Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Сайёрамиз бошпанасини асрашга ҳар бир мамлакат масъул

Сайёрамиз бошпанасини асрашга  ҳар бир мамлакат масъул

Сайёрамизни ўраб турган атмосфера ҳимоячиси бўлган озон қатлами хлорфторуглерод тутган бирикмаларни ҳаддан ташқари кўп ишлатилиши натижасида ўтган асрнинг 80-йилларига келиб емирилиб, “Озон дарчалари” ҳосил бўлди. Унинг ҳимоя функцияларига путур етди. Озон қатламини ҳимоялаш мақсадида жаҳон ҳамжамияти амалий чора-тадбирлар кўриб, бу борада бир қатор халқаро ҳужжатлар қабул қилинди. Ўзбекистон ҳам уларнинг   бевосита иштирокчиси ҳисобланади.

Шу ўринда бир маълумот: мамлакатимизда озон қатламини емирувчи моддаларнинг 99,5 фоизи муомаладан чиқарилган ва бу омил Монреаль протоколи билан режалаштирилган муддатлардан илгарилашга имкон яратди.

2018 йилнинг 14 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлари гуруҳи, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда 16 сентябрь — Халқаро озон қатламини ҳимоя қилиш кунига бағишлаб ташкил этилгани семинарда мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган ишлар кенг муҳокама қилинди.

Тадбирда депутатлар, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Гидрометеорология хизмати маркази, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутахассислари ва экспертлари, Ўзбекистон экологик ҳаракати, экология ва тиббиёт соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда қайд этилганидек, 1985 йилда Озон қатламини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси қабул қилингани озон муаммосини ҳал этиш борасида халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришнинг аниқ механизмини яратишда муҳим қадам бўлди. Мазкур конвенция доирасида илмий тадқиқотларни ўтказишда халқаро ҳамкорлик, озон қатламини тизимли мониторинг қилиш, озонни емирувчи моддалар – хлорфторуглеродли бирикмаларнинг ишлаб чиқарилиши мониторинги ва ахборот алмашинувини ташкил этиш кўзланган.

Илмий тадқиқотлар давомида озонни емирувчи энг зарарли моддалар ҳамда келгусида халқ хўжалигида ишлатиш учун яроқли моддалар аниқланиб, унинг натижалари 1987 йил 16 сентябрда ривожланган ва ривожланаётган давлатлар томонидан Озон қатламини емирувчи моддалар бўйича Монреаль протоколининг қабул қилинишига асос бўлди. Монреаль протоколи озон қатламини ҳимоя қилишдек глобал муаммони ечишда муҳим ҳужжатга айланди. Унда озонни емирувчи асосий моддалар белгиланиб, улар таркибига хлор, фтор, бром, углерод ва водород каби углеводород синфига тааллуқли кимёвий бирикмалар киритилган, уларни ишлаб чиқариш ва фойдаланишни қисқартириш ва охир-оқибат умуман бартараф этиш бўйича режа-жадвал ишлаб чиқилиб, бу жараён устидан назорат ўрнатиш вазифаси белгиланган.

Тадбир давомида Ўзбекистон Вена конвенцияси ҳамда Монреаль протоколини 1993 йил ратификация қилгани ва унинг барча тузатишларини босқичма–босқич қабул қилиб, мазкур конвенциянинг тегишли талаб ва қоидаларига риоя қилиш режимига амал қилинаётгани алоҳида таъкидланди. Дунё ҳамжамиятидаги бошқа мамлакатлар қатори Ўзбекистон ҳам озон қатламини ҳимоя қилиш борасида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Бу ҳам давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишлари қаторидан мустаҳкам жой олди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 январдаги “Озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар бўлган маҳсулотларнинг Ўзбекистон Республикасига импортини тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан келгусида озон қатламини ҳимоя қилиш бўйича аниқ ҳаракат ва чоралар белгиланган. Жумладан, ўтувчи ёки гексахлорфторуглеводородлардан ташқари, озонни емирувчи моддаларнинг баъзи турларини, шунингдек, ўта зарарли озонни емирувчи моддалардан фойдаланилган музлатгич ва ҳаво совитиш ускуналарини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш тақиқланган. Озонни емирувчи моддаларни 2018-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш меъёрлари жорий этилган.

Вена конвенцияси талаблари ижросини ҳамда Миллий дастур доирасида озон қатламини емирувчи моддаларни муомаладан босқичма-босқич чиқаришни таъминлаш мақсадида саноат корхоналарида ишлаб чиқаришни озонга хавфсиз маҳсулотларга ўтказишни қўллаб-қувватлаш, озон қатламини емирувчи моддалар ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларни утилизация қилиш тизимини ишлаб чиқиш, ушбу моддаларнинг ноқонуний айланишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Тадбир давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экоҳаракат депутатлар гуруҳи ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзолари томонидан озон қатламини сақлаш ва муҳофаза қилишга дахлдор “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни нормаларини такомиллаштириш юзасидан тизимли ишлар олиб борилаётгани ҳам қайд этиб ўтилди.

Семинарда сўзга чиққанлар озон қатламини емирувчи моддалар бўйича Монреаль протоколи талабларини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳолати юзасидан маълумот бериш билан бирга, мазкур ҳужжат талабларини амалга ошириш механизмини ва атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш масаларини муҳокама қилдилар.

Семинар якунида муҳокама этилган масала юзасидан билдирилган фикрлар ва таклифлар асосида тегишли тавсия қабул қилинди.


Кўришлар сони: 930

Депутатлар минбари

Янгиликлар

17.11.2018
ЎзЛиДеП фракцияси таклифлари 2019 йилги Бюджетномада акс этди

Мисол учун, 2018 йилда 9,6 трлн. сўм маблағ мазкур тизимга йўналтирилди. Бу эса 2017 йилга нисбатан...

17.11.2018
Депутатлар Давлат бюджетининг 2018 йил 9 ойидаги ижросини муҳокама қилдилар

2018 йилнинг тўққиз ойида Давлат бюджетидан илм-фанни ривожлантиришга молиялаштирилган 213,3 млрд. сўм...

17.11.2018
2019 йил Бюджетномаси депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди

Мажлисда қайд этилганидек, 2019 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши кейинги йилларда унинг ижобий...

Тадбирлар тақвими