Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Жарималар камайтирилиши коррупциянинг олдини олишга хизмат қилади

Жарималар камайтирилиши коррупциянинг олдини олишга хизмат қилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1981 ва 287-моддаларига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси депутатлар диққат марказида бўлди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс (МЖтК)нинг 1981-моддасига асосан қўлланилган маъмурий жарима суд қарорлари ёки бошқа ижро ҳужжатларининг талаблари ихтиёрий равишда бажарилишининг самарали чораси ҳисоблангани ҳолда, айрим ҳолларда, айнан аҳамияти кам суммали ижро ҳужжатларида бундай маъмурий жавобгарлик чораси тескари таъсир кўрсатаётгани таъкидланди. Хусусан, МЖтКнинг 1981-моддаси санкциясида маъмурий жарима фуқароларга энг кам ойлик иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса, ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда кўзда тутилган.

Энг кам жарима миқдори кўп бўлгани натижасида, давлат ижрочиси томонидан қўлланилган энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдоридаги жарима айрим ҳолларда ижро ҳужжати бўйича тўланмаган қарз миқдоридан 2-3 бараварга кўп бўлмоқда. Яъни, қўлланилган маъмурий жазо содир этилган ҳуқуқбузарликка нисбатан номутаносиб бўлиб, фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, бу кам миқдордаги қарздорликни ундиришда муаммо туғдирмоқда. “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 78-моддасига асосан, давлат ижрочиси қарздордан ундирган пул суммасидан биринчи навбатда ижро ҳужжатини ижро этиш жараёнида қарздорга солинган жарималар тўланади, ижро ҳаракатларини амалга ошириш харажатлари қопланади. Шундан ортиб қолган сумма асосий қарздорлик суммасини қоплашга қаратилади.

Натижада кам миқдордаги қарздорликни ундириш мақсадида давлат ижрочилари томонидан маъмурий жавобгарлик қўлланилмаяпти, айрим ҳолларда эса, кам миқдордаги қарздорликни ундириш бўйича мавжуд амалиёт жарима қўлламаслик билан боғлиқ коррупциявий жиноятларни содир этишга шароит яратмоқда.

Бу борада хорижий давлатларнинг ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилганда ҳам, ижро ҳужжатлари талабларини бажармаслик учун қўлланиладиган энг кам жарима миқдорлари Ўзбекистонда ўрнатилган жарима миқдорларидан паст экани аниқланди.

Ижро ҳужжатини ихтиёрий ижро этмаганлик учун маъмурий жарима миқдорини қарздорлик миқдоридан келиб чиққан ҳолда белгилаш, бу каби ҳуқуқбузарликлар учун жазо муқаррарлигини таъминлаш, айни пайтда қарздордан ундириб олинган суммаларнинг бир қисмини асосий қарздорликни қоплашга қаратиш имконини беради. Бу эса, ундирувчининг ҳам қонуний манфаатларини таъминлашга кўмаклашади.

Шунингдек, МЖтКнинг 287-моддасида назарда тутилган ички ишлар томонидан ушлаб туриш чораси қўллаш мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар рўйхатини 474 ва 475-моддалар билан тўлдириш таклиф этилаётгани ҳам фракция аъзоларининг эътиборида бўлди.

Маълумки, жорий йилда МЖтК вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни ҳамда ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлангани учун маъмурий (15 сутка муддатга маъмурий қамоқ) жавобгарликни назарда тутувчи 474 ва 475-моддалари билан тўлдирилган. Бироқ мазкур ҳуқуқбузарликларни жорий этиш билан биргаликда, МЖтКга уларни содир этганлик учун жавобгарликка тортиш механизмлари назарда тутилмаган. Жумладан, МЖтКнинг 294-моддасига мувофиқ, башарти содир этган ҳуқуқбузарлиги учун маъмурий қамоққа олиш чораларини қўллаш назарда тутилган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш вақтида маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг қатнашиши шартлиги, шунингдек, 285-моддага мувофиқ, ишларнинг ўз вақтида ва тўғри кўриб чиқилишини таъминлаш ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар юзасидан чиқарилган қарорларни ижро этиш мақсадида мазкур шахсни маъмурий йўл билан ушлаб туришга йўл қўйилиши кўрсатилган.

Шу билан биргаликда, МЖтКнинг 287-моддасида, санкциясида маъмурий қамоқ назарда тутилган барча моддалар ушлаб туриш чораси қўллаш мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар сифатида санаб ўтилган. Аммо янги киритилган 474 ва 475-моддалар бу рўйхатга киритилмай қолган.

Натижада, гарчи ушбу ҳуқуқбузарликлар шахсни судга олиб келишни ҳамда суд томонидан жазо тайинланганда маъмурий қамоқ жазосини қўллашни талаб қилса-да, МЖтКнинг 287-моддасига киритилмагани сабабли шахсни жавобгарликка тортиш имконияти жиддий чекланмоқда.

Шу сабабли, МЖтКнинг 474 ва 475-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида ва тўғри кўриб чиқилишини,
улар бўйича чиқарилган қарорлар ижросини таъминлаш учун МЖтКнинг
287-моддасидаги ички ишлар органлари томонидан ушлаб туриш мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар рўйхатини 474 ва 475-моддалари билан тўлдириш талаб этилаётгани қайд этилди.

Билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишдан бўйин товлаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жазо мутаносиблиги ва муқаррарлигини таъминлаш мақсадида ушбу таклифлар фракция аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.

Таклиф қилинаётган ўзгартишларни амалга киритиш суд ҳужжатлари
ва бошқа органлар ҳужжатларини ихтиёрий ижро этишдан бўйин товлаётган шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чораларининг адолатлилиги, мутаносиблиги ва муқаррарлигини таъминлашга имкон беради.


Кўришлар сони: 1550

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.11.2018
ХДП фракцияси аъзолари Давлат бюджети ижросини қандай баҳолади?

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида харажатларнинг ижтимоий йўналтирилгани сақлаб қолинган. Ижтимоий...

15.11.2018
“Адолат” СДП фракцияси Давлат бюджети ижросининг қайси жиҳатидан норози бўлди?

Қайд этилганидек, Соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори ўтган...

14.11.2018
«Миллий тикланиш» ДП фракцияси давлат бош молиявий ҳужжатини муҳокама этди

Қайд этилганидек, 2019 йилга режалаштирилган Давлат бюджетининг  маданият соҳасига харажатлари...

Тадбирлар тақвими