Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Фракция аъзолари Уй-жой кодексига ўзгартишлар киритиш таклифини қабул қилмади

Фракция аъзолари Уй-жой кодексига ўзгартишлар киритиш таклифини қабул қилмади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Унда дастлаб Президентимизнинг «Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармонининг мазмун-моҳияти ва ундаги вазифалар муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, 2017-2021 йилларга белгиланган Ҳаракатлар стратегияси доирасида қабул қилинган мазкур ҳужжат қонунчилик базасини тизимлаштириш, ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш барқарорлигини таъминлаш, норма ижодкорлиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, «ақилли тартибга солиш» модели элементларини қўллаш, институционал асосларини такомиллаштириш каби масалаларни ҳал этишга хизмат қилади.

Шунингдек, ушбу Фармонда Олий Мажлис палаталари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси олдига бир қатор вазифалар белгилаб қўйилганлиги билан аҳамиятлидир. Хусусан, қонун ташаббуси ҳуқуқи субъектлари қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш чоғида, унга қоида тариқасида, қонун ва қонуности ҳужжатларини такомиллаштириш, ташкилий-техник чораларини амалга ошириш, уни кенг кўламда тарқатиш ҳамда аҳамиятини тарғиб қилиш бўйича масалаларни ўз ичига олган тадбирлар режасини илова қилиш қайд этилган.

Бундан ташқари, Фармонда тегишли ташкилотларга аниқ белгиланган муддатларда бир хил юридик кучга эга бўлган ҳужжатларни бекор қилиш, қонунчилик базасини тўлиқ хатловдан ўтказиш, умумий тусдаги ҳаракатсиз ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсир этмайдиган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш, миллий базани (www.lex.uz) модернизация қилиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимини яратиш ва синов тариқасида ишга тушириш, илмий-таҳлилий фаолият асосида ишлаб чиқилган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифларни ўз ичига олган онлайн оммабоп ахборот тизимини яратиш ҳамда ушбу вазифаларни доимий равишда бажарилиши устидан мониторинг олиб бориш каби бир қатор вазифалар юклатилган.

Йиғилишда фракция аъзолари сайловчилар билан учрашувларда мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини уларга етказишга ҳамда уни бажарилиши устидан депутатлик назоратини ўрнатган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан таклифларни доимий равишда тақдим этиб боришга келишиб олдилар.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг «Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасига таклифлари қизғин муҳокама этилди.

Қайд этилганидек, амалдаги қонунда Ер участкалари давлат ёки жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар мулкида бўлган уйлар (квартиралар) бузилган тақдирда, мазкур фуқароларга, уларнинг оила аъзоларига, шунингдек ушбу уйларда (квартираларда) доимий яшаётган фуқароларга уларнинг танлови бўйича ва тарафлар келишувига кўра, ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматида тўлиқ ҳажмда тўланиши белгилаб қўйилган. Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида эса, 27- ва 28-моддаларига ўзгартишлар киритиш орқали фақат мулкдорларга тўлаб берилиши назарда тутилмоқда.

Йиғилишда фракция аъзолари ушбу қонун лойиҳаси халқ манфаатларига зид эканлигини, шунингдек бир қатор муаммолар келтириб чиқариши мумкинлигини инобатга олиб, қонун лойиҳасига ўзгартишлар киритиш бўйича таклифни ноўрин деб ҳисоблашди ҳамда фракциянинг асослантирилган таклифларини масъул қўмитага тақдим этишга келишиб олишди.

Фракция йиғилишида бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

 

Дониёрбек ЭРКИНЖОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

«Миллий тикланиш» ДП фракцияси ижрочи котиби


Кўришлар сони: 3763

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.10.2019
Мактабгача таълим тизимига хусусий секторни фаол жалб қилиш қандай натижа беради?

Мутахассисларнинг фикрича, инсон ўз умри давомида оладиган барча ахборот ва маълумотнинг 70 фоизини...

15.10.2019
“Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун қабул қилиш таклифи билдирилди

2019 йил 15 октябрь куни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик...

15.10.2019
Нега баъзи депутатлар шифокорларни тажовуздан ҳимояловчи қонун лойиҳасига қарши?

Кейинги пайтларда кўпайиб бораётган ҳолатлар, яъни, ўз хизмат вазифасини бажараётган шифокорларни ...

Тадбирлар тақвими