Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Ярим йиллик фаолият сарҳисоб қилинди

Ярим йиллик фаолият сарҳисоб қилинди

Жорий йилнинг 20 июль куни Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди. Унда фракциянинг 2018 йил биринчи ярмидаги фаолияти, амалга оширган ишлари, қонунчилик ташаббуслари, ҳудудлардаги фаолияти хусусида ахборот берилди.

Матбуот анжуманида «Миллий тикланиш» ДП фракцияси раҳбари С.Отамуратов шу йилнинг ўтган даврида фракция аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида ҳамда парламентга Мурожаатномасида белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, муайян ишларни амалга оширганини таъкидлади.

Қайд этилганидек, фракция аъзолари барча йўналишдаги фаолиятида асосий эътиборни амалий ишларга қаратди. Жумладан, қонун ижодкорлиги соҳасида фракция аъзоларининг фаоллиги бирмунча ошганлиги кузатилди. Ҳисобот даврида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан 11 та қонун лойиҳаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган бўлса, уларнинг 9 тасида фракция аъзолари иштирок этди. Бундан ташқари, партия дастурий вазифалари ва электорат манфаатлари ҳамда фуқаролар мурожаатларидан келиб чиқиб, бир қатор ташаббуслар илгари сурилди. Масалан, фракция аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида 3 та қонун лойиҳаси – «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги, «Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида»ги, «Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди ва Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди. Кенг жамоатчиликнинг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлган «Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида»ги Қонун 2018 йил 2 июль куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланди.

Бундан ташқари, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган 73 та қонун лойиҳаларининг 41 таси бўйича фракция аъзолари масъул бўлиб, уларнинг қабул қилинишида фаол иштирок этдилар.

Парламент қуйи палатасида муҳокама қилинаётган қонун лойиҳаларини такомиллаштириш, кенг жамоатчиликка етказиш ва аҳолининг фикр-мулоҳаза, таклифларини олиш мақсадида жойларда 260 га яқин тадбирлар ташкил этилди. Бу жараёнларда 18 та қонун лойиҳаси муҳокама қилиниб, фуқаролардан 500 га яқин таклифлар олинди. Ушбу таклифлар фракция аъзолари томонидан чуқур ўрганилиб, шу асосда 164 та таклиф қонун лойиҳаларини такомиллаштириш учун масъул қўмиталарга киритилди.

Ўтган даврда фракция йиғилишларда жами 184 та масала кўриб чиқилди. Шундан 16 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг муҳим ижтомий-сиёсий, иқтисодий ва ташқи сиёсат соҳаларидаги долзарб масалалар бўйича фармонлари, қарорлари ва маърузаларидан келиб чиқадиган устувор вазифаларга, 122 таси қонун ижодкорлиги фаолиятига, 4 таси назорат-таҳлил фаолиятига ҳамда 39 таси фракциянинг фаолиятига оид бошқа ташкилий масалаларга бағишланган.

Президентимиз 12 июлдаги маърузасида ёшлар қонунларни қабул қилиш жараёнларини, партиялараро рақобат ва тортишувлар асосида ўтадиган мажлисларни ўз кўзи билан кўриши, депутатлар билан мулоқот қилиши учун шароит яратиш масаласини илгари сурган эди. Шу мақсадида 313 нафар ёшлар фракциянинг 19 та йиғилишида иштирок этди, депутатлар билан бевосита суҳбатлашиш имконига эга бўлди, уларнинг 34 та таклифлар билдирилди ва уларга жавоблар қайтарилди ҳамда айримларига ҳал этишга кўмаклашилди.

Аммо бу етарли эмаслиги таъкидланди. Партия сафида ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Шундай экан, уларни қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолиятни янада кучайтириш, парламентга ташрифини мунтазам ташкил этиш, уларни сиёсий жараёнлардан доимий хабардор қилиб бориш ва шу орқали сиёсий-ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш зарур. Бундан ташқари, фракция аъзолари шу йил 4 июль куни ёшлар масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида Президентимиз томонидан қайд этилган муҳим масалаларда фаол бўлиши, ёшлар билан кўпроқ учрашиб, дарду ташвишларини тинглаши, муаммоларини ўрганиши лозимлиги қайд этилди.

Фракция аъзоларининг ҳудудлардаги фаолияти, сайловчилар билан учрашувлари олдинги йилларга нисбатан самарали кечди. Хусусан, жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминлаш юзасидан ҳисобот даврида 64 та туманда олиб борилаётган ишлар ўрганилди. Ўрганишлар натижасида 316 та давлат органлари, 418 та тадбиркорлик субъектлари, 473 та ижтимоий соҳа объектлари, 367 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда 3 642 та хонадон, жами 5 216 та объектлардаги бугунги реал ижтимоий-иқтисодий ҳолат билан яқиндан танишилиб, таҳлил қилинди ва ушбу жараёнларга 17 мингга яқин аҳоли қамраб олинди. Фракция аъзолари томонидан ўрганишларда аниқланган масалаларни ечими юзасидан тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларга 27 та депутатлик сўрови юборилиб 21 та (77 %) масала ижобий ҳал этилган, 2 тасига жавоб кутилмоқда, қолган 4 таси жойлардаги Давлат дастурининг 2019 йилга киритилиши билан боғлиқ.

Аҳоли томонидан асосан уй-жой, коммунал (357 та), аҳоли бандлиги (168 та), таълим (272 та), тиббий хизматлар (309 та), интерактив давлат хизматларини кўрсатиш (63 та), банк кредит (119 та), тадбиркорлик (104 та), транспорт ва йўл қурилиши (128 та) каби жами 1 500 дан зиёд масалалардаги мавжуд муаммолар ўртага ташланган. Уларнинг 1 200 га яқини фракция аъзолари томонидан ва тегишли маҳаллий давлат органлари ҳамкорлигида жойида ҳал этилган бўлса, 300 га яқини республика миқёсида кўриб чиқилиши лозим бўлган масалалар юзасидан тегишли вазирлик, идора ва бошқа давлат ташкилотларига юборилди, ижроси депутатлик назоратга олинган.

Фракция аъзоларининг ОАВлар орқали чиқишларида амалга оширилаётган ислоҳотларда, сиёсий жараёнларда муносабатлари кенг ёритилиб борилди. Хусусан, босма ОАВларида 304 та, электрон (расмий веб-сайтларда) 513 та, ТВда 254 та, радиода 271 та, ижтимоий тармоқларда 643 та, китоб ва тўпламларда 4 та, жами 2 000 яқин чиқишларни амалга оширдилар.

Парламент назоратини амалга ошириш бўйича фракция йиғилишларида Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг), Ҳисоб палатасининг 2017 йилги фаолияти якунларига бағишланган ҳисоботи ҳамда Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йилдаги ва 2018 йил I чорак якунлари ижроси тўғрисида Молия вазирлигининг ҳисоботлари тингланди. Мазкур жараёнларда партия дастурий вазифалари ҳамда электорат манфаатларидан келиб чиқиб қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Хусусан, жорий йил учун фракция ташаббуси билан меъморий-тарихий, ижтимоий-маданий объектларини асраб-авайлаш ва туризм салоҳиятини ривожлантириш, шунингдек, янада оммалаштириш ва тарғиб қилиш мақсадида, мамлакатимиздаги маданий ва археология мероси объектларида консервациялаш ва реставрация қилиш ишларини ўтказиш бўйича дастурни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 38,7 млрд.сўм ажратилишига эришилган. Ушбу кўрсаткич ўтган 2017 йилга нисбатан қарийб 13 млрд.сўмга ортиқ эканлигини қайд этилди ҳамда парламент назорати йўналишидаги ишларни янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Матбуот анжуманида қайд этилганидек, ҳисобот даврида партия фракциясининг фаолиятида ўзгаришлар кузатилди. Аммо ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар талай эканлиги, амалий ишлар салмоғини янада кучайтириш, иш режада кўзда тутилган вазифаларни ўз вақтида амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.


Кўришлар сони: 8957

Депутатлар минбари

Янгиликлар

20.07.2019
Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик — демократик жамиятнинг асосий тамойилларидан бири

Пойтахтимиздаги Корейс маданияти ва санъати уйида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ...

19.07.2019
ЎзХДП фракцияси фаолияти юзасидан ахборот берди

Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳалари бўйича фракциянинг 134 та таклифи ишлаб чиқилиб, ...

18.07.2019
Депутатлар автомобиль ойналарини қорайтириш масаласини қандай ҳал қилмоқчи?

“Адолат” СДП фракцияси депутатларига халқимиз томонидан ҳайдовчи ва йўловчиларни ёзнинг жазирама...

Тадбирлар тақвими