Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Ўзбекистон ХДП фракцияси ҳукуматга нимани тавсия қилди?

Ўзбекистон ХДП фракцияси ҳукуматга нимани тавсия қилди?

Жорий йилнинг 26 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, 2019 йилга мўлжалланган давлат дастурининг I чоракда бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботи дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фракцияси аъзолари, Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, тегишли вазирлик ва идора раҳбарлари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида мамлакат сиёсий ҳаётида янги амалиёт – Мурожаатномада баён қилинган ҳар бир устувор йўналиш бўйича Бош вазир ва ҳукумат аъзолари амалга оширган ишлар ҳақида Олий Мажлис палаталари олдида ҳар чоракда ҳисобот бериб боришини таклиф қилган эди. Қайд этилдики, давлатимиз раҳбарининг ушбу таклифи қонун ҳужжатларида ҳам акс эттирилиб, мустаҳкамланди ва бу янги амалиёт ҳаётга татбиқ этилиши бошланди.

Йиғилишда Давлат дастурининг ижроси бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳисобот берди. Қайд этилганидек, ҳисобот даврида мамлакатимизда иқтисодиётнинг барқарор ўсиш суръатлари ва макроиқтисодий барқарорлик, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, жозибадор инвестиция муҳитини яратишга эришилган. Ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 5,3 фоизга, хусусан саноат 6,8 фоизга, хизматлар 11,1 фоизга, чакана савдо айланмаси 5,9 фоизга ва қишлоқ хўжалиги 2,5 фоизга ўсган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2019 йил биринчи чорагидаги даромадлар 23,0 трлн. сўмни, харажатлари эса 24,1 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг ушбу даврига нисбатан мос равишда 1,6 ва 1,7 баробарга ошган.

Муҳокамалар чоғида давлат дастурида ижтимоий соҳаларни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасидаги тадбирларни молиялаштирилишига эътибор қаратилди. Шунингдек, қисқа давр ичида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ижтимоий ривожланиш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилгани таъкидлаб ўтилди. Биринчидан, ижтимоий инфратузилма объектларини молиялаштириш бўйича жорий йилнинг I чорагида умумий қиймати 341,2 млн. доллар бўлган 32 та ишлаб чиқариш ва ижтимоий тузилма объектлари ишга туширилиб, 1806 та янги иш ўринлари яратилди.

Мунозараларда аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилаш, фаровонлигини ошириш, уларни замонавий уй-жойлар билан таъминлаш масаласи, қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини яхшилаш, намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жойлар қуриш ҳисобига қишлоқ аҳолисининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, қишлоқда муҳандислик ва транспорт коммуникацияларини, ижтимоий инфратузилма объектларини жадал ривожлантириш бўйича амалга оширлаётган ишлар ҳам таҳлил қилинди. Жумладан, жорий йилда намунавий лойиҳалар асосида қишлоқ жойларида 15010 та, шаҳарларда 15635 та хонадонли 355 та арзон кўп қаватли уйлар қуриш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

Ҳисобот даврида қишлоқ жойларида 2018 йил дастурига қўшимча тарзда қурилиши бошланган 171,9 минг кв.м га эга 2634 та арзон уйлар фойдаланишга топширилган. “Обод қишлоқ” дастури ижросини таъминлаш мақсадида 159 та тумандаги 478 та қишлоқда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилиши натижасида 312 минг 549 та хонадонда яшовчи 1,7 миллион нафар аҳолининг яшаш шароитлари яхшиланиши режалаштирилган.

Савол-жавобларга бой бўлиб ўтган фракция йигилишида депутатлар томонидан дастурда белгиланган вазифаларнинг бажарилишида юзага келаётган муаммоларга ҳам тўхталиб ўтилди. Бу соҳадаги қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилишини тезлаштириш лозимлиги таъкидланди.

Эркин фикр алмашиш, қизғин ва конструктив мулоқот тарзида ўтган йиғилишда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг бажарилишида йўл қўйилган баъзи камчиликлар ҳам таҳлил қилинди.

Йиғилиш давомида фракция аъзолари ҳукуматга иқтисодиётнинг янада жадал ўсишини таъминлашга, солиқ тизимини ислоҳ қилишни янада кучайтириш, солиқ ставкаларини босқичма-босқич тушириш, аҳолининг бўш турган маблағларини иқтисодиётга фаол жалб қилишга эътибор қаратиш, ҳалол солиқ тўловчиларни рағбатлантириш ва яширин фаолият юритадиган субъектларни жазолаш механизмларини жорий қилиш лозимлиги юзасидан таклифларини билдирди. Шунингдек, автомобиль ишлаб чиқариш соҳасида соғлом рақобат муҳитини яратиш, «яширин иқтисодиёт»нинг улушини камайтириш борасида таъсирчан чораларни ишлаб чиқишга, маҳаллийлаштириш дастури доирасида импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш, рақамли иқтисодиёт миллий стратегиясини ишлаб чиқишни янада тезлаштиришга эътиборни қаратиш бўйича тавсиялар берилди.

Депутатлар томонидан Давлат дастурнинг кейинги чораклардаги ижроси натижадорлигини янада оширишга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар илгари сурилди. Ҳисобот якунлари бўйича фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 990

Депутатлар минбари

Янгиликлар

16.07.2019
«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси жамоатчиликка ҳисобот берди

Қайд этилганидек, фракция аъзолари барча йўналишдаги фаолиятида асосий эътиборни амалий ишларга ...

15.07.2019
Вазифалар ижроси ислоҳотларнинг амалда тўлақонли натижаси кафолати

Қўмита 2019 йилнинг олти ойида Қонунчилик палатасига киритилган қирқдан ортиқ қонун лойиҳаларига...

13.07.2019
Қўмита самарали фаолият олиб борди(ми?)

Қўмита ўтган олти ой давомида давлат ва жамият қурилишини бошқариш, фуқаролик жамияти институтларини...

Тадбирлар тақвими