Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Судьяларни лавозимига тайинлаш ва адлия органлари фаолиятида шаффофлик таъминланади

Судьяларни лавозимига тайинлаш ва адлия органлари фаолиятида шаффофлик таъминланади

Жамиятимизда коррупциянинг олдини олиш, соҳаларнинг янада ривожланишида очиқлик ва ошкоралик муҳим ўрин тутади. Давлат идоралари фаолиятида шаффофликни таъминлашда эса, жамоатчиликнинг, хусусан, вакиллик органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг улар устидан қонунчиликда белгиланган тартибда назоратни олиб бориши самарали восита ҳисобланади.

Жорий йилнинг 6 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида адлия органлари фаолияти ҳамда судьяларни лавозимига тайинлашда жамоатчилик назорати институтидан фойдаланиш орқали ошкораликни таъминлашга қаратилган қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Фракция аъзолари дастлаб, адлия органлари фаолиятида тизимлилик даражасини оширишга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқишди. Ушбу қонун лойиҳаси орқали Адлия вазирлигининг ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини юритиш, ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини мувофиқлаштириш ва самарадорлигини оширишдаги ролини белгилаб бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси қонунларининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилган.

Фракция аъзолари Адлия вазирининг Олий Мажлис Сенатида ҳар йили ахборот бериши, шунингдек ҳудудий адлия бошқармалари бошлиқлари ҳар ярим йилда, туман (шаҳар) адлия бўлимлари бошлиқлари эса, ҳар чоракда тегишли Халқ депутатлари Кенгашлари олдида ахборот бериши белгилаб қўйилгани, “Адолат” СДП сайловолди дастурида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жамоатчилик олдида ҳисобот бериб бориш тартибини жорий қилиш тамойилига тўла мослигини қайд этишди. Шунингдек, фракция аъзолари бу жараёнларга оммавий ахборот воситалари вакилларини кенг жалб этиш таклифини билдиришди.

Шундан сўнг депутатлар “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилишди.

Қайд этилганидек, ҳозирда судьялик лавозимига номзодларни ўрганишнинг амалдаги тартиби судьялик лавозимига номзодларни танлаш ва лавозимларга тайинлаш бўйича Кенгаш фаолияти объективлигига, шаффофлигига жамоатчиликнинг ишончини ошириш, шунингдек мавжуд бўш иш ўринларини ўз вақтида тўлдириш, судьялик лавозимига барча номзодларни янада тўлиқроқ ўрганиш имконини бермаяпти.

Шу мақсадда қонун лойиҳаси билан республиканинг ҳар бир ҳудудида жамоатчилик асосида фаолият юритадиган Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги комиссияларни тузишни назарда тутувчи қўшимча киритиш таклиф этилмоқда. Мазкур комиссиялар судьялар корпусини ҳалол, адолатли ва лаёқатли кадрлардан шакллантириш учун номзоднинг шахси ҳақида ҳаққоний маълумотларни холисона тўпланишига кўмаклашиши назарда тутилмоқда.

Фракция аъзолари комиссиялар аъзолари таркибида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар билан биргаликда, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳам бўлишини қўллаб-қувватлаган ҳолда, ушбу ўзгаришлар судьяларни танлаш ва тайинлашда коррупциянинг олди олинишига, судьялик лавозимларига номзодлар ҳақида объектив ва шаффоф тарзда маълумотлар тўпланишига эришишда муҳим ўрин тутишини таъкидладилар. Шунингдек, Судьялар олий кенгаши томонидан комиссияни ташкил этишга қаратилган низомни ишлаб чиқишда унинг фаолиятида очиқлик, ошкоралик ва адолатни таъминлаш энг устувор вазифага айланиши лозимлиги тўғрисида таклиф илгари сурилди.

Йиғилиш якунида кўриб чиқилган қонун лойиҳалари юзасидан фракциянинг позицияси ва тегишли қарорлари қабул қилинди.


Кўришлар сони: 665

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.10.2018
Ангорликларни қийнаб келаётган муаммолар туман сессиясида муҳокама этилди

Ўтган қисқа вақт мобайнида Президентимизнинг мазкур топшириғини тўла-тўкис бажариш мақсадида воҳада...

12.10.2018
Ўзбекистон – БМТ: тинчлик ва барқарорлик сари ҳамкорлик

Хавфсизликнинг замонавий таҳдидларига қарши кураш, оммавий қирғин қуролларини тарқалишининг олдини...

11.10.2018
Евросиё парламентлари спикерларининг III йиғилиши самарали кечди

Жорий йил 8-10 октябрь кунлари Туркия Республикасининг Анталия шаҳрида Евросиё парламентлари спикерларининг...

Тадбирлар тақвими