Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

«Миллий тикланиш» ДП фракцияси давлат бош молиявий ҳужжатини муҳокама этди

«Миллий тикланиш» ДП фракцияси  давлат бош молиявий ҳужжатини муҳокама этди

Жорий йилнинг 14 ноябрь куни «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда дастлаб 2018 йил тўққиз ойлик якунлари бўйича Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси атрофлича муҳокама этилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, фаол инвестиция сиёсатини юритиш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, тармоқлар ва ҳудудларда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш борасида белгилаб берилган устувор вазифаларнинг изчил амалга оширилиши ҳисобот даврида макроиқтисодий барқарорликни, давлат бюджетини белгиланган параметрларда ижро этилишини таъминлаш имкониятини яратган.

Фракция аъзолари ҳисобот даврида харажатларнинг ижтимоий йўналтирилгани сақлаб қолинганини, бунда алоҳида эътибор партия сайловолди платформасидан ўрин олган таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантиришга, шу билан бирга, шаҳар ва қишлоқ жойларда аҳоли турмуш шароитини янада яхшилашни таъминловчи арзон уй-жойлар барпо этиш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича мақсадли дастурларни ўз вақтида, тўлиқ молиялаштириш амалга оширилганини алоҳида эътироф этдилар.

Айтиб ўтилганидек, жорий йилнинг 9 ойлиги якунига кўра, мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти қарийб 244,3 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,2 фоизга ўсган. Шунингдек, партиянинг дастурий мақсадларида алоҳида ўрин тутувчи маданият ва спорт соҳаси харажатлари белгиланган режага нисбатан 96,3 фоизга ижро этилиб, 920,4 млрд. сўмни ташкил этган. Ахборот-кутубхона марказлари ва махсус кутубхоналарни сақлаш харажатлари учун 21,4 млрд. сўм, музейлар, кўргазмалар ҳамда кўргазма залларини сақлаш харажатлари учун 35,6 млрд. сўм, театрлар ва мусиқа жамоалари харажатларига 96,6 млрд. сўм, маданият саройлари, уйлари ҳамда клубларни сақлаш харажатлари учун 113,9 млрд. сўм, маданий бойликларни қайта таъмирлаш ишларига 30,7 млрд. сўм, спортни ривожлантиришга қаратилган харажатлар учун 393,5 млрд. сўм ажратилган.

Фракция аъзолари Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 июндаги қарорида республикадаги барча маданий мерос объектларини реставрация қилишда ЮНЕСКО билан келишиш белгиланган. Бироқ келишиш масалаларининг ўз вақтида ўтказилмагани оқибатида режалаштирилган маблағлардан 13,1 млрд. сўми молиялаштирилмагани сабабларига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу ишларни йил охирига қадар ҳал этиш зарурлиги қайд этилди.

Муҳокамалар чоғида фракция аъзолари мамлакатимиз бюджетининг ҳисобот давридаги ижроси билан боғлиқ бошқа бир қатор масалаларга ҳам эътибор қаратдилар. Хусусан, маданий мерос объектларини таъмирлаш, реставрация қилиш учун Давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларни ошириш, жумладан, маҳаллий бюджетларга ушбу тадбирларга харажатларни кўпайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Фракция йиғилишида, шунингдек, 2019 режа йилги Бюджетнома ҳамда 2020-2021 йилларга мўлжаллаган бюджет сиёсати концепцияси ҳам кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, 2019 йилга режалаштирилган Давлат бюджетининг маданият соҳасига харажатлари 1 006,7 млрд. сўмни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 25,9 фоизга ошган. Жумладан, 2018 йилда маданият муассасалари ходимларига иш ҳақи тўлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан уларнинг ойли маоши ўртача 45 фоизга оширилиб, Давлат бюджетидан қўшимча 85 млрд. сўм, республика театр ва музейларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, мукаммал таъмирлаш бўйича чора-тадбирлар Дастурига мувофиқ, 36,2 млрд. сўм, маданият уйларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва мукаммал таъмирлашга 70 млрд. сўм, давлат буюртмаси асосида миллий кино маҳсулотларини ишлаб чиқаришга 44,0 млрд. сўм, маданий ва археологик меросларни реставрация қилиш ишларига 63,8 млрд. сўм ажратилган.

Шу билан бирга, фракция аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда маданий мерос объектларида реставрация-тиклаш ишларини олиб бориш, 10 та музей ва 5 та театрни мукаммал таъмирлаш, зарур ускуналар билан жиҳозлаш, янгидан ташкил этилган Ўзбекистон Давлат филармонияси ва унинг 14 та ҳудудий бўлинмаси, шунингдек, Тошкент шаҳридаги Мақом маркази ва унинг 14 та ҳудудий «Мақом» ансамбллари харажатларини молиялаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Йиғилишда 2019 йилга давлат бюджети харажатларида соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилаётган маблағлар ҳам таҳлил қилинди. Мазкур соҳага 12 088,2 млрд. сўм ажратилиши кўзда тутилиб, бу ўтган йилга нисбатан 25,3 фоизга кўп. Бу соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириб, тизимнинг молиявий таъминотини яхшилашга хизмат қилади.

Муҳокамаларда фракция аъзолари келгуси йилга давлат бюджетида туризмни ривожлантириш мақсадида республикада «Гилам» музейини ташкил этиш учун маблағлар кўзда тутиш кераклиги ҳақида таклиф билдирдилар. Бундан ташқари, туризм соҳасига ижтимоий шерикчилик асосида хусусий мулкни кенг жалб этиш, ёшларимизни ҳунармандчилик ва оилавий тадбиркорликка йўналтириш, жойларда соҳани ривожлантириш мақсадида инфратузилма лойиҳаларига маҳаллий бюджетларда маблағлар кўзда тутиш зарурлиги ҳақидаги таклифлар илгари сурилди.

2019-2021 йилларга мўлжалланган ўрта муддатли бюджет концепцияси ишлаб чиқилгани фракция аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди, шунингдек, давлат бюджетини шакллантириш, унинг даромадлари ва харажатларини режалаштириш жараёнларини тубдан яхшилашда ҳамда ижросини таъминлашда ушбу ҳужжатнинг нақадар муҳимлиги эътироф этилди. Айни пайтда бюджет концепциясида кўзда тутилган чора-тадбирлар, авваламбор, халқимиз фаровонлигини оширишга, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга, ижтимоий соҳани ва унинг инфратузилмасини янада такомиллаштиришга, хорижий инвестицияларни иқтисодиётимизга кенг жалб этишга хизмат қилиши таъкидланди.

Қизғин кечган баҳс-мунозаралар, савол-жавоблар ва билдирилган фикр-мулоҳазалар ҳамда таклифлар асосида фракциянинг ушбу масала юзасидан тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 7118

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.10.2019
“Метрология тўғрисида”ги қонун одамлар муаммосини ҳал этадими?

Ўзбекистонда миллий метрология тизимини янада такомиллаштириш, соҳага ривожланган давлатлар тажрибасини...

18.10.2019
Симурғ маконига элтадиган қонун лойиҳалари

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарида ибратли бир ҳикоят келтирилган. Қушлар ижтимоий ад...

18.10.2019
Депутатлар Бош вазирга парламент сўровини юборишга қарор қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 18 октябрда ўтказилган мажлисида қатор қонун лойиҳалари...

Тадбирлар тақвими