Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Ҳукуматнинг Давлат дастури ижроси бўйича ҳисоботи қониқарлими?

Ҳукуматнинг Давлат дастури ижроси бўйича ҳисоботи қониқарлими?

Президентимиз Ш.М.Мирзиёев 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида: «Биз янги йилдан бошлаб сиёсий ҳаётимизда яна бир амалиётни жорий этамиз. Кириб келаётган йилнинг бош ҳужжати бўлган Мурожаатномада баён қилинган ҳар бир устувор йўналиш бўйича Бош вазир ва ҳукумат аъзолари амалга оширилган ишлар ҳақида Сенат ва Қонунчилик палатаси олдида ҳар чоракда ҳисобот бериб боради. Бу жараён оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилиши лозим. Шу тариқа фуқаролар Мурожаатномада белгилаб берилган вазифаларни бажариш бўйича ҳукумат қандай иш олиб бораётганидан хабардор бўлади», деб таъкидлаган эдилар. Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчлар киритилди ҳамда Бош вазир ва ҳукумат аъзоларининг Давлат дастури бўйича амалга оширган ишлари юзасидан ҳисоботи парламент назоратининг янги институти сифатида амалда илк бор жорий этилди.

Жорий йилнинг 26 апрель куни тегишли вазирлик ва давлат идоралари раҳбарлари иштирокида «Миллий тикланиш» ДП фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда, илк бор Давлат дастурининг биринчи чоракдаги ижроси юзасидан Бош вазир ўринбосари А.Абдухакимов ҳисобот берди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2019 йил 17 январдаги Фармонига асосан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида аниқ вазифалар белгилаб берилган. Ушбу вазифалар белгиланган муддатларда ва сифатли бажарилмоқдами?

Таъкидлаш жоизки, Давлат дастури 274 та банддан иборат бўлиб, унинг 171 та бандида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, 20 та қонун, Олий Мажлис палаталарининг 3 та қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 28 та фармони, 120 та бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда 103 та амалий ва комплекс чора-тадбирларни бажариш назарда тутилган.

Фракция аъзолари Давлат дастурининг ҳисобот давридаги ижросини муҳокама этишар экан, I чоракда дастурда белгиланган 63 та банднинг ижросини таъминлаш белгиланган бўлсада, 46 та банднинг ижроси тўлиқ таъминланганлигини қайд этишди. Ижроси тўлиқ таъминланмаган 17 та банднинг 11 таси бўйича тегишли ҳужжатлар лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритилганлиги ҳамда 6 та банднинг ижро муддати белгиланган тартибда узайтирилганлиги билдирилди.

Фракция аъзолари муҳокамалар жараёнида таълим, маданият, соғлиқни сақлаш, спорт ва туризмни янада ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш борасида белгиланган чора-тадбирларнинг ижро этилиши ҳолатига алоҳида эътибор қаратишди.

Хусусан, жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб 45 та мамлакат фуқаролари учун 30 кун муддатга визасиз режим жорий этилгани, яна 76 та мамлакат фуқароларига электрон кириш визасини олиш имконияти яратилгани ҳамда 109 та мамлакат фуқароларига кўчмас мулк сотиб олиш шарти билан Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасини олиш ҳуқуқи берилгани натижасида мамлакатимизга сайёҳлар оқими 42 фоизга ошиб, 1,38 млн. кишини ташкил қилгани алоҳида эътироф этилди. Январь-март ойлари давомида 40 та меҳмонхона ишга туширилиб, уларнинг сони 966 тага етказилгани, туристик хизматлар экспорти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 33 фоизга ошиб, 246,1 млн. долларни ташкил қилгани қайд этилди.

Юртимизда қадимий ва бой тарихни ўрганиш, илмий-тадқиқот ишларини кучайтириш ҳамда уларни келажак авлодга етказиш юзасидан чора-тадбирлар қабул қилинган. Унда Фанлар академиясининг Археология ва Санъатшунослик институтлари томонидан олиб борилаётган ҳамда олий ўқув юртлари ва музейлардаги археологик изланишларни чет эллик ҳамкорлар билан бирга ташкил этиш белгиланган.

Фракция йиғилишида, Давлат дастурининг 190-бандида 1 февралга қадар «Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибида «Ўзбекистон тарихи» каналини ташкил этиш» масаласи белгиланган бўлиб, мазкур банднинг ижроси таъминланмагани танқид қилинди ва сабаблари муҳокама этилди. Шунингдек, фракция аъзолари томонидан 189-бандда 1 февралга қадар республика музейларида сақланаётган тарихий экспонатларни тўлиқ хатловдан ўтказиш, унинг якуни бўйича ҳар бир музейнинг каталогини яратиш назарда тутилгани, аммо ҳозирги кунгача ушбу вазифа ижроси оҳиригача етказилмагани қайд этилди. Мазкур вазифа ижросини таъминлаш учун молиявий манбаларини аниқлаб, алоҳида қўшимча маълумот бериш сўралди.

Шу билан бирга, фракция аъзолари тақдим этилган ҳисобот материалларида Давлат дастурида ижро муддати «йил давомида» деб белгиланган «Моддий маданий мерос объектларининг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаш» (188-банд), «Тарихий шахслар, алломалар ҳақида бадиий, бадиий-публицистик, ҳужжатли фильмлар ва сериаллар яратиш» (191-банд), «Тарихий шахслар ва миллий образлар акс этган анимацион фильмлар яратиш» (192-банд) ва бошқа бир қатор бандлар (195, 196, 199, 201) ижросини таъминлаш борасида ҳисобот даврида амалга оширилган ишлар ёритилмаганини билдириб, навбатдаги ҳисоботларда ушбу вазифалар юзасидан амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумот тақдим этиш сўралди.

Айтиш жоиз, ҳар ой депутатлар сайловчилар билан учрашувлар ўтказади. Мазкур учрашувларда айрим муаммолар аниқланмоқда. Хусусан, ижроси жорий йилнинг 15 феврали этиб белгиланган 153-бандда санитария-эпидемиология хизматини янада такомиллаштириш, яъни ДСЭНМларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, жумладан вакциналарни сақлашга мўлжалланган 30 та совутгич, 230 та музлатгич, 15 та авторефрижератор ва 200 та вакцина ташишга мўлжалланган автотранспорт воситаларини харид қилиш ва бошқа бир қатор ишларни амалга ошириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш масаласи бажарилмагани таъкидланди ва зарурий чоралар кўриш лозимлиги қайд этилди.

Умуман олганда, Давлат дастурининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Ҳукумат аъзоларининг ҳисоботини эшитиш институтидан илк бора фойдаланилаётганини инобатга олиб, фракция аъзолари келгусида ҳисоботларни тақдим этиш, материаллар ва маълумотларни янада такомиллаштириш юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.

Мажлис якунида фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 2603

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.10.2019
“Метрология тўғрисида”ги қонун одамлар муаммосини ҳал этадими?

Ўзбекистонда миллий метрология тизимини янада такомиллаштириш, соҳага ривожланган давлатлар тажрибасини...

18.10.2019
Симурғ маконига элтадиган қонун лойиҳалари

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарида ибратли бир ҳикоят келтирилган. Қушлар ижтимоий ад...

18.10.2019
Депутатлар Бош вазирга парламент сўровини юборишга қарор қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 18 октябрда ўтказилган мажлисида қатор қонун лойиҳалари...

Тадбирлар тақвими