маҳсулотларнинг миллий стандартларини ишлаб чиқиш, электрон ўқув-таълим дастурлари ва мультимедиа маҳсулотлари миқдори ва сифатини ошириш бўйича таклифлар тайёрлашга келишиб олинди.

Шунингдек, Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган илм-фан соҳасини жадал ривожлантириш ва дунёнинг энг илғор давлатлари қаторига қўшилишимиз учун соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга қаратилган “Фан тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ҳам маромига етказиб, қабул қилинишини тезлатиш асосий вазифалардан этиб белгиланди.

Йиғилишида мазкур масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 1491

Депутатлар минбари

Янгиликлар

14.10.2019
Парламентлараро иттифоқнинг 141-Ассамблеясида Ўзбекистон делегацияси иштирок этяпти

Унда парламент аъзолари томонидан гендер тенгликни яхшилаш, ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, депутатларнинг...

14.10.2019
Давлат бюджети парламент томонидан қонун асосида қабул қилинади

Айни кунларда парламент қуйи палатасида бир қатор қонун лойиҳалари маромига етказилмоқда. Хусусан,...

14.10.2019
Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда давлат тили қоидаларига амал қилинадими?

Жамиятдаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга соладиган омил бу қонунлардир. Шундай экан, ...

Тадбирлар тақвими