Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Янги қонун лойиҳалари қизғин муҳокама этилди

Янги қонун лойиҳалари қизғин муҳокама этилди

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Қонунчилик палатаси мажлиси муҳокамасига киритилиши режалаштирилаётган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Фракция йиғилишини партия фракцияси раҳбари Сарвар Отамуратов бошқарди.

Йиғилишда дастлаб «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги» Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимчалар ва ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 2017 йил 28 декабрдаги «Меҳнат фаолиятини амалга оширувчи айрим алоҳида тоифадаги пенсионерларга мақбул шароитлар яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонларига мувофиқ ишлаб чиқилган. Қонун лойиҳасининг асосий мақсади алоҳида тоифадаги I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга имтиёзли пенсиялар тайинлаш, шунингдек пенсиялар тўғри тайинлангани ва тўланиши борасида ўтказилаётган текширишлар натижасига кўра аниқланган ортиқча тўловларни пенсиялардан ушлаб қолиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган. Унга кўра, эркаклар иш стажи камида 25 йил, аёллар иш стажи камида 20 йил бўлганда, умумий белгиланган пенсия ёшини 5 йилга қисқартирган ҳолда имтиёзли шартларда ёшга доир пенсия тайинлаш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, пенсионер бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг пенсиядан ортиқча тўланган суммаларни ундириш тўғрисидаги қароридан норози бўлганда, аниқланган қарздорликни суд тартибида ундириш масалалари ўз ифодасини топган.

Фракция аъзолари навбатдаги масала — «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун лойиҳасини қизғин муҳокама қилдилар. Таъкидланганидек, Солиқ кодексининг 330-моддаси 16-бандида туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимлари қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларининг манфаатларини кўзлаб иқтисодий судларга берилган даъволар бўйича бож тўлашдан озод қилиниши назарда тутилган. Аммо амалда бу бўлимлар қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларининг манфаатларини кўзлаб даъво бермаяпти, бундай даъволарни одатда Фермерлар кенгаши ва унинг бўлинмалари бермоқда.

Шу муносабат билан, Солиқ кодексининг 329 ва 330-моддаларига айрим шахсларга бож тўлаш бўйича берилган имтиёзларни бекор қилувчи ўзгартиришларни киритишда нотариусларнинг ижро ёзувларидан фойдаланиш амалиётини кенгайтириш мақсадида судларга мурожаат этишда давлат божларини тўлашдаги имтиёзлар танқидий ўрганиб чиқилди ва Солиқ кодексининг кўрсатилган моддаларида фақат бюджетдан молиялаштириладиган, кам таъминланган ва ижтимоий таъминотга муҳтож шахсларга, шунингдек Ўзбекистан Республикаси Президентининг қарорлари ёки қонунларда белгиланган имтиёзлар сақланиб қолинди.

Шу билан бирга, маъмурий судлар ташкил этилгани ва уларнинг ваколатига маъмурий ва бошқа оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўриш берилгани сабабли Солиқ кодекси маъмурий судларга мурожаат килишда давлат божини тўлашдан озод қилинган шахсларнинг рўйхатини назарда тутувчи янги 3301-модда билан тўлдирилмоқда.

Шундан келиб чиқиб, Солиқ кодекси 329, 330, 3301-моддалари судларга мурожаат этишда давлат божларини тўлашдан озод қилинган шахсларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилганда давлат божи шу шахслардан ёки манфаати кўзланиб ариза тақдим этилган шахслардан талабнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилишини белгиловчи янги қисм қўшилмоқда.

Шунингдек, йиғилишда адлия органлари фаолияти тизимлилигини оширишга қаратилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Ушбу қонун лойиҳаси билан 7 та қонун ҳужжати — Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги, «Парламент назорати тўғрисида»ги, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги ва «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги қонунларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Қонун лойиҳасига кўра, тегишли халқ депутатлари Кенгашлари томонидан Адлия вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг жойларда норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати бўйича ҳисоботларини эшитиш, Олий Мажлис Сенати томонидан ҳар йили Адлия вазирининг давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати тўғрисида ахборотини эшитиш назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши адлия органлари фаолияти тизимлилиги даражасини оширади ҳамда давлат ҳокимияти вакиллик органларининг адлия органлари фаолияти устидан назорат ваколатларини кучайтиради. Шунингдек, Адлия вазирлигининг ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини юритиш, ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини мувофиқлаштириш ва самарадорлигини оширишдаги ролини белгилаб беради.

Йиғилишда бошқа қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилиб, барча масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.


Кўришлар сони: 174

Депутатлар минбари

Янгиликлар

20.08.2018
Давлат гранти “Учинчи сектор” фаоллигини янада оширади

Давлат грантлари доирасида жамиятда соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг тарғиб этиш, камқонлик в...

18.08.2018
Парламентлараро алоқалар янги босқичга кўтарилади

Мамлакатимизда давлат ташрифи билан бўлиб турган Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон 1...

17.08.2018
Депутатлар аҳолининг соғлом овқатланиши масаласини таҳлилий ўрганмоқда

Мазкур деҳқон бозори ҳудудида жойлашган баъзи умумий овқатланиш шохобчаларида соғлом овқатланишни ...

Тадбирлар тақвими