Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Тадбиркорлик ҳимоясида ҳам, ҳуқуқбузарликлар профилактикасида ҳам адолат бўлади

Тадбиркорлик ҳимоясида ҳам,  ҳуқуқбузарликлар профилактикасида ҳам адолат бўлади

Бундан уч йилча муқаддам бир йигитга Фарғона вилояти Тошлоқ туман ҳокимлиги томонидан, сиз тадбиркорлик фаолиятини бошлаб, аҳолимизни иш-жойли қилинг, ўзингиз ҳам барака топасиз, банкдан кредит олиш масаласига ўзимиз кўмаклашамиз, дея ваъдалар берилади. Йигит ишониб, якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтади. Аммо ваъда қилинган кредитдан дарак бўлавермагач, иш тўхтайди. Йигит эса, ҳаммасига қўл силтаб, чет давлатга ишлаш учун кетади.

Уч йилдан сўнг қайтганида эса, уйига солиқдан дўржигина қарздорлик бўйича хабарнома келади. Йигит бошланмасидан тугаган тадбиркорлик фаолияти ҳақида қанча тушунтириш бермасин, кор қилмайди: муқаррар солиқ тўланиши лозим, деган жавоб олади. Аксига олиб, кредит масаласида ёрдамлашамиз, деганлар ҳам ўзини четга олишдан бошқасига ярамайди.

Хўш, шу ва шунга ўхшаган ҳолатларда “емаган сомсасига пул тўлаш”ига мажбур бўлаётган, адолатсизликдан бошини қайси деворга уришни билмаётган тадбиркорларга Президентимиз томонидан яқинда имзоланган “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонда нималар назарда тутилган?

Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси томонидан ўтказилган йиғилишида шу каби масалалар ва Фармон ижросини таъминлашда фракцияси олдида турган вазифалар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Фармон билан 2018 йил 1 апрелга қадар якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсларга ва мазкур санадан эътиборан молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган, жумладан, фаолиятини вақтинча тўхтатган якка тартибдаги тадбиркорларга ҳисобланган қатъий белгиланган солиқдан, ушбу қарздорлик учун ҳисобланган пенялар бўйича қарздорликлар, шунингдек, молиявий жарималар ва суд харажатлари бўйича ҳисобланган қарздорликларни ҳисобдан чиқариш, яъни воз кечиш белгиланмоқда.

Бу қарздорликларни ҳисобдан чиқариш учун эса, тадбиркорлик субъекти 2019 йил 1 январга қадар тадбиркорлик фаолиятини тиклаши ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтиши кифоя қилади.

Фракция аъзоси А.Умиров таъкидлашича, мазкур ҳужжатда, шунингдек, ўтказиладиган текширувларнинг очиқлиги, ошкоралиги ва холислигини таъминловчи назорат қилувчи органлар фаолияти устидан Савдо-саноат палатаси ҳамда бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш орқали мустақил жамоатчилик назорати тизими жорий этиш белгилангани партия Сайловолди дастурида илгари сурилган ғояларга ҳамоҳангдир. Зеро, “Адолат” СДП қонун ҳужжатларининг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари томонидан бажарилиши юзасидан жамоатчилик, фуқаролик институтларининг самарали назорат механизмини яратиш тарафдори.  

Муҳокамалар жараёнида фракция аъзоларининг, партия ва унинг жойлардаги депутатлик корпусининг ушбу масалалардаги иштирокини фаоллаштириш, Фармон мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш лозимлиги таъкидланди.

Шундан сўнг фракция аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 27 июль куни жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларнинг бугунги  ҳолати, бу борада ички ишлар органлари ва бошқа давлат идораларининг масъулиятини янада ошириш, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросида Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик корпусининг ўрни ва вазифалари муҳокама қилинди.

Ушбу видеоселектор йиғилишида қайд этилганидек, энди жиноятчиликни жиловлаш бўйича ишлар бутунлай янгича тизимда ташкил этилади. Бу тизим “Жиноят ҳақиқати ва адолат” деб номланади. Масъул раҳбарлар жойларга бориб, ҳар бир содир этилган жиноятларнинг сабабларини ўрганади, муҳокама қилади, такрорланишининг олдини олишга қаратилган аниқ чоралар кўради.

Албатта, бу тизимни ҳаётга самарали жорий этишда фракция аъзолари ва жойлардаги депутатлик корпусимиз ҳам фаол иштирок этиши лозим. Хусусан, фракция аъзолари ҳар ойнинг 10-12 кунида жойларда ижтимоий-иқтисодий ҳолатни ўрганиши билан бирга, ҳудуддаги ижтимоий-маънавий муҳит, жиноятчиликни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси каби масалаларга ҳам эътиборни кучайтириши лозимлиги таъкидланди. 

Шунингдек, партиядан сайланган маҳаллий кенгашлар депутатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳисоботларини Кенгашларда эшитаётганда фақат рақамларга эмас, ўша рақамларни келтириб чиқарган сабаб ва омилларга ва уларни бартараф этиш бўйича амалга оширилган ишларга, яъни жиноят ҳақиқати ва адолатга диққат қаратишлари лозимлиги қайд этилди.

Йиғилиш якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан фракция олдида турган вазифалар белгилаб олинди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Баҳром БУРҲОНИДДИНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби


Кўришлар сони: 668

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.10.2018
Ангорликларни қийнаб келаётган муаммолар туман сессиясида муҳокама этилди

Ўтган қисқа вақт мобайнида Президентимизнинг мазкур топшириғини тўла-тўкис бажариш мақсадида воҳада...

12.10.2018
Ўзбекистон – БМТ: тинчлик ва барқарорлик сари ҳамкорлик

Хавфсизликнинг замонавий таҳдидларига қарши кураш, оммавий қирғин қуролларини тарқалишининг олдини...

11.10.2018
Евросиё парламентлари спикерларининг III йиғилиши самарали кечди

Жорий йил 8-10 октябрь кунлари Туркия Республикасининг Анталия шаҳрида Евросиё парламентлари спикерларининг...

Тадбирлар тақвими