Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

“Адолат” СДП фракцияси 1 120 та масалани ҳал этди

“Адолат” СДП фракцияси 1 120 та масалани ҳал этди

2019 йил 11 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг фракцияси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Н.Умаров фракциянинг 2018 йилдаги фаолияти сарҳисоби ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 декабрдаги парламентга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган устувор йўналишлар асосида фракция томонидан амалга ошириладиган ишлар ҳақида ахборот берди.

Этироф этилганидек, Президентимизнинг тарихий аҳамиятга эга Мурожаатномаси фракция фаолиятига замонавий ёндашув ва янги мазмун олиб кирди. Унда илгари сурилган вазифалар ижросини таъминлаш, электорат ва аҳолининг кенг қатлами билан мулоқот қилиш депутатларнинг устувор вазифалари этиб белгиланди.

Ўтган 2018 йил давомида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган 39 та йиғилиши ўтказилиб, уларда 169 та қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Мазкур қонун лойиҳаларини такомиллаштириш бўйича фракция томонидан 270 дан ортиқ таклифлар киритилиб, 160 маротаба партия позицияси билдирилди. Бунда “Қонуннинг асл муаллифи халқ бўлиши керак”, деган тамойил негизида партиянинг “Марказ — вилоят — туман” тизими асосида 60 га яқин қонун лойиҳаси жойларда муҳокамадан ўтказилиб, асослантирилган таклифлар асосида фракция ўз позицияларини билдирди ҳамда уларнинг аксарияти қонун лойиҳаларида аксини топди.

2018 йил давомида фракция аъзолари 9 та қонун лойиҳасига ташаббускор бўлди. Хусусан, “Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”ги, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги ҳамда “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида ва бошқа бир қатор қонун лойиҳаларига фракция аъзолари бошқа депутатлар билан биргаликда ташаббускор бўлди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси 2018 йилда партия электорати манфаатларидан келиб чиқиб, ўзининг назорат-таҳлил фаолиятида ҳам самарали натижаларга эришди.

Ўрганишларда аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш ва ундан оқилона фойдаланиш ҳамда соғлиқни сақлаш йўналишида арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш, ижтимоий дорихоналарни ташкил этиш каби муаммолар кўп кўтарилган эди. Айнан шу икки масала Қонунчилик палатасида илк бор ташкил этилган “Ҳукумат соати” кун тартибига фракция ташаббуси билан киритилиб, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари раҳбарларининг ушбу масалалар бўйича ахборотлари эшитилди.

Бундан ташқари, депутатлар томонидан амалга оширилган ўрганишлар натижасида аниқланган умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчиларнинг овқатланиши билан боғлиқ муаммолар ва уни бартараф этиш бўйича олиб борилаётган амалий ишлар тўғрисида фракция ташаббуси билан Халқ таълими вазирига парламент сўрови юборилди, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи йиғилишида муҳокама этилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

Ҳисобот даврида фракция аъзолари сайловчилар билан мулоқотини изчил давом эттирдилар. Хусусан, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида депутатлар 30 дан ортиқ туман ва шаҳарда учрашувлар ўтказиб, 5619 та хонадонга борилди, 21476 нафар фуқаро ҳамда 1170 та тадбиркор билан мулоқот қилиниб, уларнинг 1 120 та масаласи ҳал этилди.

Фракция депутатларининг фаолияти ҳақида аҳолининг хабардорлигини таъминлашда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларнинг роли ошиб бормоқда. Хусусан, 2018 йил давомида фракция аъзолари томонидан ОАВда жами 3898 маротаба, жумладан, телевидение орқали мингдан ортиқ, радиоканаллар орқали 423 маротаба чиқишлар қилиниб, марказий ва маҳаллий матбуотда 562 та мақола чоп этилди.

Матбуот анжуманида алоҳида қайд этилганидек, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 28 декабрдаги парламентга Мурожаатномаси асосида фракция томонидан жорий йилга мўлжалланган алоҳида чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, устувор вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, унда фракция аъзолари томонидан қонун ташаббускорлиги, айниқса, тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунларни ишлаб чиқиш, сайловчилар томонидан кўтарилган масалалар ва ҳудудлардаги долзарб муамоларни ўрганиш орқали уларни ечимини топишда соҳадаги масъул вазирликларга парламент сўровларини юбориш каби вазифалар ўз аксини топди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини Олий Мажлис томонидан тасдиқлаш тизимини жорий қилиш юзасидан амалдаги қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимча киритиш ҳамда унда бўлажак вазир соҳани ривожлантириш бўйича ўз дастурини ҳимоя қилиши, унга эришиш йўлларини асослаб бериши тартибини аниқ белгилаш бўйича таклифлар киритиш режалаштирилди.

Шу билан бирга, фракцияси аъзолари ташаббуси билан “Архив иши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Аҳолининг репродуктив саломатлиги тўғрисида”ги, “Адвакатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Жамоатчилик муҳокамаси тўғрисида”ги, “Инновацион фаолият тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, уларни партиянинг барча бўғинлари муҳокамасидан ўтказиш, ўрнатилган тартибда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш устувор вазифалар сирасида белгиланди.

Назорат-таҳлил йўналишида тиббиёт ва таълим соҳаларидаги ислоҳотларни амалга оширишда депутатлик назоратига алоҳида эътибор бериш белгилаб олинди. Хусусан, давлат-хусусий шериклик асосида тиббиёт соҳасида янги ташкил этилаётган хусусий клиникалар фаолияти, ҳудудларни ривожлантиришга жалб этилаётган инвестициялар ва болалар стоматологик касалликлари профилактикаси ҳолати, фармацевтика соҳасидаги ислоҳотлар, олий таълим муассаларидаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятини таҳлил этиш ҳамда уларнинг устидан депутатлик назоратини ўрнатиш долбзарблиги депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олдилар.


Кўришлар сони: 166

Депутатлар минбари

Янгиликлар

23.01.2019
Репродуктив саломатлик масалалари депутатлар диққат марказида

Ушбу лойиҳанинг асосий ғояси аҳолининг репродуктив саломатлигини яхшилаш, аёллар ва эркаклар бепуштл...

23.01.2019
Кун тартибидаги муҳим қонун лойиҳаси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида «Яйловлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси му...

23.01.2019
Давлат дастури ижросида “Адолат СДП” фракциясининг ўрни қандай бўлади?

Эътироф этилганидек, 2019 йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамаси...

Тадбирлар тақвими