Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Адвокат бюрократик тўсиқларга дуч келмайди(ми?)

Адвокат бюрократик тўсиқларга дуч келмайди(ми?)

Жорий йилнинг 2 август куни Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ва Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳамкорлигида “Адвокатлар фаолиятининг ҳуқуқий асослари: муаммо ва ечимлар” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, Адвокатлар палатаси мутасаддилари, адвокатлар, экспертлар ва партия фаоллари қатнашди.

Таъкидланганидек, ўтган даврда адвокатура институтини ривожлантириш, унинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатларини таъминлашда тутган ўрни ролини ошириш, айблов ва ҳимоянинг тенглигини, одил судловни амалга оширишда томонлар тортишуви принципини таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътироф этилиб, унинг ҳуқуқий асослари яратилди. Шу билан бир қаторда, шиддат билан ўзгараётган ҳозирги даврда кўплаб соҳа каби адвокатура институтини ҳам ҳуқуқий жиҳатдан янада такомиллаштириш долзарб вазифалардан саналади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 майдаги “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ушбу соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтарди. Мазкур ҳужжат билан тасдиқланган “Адвокатура институтини янада такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар дастури”га мувофиқ, амалдаги қонунчиликка бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Давра суҳбатида ушбу йўналишда ишлаб чиқилган “Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси атрофлича муҳокама этилди.

Депутатлар фикрича, қонун лойиҳасининг асосий мақсади жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлашда адвокатуранинг роли ва аҳамиятини ошириш, профессионал ҳуқуқий ёрдам сифатини ҳамда адвокатлик касби нуфузини ошириш, шунингдек суд ишини юритишда тенглик, тортишув принципларини тўлиқ рўёбга чиқаришга қаратилган.

Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, “Адвокатура тўғрисида” ва “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Жумладан, қонун лойиҳасида адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш учун адвокатлик тузилмасида мажбурий стажировка ўташ муддатини олти ойдан уч ойгача қисқартириш, давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходимлари ва судья, терговчи ёки прокурор лавозимида камида уч йил фаолият юритган шахсларни мажбурий стажировка ўташдан озод қилиш, адвокат мақомини олиш бўйича малака имтиҳонини такроран топшириш муддатини бир йилдан олти ойгача қисқартириш, ҳар бир танланган ихтисослик бўйича алоҳида лицензия асосида юридик ёрдам кўрсатишга доир нормалар белгиланмоқда.

Муҳокамада сўзга чиққанлар, айниқса, қонун лойиҳасида назарда тутилаётган адвокат сўровини кўриб чиқиш тартиби ва муддатларини, адвокатга нисбатан интизомий чоралар қўллаш муддатларини аниқ белгилаш, лицензиянинг амал қилишини Олий малака комиссияси хулосаси асосида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг мурожаати бўйича фақат суд тартибида тугатиш ҳамда адвокатларга нисбатан интизомий ишни фақат тегишли малака комиссияси ёки Олий малака комиссияси қарори билан қўзғатишга доир нормалар адвокатлар ҳуқуқларининг тўлиқ рўёбга чиқарилишига тўсиқ бўлаётган бюрократик тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.

Ўз навбатида, Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда тезкорлик ва самарадорликни ошириш, адвокатлар ҳуқуқларини кенгайтириш ҳамда адвокатура институтининг нуфузини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирда сўзга чиққан “Адолат” СДП депутатлари ва экспертлари адолатлилик ғояси, барчанинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, “Адолат — қонун устуворлигида” тамойилини амалиётга янада кенг жорий этиш партиянинг энг муҳим дастурий вазифаларидан эканига иштирокчилар эътиборини қаратдилар.

Ўзбекистон “Адолат” СДП ва Адвокатлар палатаси ўртасида имзоланган Меморандум доирасида ҳамкорликни янада ривожлантириш, соҳада учраётган ҳуқуқий бўшлиқларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси орқали соҳага доир қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар олиш тизимли йўлга қўйилгани айтиб ўтилди.

Давра суҳбатида иштирокчиларнинг “Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни лойиҳасини янада такомиллаштиришга оид таклиф-мулоҳазалари тингланди. Шунингдек, тадбирда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда, қонунлар моҳиятини фуқаролар онгига сингдириб боришда бевосита адвокатура тизимининг иштирокини янада кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.


Кўришлар сони: 1731

Депутатлар минбари

Янгиликлар

13.12.2018
Депутатлар соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларни ўрганди

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Наримон Умаров бошчилигидаги ишчи гуруҳ...

13.12.2018
Сессияларда ҳудудлардаги аҳвол, аҳолини қийнаб келаётган муаммолар муҳокама қилинмоқда

2018 йил 13 декабрь куни Cирдарё вилоятининг Янгиер шаҳри ва Сайхунобод тумани ҳокимликларида Олий...

11.12.2018
Депутатларнинг эътирози ва жиддий танқидига учраган қонун лойиҳаси янги ном билан қайта кўриб чиқилди

Аввал хабар берганимиздек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган мажлисида «2019...

Тадбирлар тақвими