Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

ЎзМТДП фракцияси ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалаларини муҳокама қилди

ЎзМТДП фракцияси ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалаларини муҳокама қилди

Бугун Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси «Ёшлар қаноти» ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан 30 июнь – Ўзбекистон Республикаси ёшлари куни муносабати билан «Партия фаолиятида «Ёшлар қаноти»нинг ўрни ва роли» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Давра суҳбатида ўтган давр мобайнида Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси томонидан ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилган ишлар танқидий таҳлил қилинди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига олиб чиқилган бўлиб, ёшлар билан ишлаш доимо ислоҳотлар марказидан ўрин олади. Бугун Ўзбекистонда ёшлар мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил этади. Замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялаш мамлакатни барқарор ва илдам ривожлантиришнинг энг муҳим шартидир.

Сўнгги йилларда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини намоён қилиш, уларнинг фуқаролик жавобгарлигини ва олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлигини ошириш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ўтган йили Ёшлар иттифоқи Қурултойида 30 июнь куни – республикамизда Ёшлар куни этиб белгиланди ва кенг нишонланди. 2018 йил 27 июнь кунидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастури тўғрисида»ги фармони имзоланди.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш, банд бўлмаган ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва бизнес юритиш кўникмаларига ўқитиш, шунингдек, умуман ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш орқали уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган «Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастури амалга оширилади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2017 йил 12 июлдаги видеоселектор йиғилишида сиёсий партияларнинг ёшлар ўртасида олиб бораётган ишлари, партиялар қошида ташкил этилган «Ёшлар қанотлари»нинг фаолиятига танқидий ёндашиб, Ёшлар иттифоқи Қурултойида тилга олинган устувор масалаларни ҳар бир партия алоҳида ўрганиб, тегишли йўналиш бўйича ўз вазифаларини аниқ белгилаб олиши кераклиги ҳақида таъкидлаб ўтган эди.

Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уюшмаган ёшлар билан ишлаш, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида чора-тадбирлар қабул қилинди.

Давра суҳбатида эътироф этилганидек, чора-тадбирлар асосида партия «Ёшлар қаноти» томонидан «Хизмат - беминнат», «Навоий ворислари», «Депутат билан юзма-юз», «Уйма-уй» лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилди. Жумладан, 2017 йил ва 2018 йилнинг ҳозирги кунига қадар «Хизмат - беминнат» лойиҳаси доирасида Республика бўйича 710 та ўқув курслари ташкил қилинган бўлиб, унда «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» танлови ҳамда кўпгина фан олимпиадалар ғолиблари, жами 650 дан ортиқ кўнгиллилар томонидан 1586 та уюшмаган, 1218 та фанлардан ўзлаштириши паст бўлган, 1679 та кам таъминланган оилалар фарзандлари жами 4500 га яқин ёшларга қўшимча бепул таълим берилди. Бу лойиҳа натижасида мазкур ўқувчилардан 26 нафари олий таълим муассасаларига талаба бўлишга муваффақ бўлди. Улардан 8 нафари давлат гранти асосида, 18 таси эса шартнома асосида ўқишга қабул қилинди.

«Навоий ворислари» Республика кўрик-танлови Алишер Навоий таваллудининг 577 йиллигига бағишлаб ўтказилди. Кўрик-танловнинг туман (шаҳар) ва ҳудудий босқичларида мамлакатимизнинг 2 минг 853 мактабидан жами 6 минг 246 нафар ўқитувчи ўз ўқувчилари билан бирга иштирок этиб, шундан 206 нафар қатнашчи ғолибликни қўлга киритди. Танловнинг ҳудудий босқичларида 206 нафар ёшдан 14 нафари республика босқичига йўлланмани қўлга киритди ва танловнинг якуний босқичида барча ҳудудлардан 1-ўринни эгаллаган иқтидорли ва истеъдодли ёшлар ўзаро беллашдилар.

Шунингдек, «Депутат билан юзма-юз» лойиҳасида ёшлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотларда 780 дан зиёд масалалар кўтарилган бўлиб, буларнинг 147 таси маънавий-маърифий, 172 таси иқтисодий, 378 таси ижтимоий, 86 таси ҳуқуқий соҳаларга оид масалалардир. Мазкур масалаларнинг 301 таси ижобий ҳал этилган, 206 таси тегишли ташкилотларга юборилган ва 276 тасига партиядан сайланган депутатлар орқали тушунтириш ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

«Уйма-уй» лойиҳаси доирасида республика бўйича 5 мингдан ортиқ хонадонларга ташриф буюрилиб, 4910 та муаммоли масалалар рўйхатга олинди. Натижада 550 нафардан зиёд ёшларнинг иш билан таъминланишига эришилди, 1000га яқин масалалар ишчи гуруҳи аъзолари томонидан ижобий ҳал этилди, 600 га яқин мурожаатларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, 40 нафар ёшларга 345 млн. 250 минг сўмлик кредит ажратилишига ёрдам берилди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси «Ёшлар қаноти»нинг янги ташаббусларига ҳам атрофлича тўхтаб ўтилди. Республика миқёсида таълим муассасаларида мусиқа фанининг ўқитилиши, «Баркамол авлод» марказлари фаолиятлари, ўғил болалар ва қиз болалар махсус интернат мактабларининг ҳолати ўрганилиб, аниқланган камчиликлар таҳлил этилиб, таклифлар тайёрланди.

Тадбирда партия ташкилотлари қошида янги ташкил этилган «Кўмак» тарғибот гуруҳларининг мақсади, асосий вазифалари маълум қилинди. Таъкидланганидек, мазкур гуруҳ ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, уларда етакчилик қобилиятини шакллантириш, шунингдек, ижтимоий-сиёсий фаол ёшларни жамоатчилик асосида «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги депутатларига бириктириш орқали келгусида партияга захира кадр, депутатликка номзод сифатида тайёрлашга хизмат қилади, ёшларнинг жойларда қонунларни тарғиб этишга доир ижтимоий-сиёсий ташаббусларини қўллаб-қувватлайди.

Давра суҳбатида ёшлар фаол иштирок этдилар, савол-жавоблар, таклиф-мулоҳазалар, танқидий ва таҳлилий фикрлар билдирдилар.

Давра суҳбати иштирокчилари бўлган ёшлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси бўйлаб саёҳат қилдилар, депутатларнинг фаолияти билан танишдилар.

Давра суҳбати сўнгида «Ёшлар қаноти» фаолиятида фаол ҳамкорлик ҳамда ташаббус кўрсатиб келаётган бир қатор ёшлар Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши томонидан тақдирландилар.


Кўришлар сони: 8656

Депутатлар минбари

Янгиликлар

11.12.2019
Ўзбекистон — Япония: алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди

Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад Ўзбекистон — Япония ўртасидаги парламентлараро ва маданий-гуманитар...

09.12.2019
ДЕПУТАТЛАР УЗОҚ МУҲОКАМАЛАРДАН СЎНГ ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ СОЛИҚ КОДЕКСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИЛАР

Мажлисида депутатлар эътиборига иккинчи ўқишда ҳавола этилиб, муҳокама марказида бўлган долзарб ...

09.12.2019
Махсус иқтисодий зона иштирокчиларига ҚҚСдан енгилликлар белгиланмоқда

2019 йил 9 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Махсус...

Тадбирлар тақвими