Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

“Адолат” СДП фракцияси ўз вазифаларини белгилаб олди

“Адолат” СДП фракцияси ўз вазифаларини белгилаб олди

2019 йил 1 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси томонидан ўтказилган навбатдаги йиғилишда мамлакатимиз учун устувор аҳамиятга эга бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Йиғилишда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 19 март куни ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилиши ҳамда давлатимиз раҳбарининг Бухоро вилоятига ташрифи давомида белгиланган устувор вазифаларнинг мазмун-моҳияти ҳам муҳокама этилди.

Депутатлар томонидан қайд этилганидек, давлатимиз раҳбари ҳар бир чиқишида ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратиб, уларнинг таълим-тарбияси, маънавиятини юксалтириш, бандлигини таъминлаш, баркамол униб-ўсиши учун етарлича шароит яратишни устувор вазифалардан бири сифатида кўради.

Йиғилишда таъкидланганидек, истиқлол йилларида болалар ва ёшларга оид 20 дан ортиқ қонун, Президентимизнинг 30 дан ортиқ фармон ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 50 дан ортиқ қарори, вазирлик, қўмита ҳамда бошқа идораларнинг 200 дан зиёд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари қабул қилинган. Бундан ташқари, Олий Мажлис томонидан болалар ва ёшлар ҳуқуқларига оид ўнга яқин халқаро шартнома ратификация қилинган.

Шунга қарамасдан, ёшларни ҳар жиҳатдан баркамол этиб тарбиялаш, уларнинг фаоллигини ошириш, ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича қилиниши лозим бўлган вазифалар ҳам талай. Бунга давлатимиз раҳбари 19 мартдаги видеоселектор йиғилишида ҳам алоҳида эътибор қаратиб ўтган. Хусусан, ёшларнинг адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишини ошириш, жисмоний чиниқтириш, спорт соҳасида қобилиятини намоён қилиш, улар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали навқирон авлоднинг маънавиятини юксалтириш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш ҳамда хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалалари алоҳида назарда тутилди.

Президентмизнинг кейинги бир ой мобайнида Сирдарё ва Наманган вилоятларига ташрифи доирасида амалиётга жорий этилган мазкур ташаббусни бугун юртимизнинг барча ҳудудларига татбиқ этиш юксак самарасини беришини ёшларнинг бунга бўлган қизиқиши ва интилишларидан ҳам англаш мумкин.

Видеоселектор йиғилишида барча туман (шаҳар) маданият марказлари ва умумтаълим мактабларида ёшларнинг қизиқишидан келиб чиқиб, қўшимча 1,5 мингта тўгарак ташкил этиш, ташаббускор истеъдодли ёшлар ва маҳаллий ҳомийларни жалб этган ҳолда, маданият марказларида бадиий-ҳаваскорлик жамоалари, ёшлар театр-студиялари ва “Ёшлар клублари” ташкил қилиш юзасидан мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйилди. Ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш борасидаги чора-тадбирлар ҳам белгилаб берилди.

Шу билан бирга, жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 29-30 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи давомида ҳам ушбу масалалар Президентимизнинг диққат марказида бўлди.

Йиғилишда қайд этилганидек, ушбу ташриф давомида давлатимиз раҳбари ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, айниқса, аёллар масаласида ишларни янада жонлатириш вазифаларига тўхталдилар. Хусусан, Бухоро вилоятида 35 мингдан зиёд аёллар иш билан таъминланмагани ҳамда хотин-қизлар жиноятчилиги сақланиб қолинаётгани жиддий танқид қилинди.

Таъкидланганидек, бундай салбий ҳолатлар миллий менталитетимизга ёт бўлиб, айниқса, буюк тарих ва юксак салоҳиятга эга бўлган Бухорода бу каби масалаларга барҳам бериш борасида депутатлар олдида ҳам муҳим вазифалар турибди. Хусусан, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари томонидан аёлларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал қилиш, уларни иш билан таъминлаш, жиноят содир этмаслиги учун зарур чораларни кўриш, айниқса, оилавий ажримларнинг олдини олишда ота-оналар ва ёшларнинг масъулиятини оширишда қонунчиликни такомиллаштириш борасидаги вазифалар белгилаб олинди.

Депутатлар Президентимизнинг юқоридаги ташаббуслари жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштиришга, аҳолининг энг катта қатлами саналган хотин-қизлар ва ёшларнинг манфаатларини рўёбга чиқаришда муҳим дастуриламал вазифасини ўташини эътироф этдилар.

Айтиб ўтилганидек, бу каби масалалар Ўзбекистон “Адолат” СДП мақсад ва ғояларига ҳам мос бўлиб, ушбу ташаббусларни жойларда, энг чекка ҳудудларда ҳам тўлақонли ижросини топишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда партиянинг жойлардаги маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан парламент ва депутатлик назоратини ўрнатиши муҳим аҳамиятга эга.   

Бундан ташқари, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси айнан ёшлар ва хотин-қизлар манфаатларига қаратилган 10 дан ортиқ лойиҳалари доирасида юқоридаги вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратишни мақсад қилмоқда.

Йиғилишда муҳокама этилган шу ва бошқа масалалар бўйича фракция аъзоларининг партия позициясидан келиб чиқадиган таклифлари тингланди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.


Кўришлар сони: 909

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.04.2019
Болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш ҳолати қандай?

Бугунги кунда республикамиз бўйича 7 104 та мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатиб келмоқда....

20.04.2019
Гулистонда энг замонавий, намунали поликлиника қуриладиган бўлди

Депутатларнинг Гулистон шаҳридаги ўрганишлари жараёнида тиббиёт муассасаларининг дислокацияси нотўғри...

19.04.2019
Жанубий Корея Республикаси Президенти парламент аъзолари олдида нутқ сўзлади

Корея Республикаси Президенти Мун Чже Ин Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида 2019 йил 19 апрель...

Тадбирлар тақвими