Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизасини қонунийлаштириш таклиф этилмоқда

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизасини қонунийлаштириш таклиф этилмоқда

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилишни таклиф этмоқда.

2019 йил 12 февраль куни Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция йиғилишида кун тартибидаги бир қатор масалалар, шу жумладан фракция аъзолари бўлган бир гуруҳ депутатлар «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни таклиф этишди.

Фракция йиғилиши қарори билан фракция аъзолари бўлган бир гуруҳ депутатлардан иборат таркибда қонун лойиҳасини қисқа муддатда ва сифатли даражада ишлаб чиқиш бўйича Ишчи гуруҳи тузилди. Ишчи гуруҳи таркибига экспертлар, мутахассислар ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳам киритилишига келишиб олинди.

Маълумки, 2008 йил 8 июлда «Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши конвенциясини (Нью-Йорк, 2000 йил 15 ноябрь) тўлдирувчи одам савдосининг, айниқса аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақидаги протоколни ратификация қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинган эди.

2015 йил 25 декабрда Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш услубиётини тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғи қабул қилиниб, мазкур буйруқ билан «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш услубиёти» ҳам тасдиқланди.

Тадбирда таъкидланганидек, Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида 2016 йилдан бошланган шиддатли демократик ислоҳотлар жараёнида коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини кучайтириш ва амалиётини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, 2017 йил 4 январда 34 та моддадан иборат «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди. Қонунда «коррупцияга — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш», сифатида биринчи марта таъриф берилди.

Мазкур Қонуннинг 19-моддасида давлат бошқаруви соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар қаторида - норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ташкил этиш белгиланди. Энг муҳими, Қонунда алоҳида «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси», деб номланган 24-модда белгиланди.

Бундан ташқари, 2017 йил 2 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, Қарор билан 51 та банддан иборат «2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат Дастури» ҳам тасдиқланди.

Фракция аъзоларининг фикрича, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси идоравий ҳужжат билан тартибга солинган, яъни қонун даражасида мустаҳкамланмаган, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш услубиёти ҳам идоравий ҳужжат билан тартибга солинган, яъни қонун ёки ҳукумат даражасидаги ҳужжат билан ҳам эмас. Шу билан бирга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси алоҳида тартибда эмас, балки ҳуқуқий экспертиза доирасида амалга оширилмоқда қолаверса, амалиётда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси асосан адлия вазирлиги томонидан амалга оширилмоқда. Боз устига ҳозирда амалиётда асосан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилмоқда, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эса назардан четда қолмоқда.

Фракция вакиллари таъкидланганларидек, ривожланган ва ривожланаётган давлатлар, хусусан АҚШ, Корея, Германия, Россия, Қозоғистон, Белорусь Республикаси тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси қонун билан мустаҳкамланган, коррупцияга қарши экспертиза ҳуқуқий экспертиза доирасида эмас, балки алоҳида экспертиза тури сифатида ўтказилади. Шунингдек коррупцияга қарши экспертизадан ўтказувчи субъектлар қаторига нафақат адлия органлари, шу билан бирга прокуратура, давлат бошқаруви органлари, аккредитациядан ўтган нодавлат ташкилотлар ҳам киритилган. Энг муҳими, хорижий давлатларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари билан бир вақтда уларнинг амалдагилари ҳам коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилади.

Йиғилиш якунида, депутатлар томонидан билдирилган фикр ҳамда таклифлардан келиб чиқиб, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича Иш режаси қабул қилинди.


Кўришлар сони: 2885

Депутатлар минбари

Янгиликлар

16.10.2019
Тилга эътибор парламентдан бошланмоғи лозим

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Девонида турли соҳа мутахассислари билан тажриба алмашиш ва малака...

16.10.2019
Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси сессиясида “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати” мавзусида тақдимот ўтказилди

Аввал хабар берганимиздек, парламентимиз аъзоларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Сербия пойтахти...

15.10.2019
Мактабгача таълим тизимига хусусий секторни фаол жалб қилиш қандай натижа беради?

Мутахассисларнинг фикрича, инсон ўз умри давомида оладиган барча ахборот ва маълумотнинг 70 фоизини...

Тадбирлар тақвими