Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

ЎзЛиДеП фракцияси Ҳукуматнинг Давлат дастури ижроси юзасидан ҳисоботига қандай муносабатда бўлди?

ЎзЛиДеП фракцияси Ҳукуматнинг Давлат дастури ижроси юзасидан ҳисоботига қандай муносабатда бўлди?

26 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвести-циялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2019 йил биринчи чорагида бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботи кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида баён қилинган ҳар бир устувор йўналиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида Бош вазир ва ҳукумат аъзолари парламент олдида ҳар чоракда ҳисобот бериб бориши илгари сурилган эди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Олий Мажлис тарихида илк маротаба Бош  вазир ва ҳукумат аъзоларининг парламент олдидаги чораклик ҳисоботи ЎзЛиДеП фракциясида дастлабки муҳокамалар чоғида батафсил ўрганиб чиқилди. Фракция аъзолари, авваламбор, Давлат дастурида ишлаб чиқилиши белгиланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг парламентга ўз вақтида киритилиши ҳамда мамлакатни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришнинг асосий кўрсаткичлари ижроси ҳолатига, шунингдек, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларни ислоҳ этиш бўйича амалга оширилган ишлар, дастур ижроси натижадорлигини оширишга қаратилган таклифларга алоҳида аҳамият қаратдилар.

«2019 йилнинг биринчи чорагида ялпи ички маҳсулот ўтган йилнинг  тегишли даврига нисбатан 5,3 фоизга ўсган, – дейди фракция аъзоси Нилуфар Саидаҳметова, – инвестициялар ҳажми 29,9 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми 5,9 фоизга ўсган. Инфляция даражаси 4,3 фоизни ташкил этиб, прогноз кўрсаткичлари доирасида бажарилиши таъминланган. Давлат бюджетининг 2019 йил биринчи чоракдаги даромадлари 23 трлн. сўмни ташкил этиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,6 баробарга ортган.

Маҳаллий бюджетлар тузилмаси ўзгартирилиши ва маҳаллий ҳокимликларнинг бюджет ваколатлари оширилиши натижасида жорий йилнинг ҳисобот даврида маҳаллий бюджет тушумлари қарийб 8 трлн. сўмга бажарилган. Натижада маҳаллий бюджетлар ихтиёрида қўшимча 1,0 трлн. сўмга яқин маблағлар қолдирилган».

Дарҳақиқат, 2019 йилнинг биринчи чорагида Давлат бюджетининг ҳаражатлари 24,1 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,7 баробарга ошган. Ҳисобот даврида давлат бюджети тақчиллиги 1,1 трлн. сўмни ташкил этган.

Ҳисобот даврида 67,4 трлн. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, чакана савдо айланмаси 32,8 трлн. сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,9 фоизга ўсган. Аҳоли даромадларининг ошиши натижасида жами хизматлар ҳажми 40,2 трлн. сўмга етган этган ва ўтган йилга нисбатан 11,1 фоизга кўпайган. «Фракциямиз йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномасида белгилаб берилган муҳим йўналиш – туризмни ривожлантириш, соҳага инвестициялар жалб этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича комплекс чоралар кўриш ва 2025 йилгача юртимизга ташриф буюрадиган хорижий сайёҳлар сонини 7 миллион нафарга етказиш, ундан ташқари, туризм экспортидан келадиган йиллик даромадни 2 миллиард долларга етказиш бўйича вазифаларидан келиб чиқиб, Ҳукумат томонидан бу борада ўтган даврда соҳани ривожлантириш миллий концепцияси ижросининг ҳолатига эътибор қаратдилар, – дея таъкидлади фракция аъзоси Шуҳрат Шарафутдинов.

Ҳисоботдан кўриниб турибдики, мамлакатда туристик хизматлар экспорти ҳам ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 33 фоизга ошиб, 246,1 млн. долларни ташкил этгани эътиборга моликдир. Инвестиция дастури доирасида биринчи чоракда молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобидан 34,3 трлн. сўм ёки йиллик режага нисбатан 31 фоиз маблағлар ўзлаштирилиши таъминланган».

Хорижий инвестициялар иштирокида амалга оширилаётган инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари бўйича 15 трлн. сўм, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокида 750 млн. доллар маблағ ўзлаштирилиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,3 баробарга кўпайган.

ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари томонидан транспорт соҳасини тизимли ислоҳ этиш бўйича амалга оширилган ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, ҳисобот даврида автомобиль транспорти соҳасида йўловчилар ташиш учун 330 та замонавий автобуслар олиб келиниб, хизмат кўрсатишга киришилган. Темир йўл соҳасида республика ҳудудида ва қўшни давлатларга темир йўл рейслари сонини ошириш мақсадида «Термиз – Москва» ва «Андижон – Уфа» йўналишларига янги йўловчи поезд рейслари йўлга қўйилган. Ҳаво транспорти соҳасида бу даврда 3 та замонавий самолёт олиб келинган.

Умуман олганда, депутатлар Вазирлар Маҳкамасининг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2019 йил биринчи чорагида бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботини тўлиқ маъқулладилар. Зеро, партия сиёсий платформасида ЎзЛиДеП қабул қилинаётган давлат дастурларининг ижроси устидан амалга оширилаётган назоратнинг таъсирчанлиги ва самарадорлигини таъминлаш тарафдори экани белгилаб қўйилган.

Фракция аъзолари давлат дастурида амалга оширилиши белгиланган норматив ҳужжатларнинг қабул қилинишига ҳам алоҳида аҳамият қаратдилар. Хусусан, 2019 йилнинг биринчи чорагида Давлат дастурининг 63 та банди ижроси таъминланиши режалаштирилган бўлиб, амалда 46 та банд бажарилган. Ўз вақтида бажарилмаган бандлар бўйича депутатлар томонидан асосли эътирозлар билдирилди.

Шунингдек, депутатлар вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан мурожаатлар билан ишлашда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилиши натижасида 825 нафар мансабдор шахснинг жавобгарлик масаласи кўриб чиқилиши мазкур соҳадаги ишларни тизимли йўлга қўйишда мансабдорларнинг ижро интизоми масаласида масъулиятини янада ошириши лозимлигини таъкидладилар.

Муҳокамаларда давлат дастурини самарали амалга оширишда божхона, шу жумладан, қўшилган қиймат солиғидан имтиёзларни тақдим этишга бўлган амалдаги ёндашувни қайта кўриб чиқиш зарурлиги қайд этилди. Фракция аъзолари тадбиркорликни ривожлантириш, давлат дастурларини амалга оширишда маҳаллий ҳокимият органларидаги мавжуд бюрократик тўсиқ ва субъектив омилларни баратараф этиш юзасидан Ҳукумат алоҳида кўрсатмадан иборат норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиб, қатъий назоратни амалга ошириши лозимлиги, зарур ҳолларда депутатлар билан бу соҳада фаол ҳамкорликни йўлга қўйиши кераклигини билдириб ўтдилар.


Кўришлар сони: 1545

Депутатлар минбари

Янгиликлар

20.08.2019
Истиқлол ёшларини чорлаётган буюк майдон

Йигирма саккиз йил — бир фарзанднинг дунёга келиши, улғайиши, кучга тўлиши ва ўзлигини англаган ...

20.08.2019
Истиқлолнинг иқтидорли ёшлари: шахсий фаоллик ва самарали натижа

Қайд этилганидек, мустақиллик йилларида ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президе...

20.08.2019
Қўмитада Адлия вазирлигининг ахбороти эшитилди

Ахборотда қайд этилганидек, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ...

Тадбирлар тақвими