Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

ХДП фракцияси аъзолари: Мамлакатимизда ягона сайлов қонун ҳужжати бўлади

ХДП фракцияси аъзолари: Мамлакатимизда ягона сайлов қонун ҳужжати бўлади

2019 йил 14 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда “Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексини тасдиқлаш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Таъкидлаганидек, бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг сайлов қонунчилиги бўйича 5 та қонун мавжуд бўлиб, бу ҳуқуқни қўллашда бир қатор мураккабликлар туғдиради. Бундан ташқари, сайлов жараёни ва уни ўтказиш тартиб-тамойиллари ва қоидаларининг кўпчилиги қонун даражасида эмас, балки Марказий сайлов комиссиясининг низом ва йўриқномалари билан тартибга солинади.

Сайлов қонунчилигининг айрим нормалари ҳозирги замон талабларига ва сайловларни демократик тарзда ўтказиш бўйича халқаро амалиётга тўла мос келмайди. Хусусан, Экоҳаракат вакилларининг парламент қуйи палатасига квота асосида киритилиши унинг фаол ва ташаббускор бўлиб ишлашини муайян даражада сусайтиради. Амалдаги қонунчилик сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантиришни назарда тутмайди, шунингдек, алоҳида ҳолларда сайлов бюллетени ўрнига сайлов варақаларидан фойдаланилиши амалиёти яширин овоз бериш тамойилига мос келмайди, озодликдан маҳрум этиш жойларида сақлаб турилган шахсларнинг сайловда иштирок этишига оид чекловлар мавжудлиги ва бошқа шу каби ҳолатлар учрайди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида ишлаб чиқилган Сайлов кодекси лойиҳасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан тақдим қилинган асосий таклифлар ўз ифодасини топган.

Кодекс лойиҳасини тайёрлаш давомида 20 дан ортиқ хорижий мамлакатнинг (Франция, Нидерландия, Канада, Италия, Швеция, Бельгия, Польша, Албания, Беларус, Озарбайжон ва бошқалар) тажрибаси, ушбу соҳадаги халқаро стандартлар ўрганилгани ҳам эътироф этилди.

Кодекс лойиҳаси 18 боб, 101 та моддадан иборат бўлиб, бир қатор янги қоидалар назарда тутилмоқда. Жумладан, Қонунчилик палатасида депутатлик ўринлари учун Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакилларига квота ажратиш институти чиқариб ташланмоқда. Бунда Қонунчилик палатасида амалдаги депутатлик ўринлари (150 ўрин) сақлаб қолинади. Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига номзод кўрсатиш тартиби белгиланмоқда. Овоз бериш жараёнида эса, сайловчиларга бир нечта белгилардан (плюс, икс ва б.) бирини қўйиш имкони берилмоқда. Шу билан бирга, илгари Марказий сайлов комиссияси қарори билан тасдиқланган Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш тартиби тўғрисидаги низом бекор қилиниб, бу масалани қонун даражасида белгилаш таклиф этилмоқда. Сайлов комиссияси аъзолари учун ҳам янги талаблар ўрнатилади. Сайловчилар рўйхатига ўзгартишлар киритиш ва муддатидан олдин овоз бериш тартиблари, ташвиқот ишларининг ягона муддати белгиланмоқда.

Фракция аъзолари томонидан кодекс лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан ҳам бир нечта таклифлар берилди.

Шунингдек, фракция йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2018 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот кенг муҳокама қилинди.

Фракция аъзолари таъкидлаганларидек, ўтган йил инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтларни ривожлантириш тарихида ёрқин из қолдирди. БМТнинг Париж принципларига ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги бошқа халқаро ҳуқуқ ҳужжатларига мувофиқ, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари кучайтирилди. Қийноққа солишнинг ва муомалада бўлиш ҳамда жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларининг олдини олишда Омбудсман ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини кучайтириш тўғрисида 2018 йил 25 декабрь куни қонун қабул қилинди. Шу билан бир қаторда, Омбудсман фаолиятининг қонун ҳужжатларида белгиланган йўналишларидан келиб чиқиб, Омбудсман Котибиятининг штати икки баравар кенгайтирилди ва унинг янги ташкилий тузилмаси тасдиқланди.

Фракция аъзолари ҳисоботни муҳокама қилиш жараёнида Омбудсманнинг мурожаатларни кўриб чиқиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича фаолиятига алоҳида эътибор қаратдилар.

Таъкидланганидек, 2018 йилда ижтимоий ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлаш билан боғлиқ 3 707 та, жумладан ишга жойлаштириш масаласида 301 та, пенсия таъминоти бўйича 117 та, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш масаласида 312 та, таълим бўйича 225 та, ижтимоий имтиёз ва нафақалар, моддий ёрдам масаласида 205 та, оилавий ҳуқуқларни таъминлаш, оталик ва оналикни ҳимоя қилиш масаласида 578 та, тураржой майдони тақдим этиш ва кенгайтириш масаласида 512 та, судда ҳимоя қилиш масаласида 583 та, суд қарорлари ижроси масаласи бўйича 371 та ва уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш масаласи бўйича 503 та мурожаат тушган.

Парламент назорати субъекти сифатида Омбудсман томонидан 814 та шикоят назорат тартибида кўриб чиқилди, бу улар умумий сонининг 38,1 фоизини ташкил этади.

Мурожаатларни кўриб чиқиш чоғида 5 нафар фуқаро ишга жойлаштирилган, кўп қаватли уйларда 3 та хонадон ва якка тартибдаги тураржой қуриш учун 4 та ер участкаси ажратилган, 1 нафар фуқарога турар жойни таъминлашда, 11 та оилага бир марталик моддий ёрдам кўрсатилган, 2 та оилага фарзандга қараш бўйича нафақа тўлаш тайинланган, 108 нафар мурожаат этувчи фойдасига умумий суммаси 152,7 млн. сўмлик алимент тўловлари ундирилди.

Муҳокамаларда депутатлар бу кўрсаткичлар бўлаётган мурожаатларга нисбатан салмоқли эмаслиги хусусида тўхталиб, мурожаатларнинг ижобий ҳал қилиниши борасида янада кўпроқ ишларни амалга ошириш лозимлигини таъкидладилар.

Ҳисоботда айтилганидек, 10 нафар фуқарони шифохонага ётқизиш учун ордер, 2 нафар фуқарога ногиронлар аравачаси берилган, 6 нафар фуқарога ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилган.

Йўл қўйилган камчиликлар учун таълим соҳасида 13 нафар, соғлиқни сақлаш соҳасида 18 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилган.

Ижтимоий ҳуқуқ ва эркинликлар таъминланишига доир бошқа масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилиниб, фракция аъзолари ўзларининг таклифларини билдирдилар. Хусусан, Омбудсманнинг қонунчилик жараёнидаги иштирокини янада фаоллаштириш лозимлиги, мурожаатларнинг чуқур таҳлили асосида зарур таклифларни илгари суриши мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Йиғилишда парламент қуйи палатаси мажлиси кун тартибидан ўрин олган бир қатор қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди.

Кўрилган масалалар бўйича фракциянинг позицияси белгилаб олиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.


Кўришлар сони: 5265

Депутатлар минбари

Янгиликлар

21.08.2019
Ветеринария ва чорвачилик соҳасидаги ислоҳотлар халқимизга нима беряпти?

Шу ўринда бир маълумот. Юртимиз аҳолисининг асосий озиқ-овқат товарлари, аввало гўшт, сут ва қишлоқ...

21.08.2019
Истиқлол юксалишдир

Айни кунларида мамлакатимизда энг улуғ айёмлардан бири — Мустақиллик байрамининг ўзига хос шукуҳи...

20.08.2019
Истиқлол ёшларини чорлаётган буюк майдон

Йигирма саккиз йил — бир фарзанднинг дунёга келиши, улғайиши, кучга тўлиши ва ўзлигини англаган ...

Тадбирлар тақвими