Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

“Адолат” СДП фракцияси аъзолари Омбудсман ҳисоботини эшитди

“Адолат” СДП фракцияси аъзолари Омбудсман ҳисоботини эшитди

Жорий йилнинг 14 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда фракция аъзолари дастлаб 2019 йил Давлат дастурига мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонун ташаббуси асосида киритилган “Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг сайлов қонунчилиги бўйича бешта қонун мавжуд бўлиб, бу ҳуқуқни қўллашда бир қатор мураккабликларни туғдиради. Бундан ташқари, сайлов жараёни, уни ўтказиш тартиб-тамойиллари ва қоидаларининг кўпчилиги қонун даражасида эмас, балки Марказий сайлов комиссиясининг низом ва йўриқномалари билан тартибга солинади.

Фракция аъзолари томонидан айтиб ўтилганидек, ушбу қонунларнинг айрим нормалари ҳозирги замон талабларига ва сайловларни демократик тарзда ўтказиш бўйича халқаро амалиётга тўла мос келмаслиги холатлари учрамоқда.

Айниқса, жорий йилнинг декабрь ойида парламентга ва Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайлов жараёнларида ягона сайлов нормаларини ўзида мужассам этган қонун ҳужжатининг зарурлиги фракция аъзолари томонидан алоҳида эътироф этилди.

Кодекс лойиҳасида устувор вазифалар сифатида сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш, муддатидан олдин овоз бериш, сиёсий партиялар томонидан номзод кўрсатиш, сайловолди ташвиқот ишлари ва бошқа сайловга оид нормалар киритилмоқда.

Депутатлар томонидан эътироф этилганидек, Кодекс лойиҳаси 20 дан ортиқ хорижий мамлакатнинг тажрибаси асосида, шунингдек, ушбу соҳадаги халқаро стандартларни ўрганиш натижасида тайёрлангани, албатта, унинг халқчиллигини таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, лойиҳага сайлов шаффофлигини таъминлаш мақсадида бир қатор янги нормалар киритилмоқда. Хусусан, номзодлар ишончли вакилларининг Ўзбекистон Республикасидаги сафар харажатларининг сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан қопланиши, замон талабларидан келиб чиқиб, ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш, сайловчиларнинг электрон рўйхати, сайлов участкасида овозларни санаш якуни бўйича баённомасининг нусхасини дарҳол жойлаштирш тартиби белгиланаётгани фракция аъзолари томонидан ижобий баҳоланди.

Шу билан бирга, лойиҳада демократия тамойилларидан келиб чиқиб, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларнинг сайловда иштирок этишини чекловчи нормалар чиқариб ташланмоқда.

Фракция аъзолари томонидан Кодексда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзодларнинг ишончли вакиллари сонини 3 дан 5 кишигача кўпайтириш назарда тутилаётгани лойиҳа амалиёт билан уйғун равишда ишлаб чиқилганини англатади, дея баҳоланди.

Лойиҳа жамоатчилик, экспертлар, илмий доиралар,  амалиётчилар, мутахассислар ҳамда халқаро ташкилотлар экспертизасидан ўтказилган.   Таъкидланганидек, ушбу экспертиза гуруҳларининг барчасида 
“Адолат” СДП фракцияси аъзолари, партия фаоллари ҳам иштирок этиб, муҳокамаларда лойиҳанинг тўғридан-тўғри ишлаши ва мукаммаллигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшган.

Фракция аъзолари томонидан ушбу Кодекснинг сайловларда демократик принципларни қўллашдаги аҳамияти ва зарурлиги алоҳида таъкидланиб, лойиҳа биринчи ўқишда қўллаб-қувватланди.

Шунингдек, йиғилишда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2018 йилдаги фаолиятига оид ҳисоботи ҳам кўриб чиқилди. Ҳисоботда таъкидланганидек, ўтган йилда Омбудсман фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари кенгайтирилди. Хусусан, қийноққа солишнинг ва муомалада бўлиш ҳамда жазолашнинг бошқа шафқатсиз, гайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларининг олини олишда Омбудсманнинг ролини кучайтириш тўғрисида қонун қабул қилинди, йўналишлардан келиб чиққан ҳолда, унинг янги ташкилий тузилмаси тасдиқланди.

Ҳисобот даврида Омбудсман томонидан фуқаролар мурожаатлари асосида уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилиши, уларни бартараф этиш тўғрисида давлат органлари раҳбарларига тақдимномалар ва даъволар киритилган.

Парламент палаталари ва халқаро жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда назорат-таҳлил тадбирлари доирасида миллий превентив механизм мандати асосида 70 дан ортиқ муассасада мониторинг ишлари амалга оширилди. Натижалари бўйича қонунларда белгиланган чоралар қўлланилди.

Шунингдек, ҳисобот даврида жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш борасида Омбудсман томонидан 18 та жазони ижро этиш муассасасида ҳамда айрим ҳудудларида одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари ижроси устидан мониторинг ишлари ўтказилган.

Йиғилиш якунида фракция томонидан Омбудсман фаолиятининг баъзи йўналишлари бўйича билдирилган таклиф ва тавсиялар қўллаб-қувватланди.

Йиғилишда, шунингдек, суд-ҳуқуқ, ижтимоий-иқтисодий соҳалар бўйича бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди ҳамда фракция аъзолари партиянинг позициясидан келиб чиқиб, ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.


Кўришлар сони: 2851

Депутатлар минбари

Янгиликлар

14.10.2019
Парламентлараро иттифоқнинг 141-Ассамблеясида Ўзбекистон делегацияси иштирок этяпти

Унда парламент аъзолари томонидан гендер тенгликни яхшилаш, ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, депутатларнинг...

14.10.2019
Давлат бюджети парламент томонидан қонун асосида қабул қилинади

Айни кунларда парламент қуйи палатасида бир қатор қонун лойиҳалари маромига етказилмоқда. Хусусан,...

14.10.2019
Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда давлат тили қоидаларига амал қилинадими?

Жамиятдаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга соладиган омил бу қонунлардир. Шундай экан, ...

Тадбирлар тақвими