Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Фракциялараро муҳокамалар: автомототранспорт воситалари ижараси кимларга берилади?

Фракциялараро муҳокамалар: автомототранспорт воситалари ижараси кимларга берилади?

Шу кунларда парламент қуйи палатаси қўмиталарида бир қатор қонун лойиҳалари кенг муҳокама қилинмоқда. Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилиб, Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 565-моддасига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ана шулардан бири.

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан сиёсий партиялар фракциялари вакиллари, тегишли идоралар мутасаддилари, соҳа мутахассислари иштирокида кенгайтирилган тарзда ўтказилган тадбирда ушбу ҳужжат нормалари юзасидан қизғин фикр алмашилди.

Мамлакатимизда миллий туризм индустриясини, автомототранспорт воситаларининг ижара бозорини ривожлантириш долзарб аҳамият касб этиш билан бирга ушбу соҳага эҳтиёж тобора сезилмоқда. Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Алишер Каримовнинг маълум қилишича, транспорт воситаларини ижарага бериш масалалари нотариал тасдиқлаш талаб этиладиган битимлар турига киритилган. Жаҳон тажрибасидан аёнки, туристларга биринчи навбатда қулайлик яратиш мақсадида уларга автотранспорт воситаларидан фойдаланишда ҳеч қандай ортиқча маъмурий чекловлар, тўсиқлар белгиланмаган. Бизнинг қонунчилигимизда эса ушбу жараён қўшимча вақт, харажат талаб қилади. Таклиф этилаётган қонун лойиҳасига кўра, автомототранспорт воситаларини 30 кунгача бўлган муддатга нотариал тасдиқловсиз ижарага бериш кўзда тутилмоқда. Эътиборли жиҳати, автомототранспорт воситаларини ижарага бериш бўйича хизматлар ихтисослашган юридик шахсларга берилаяпти. Бу мамлакатимизга хориждан келаётган сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатишни таъминлайди, шунинг баробарида, ички туризмни ривожлантиради.

– Мақсад тушунарли, – дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси вакили Саттор Раҳматов. – Автомототранспорт воситаларини ижарага бериш бўйича хизмат кўрсатишга ихтисослашган, деган жумлага эътирозим бор. Бу ихтисослашув нимага керак? Дейлик, менинг ҳайдовчилик гувоҳномам бор, демак, машина бошқаришга ҳуқуқим бор, машина эгасидан машина олмоқчиман. Бу ерда қанақа ихтисослашув керак? Яна бир мунозарали савол, нега айнан юридик шахсларга бу имтиёз берилмоқда, жисмоний шахсларнинг ҳам қанчадан қанча автомашиналари бор. Ушбу лойиҳада қатъий чегаралар қўйилган, буни аниқлаштириш керак.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси Абдурашид Абдуқодиров мазкур фаолиятнинг сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида айнан автомототранспорт воситаларини ижарага бериш юридик шахсларга берилаётганини қайд этди.

– Ушбу таҳрирни қўллаб-қувватлаган ҳолда, айтиш мумкинки, бизнинг асосий вазифамиз техникани ижарачига соз ҳолатда бериб, уни шу ҳолатда қайтариб олиш, бир сўз билан айтганда, фойда олишга эришишдир, – дейди Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси Азамат Пардаев. – Шундай иш юритиш керакки, хориждан келаётган туристми ёки мамлакатимиз фуқароларими ушбу хизматга бир маротаба эмас, кўп маротаба мурожаат қилишсин. Шу талабларга ихтисослашмаган оддий фуқаро қандай жавоб беради? Фикримча, мазкур таҳрирни қўллаб-қувватлашимиз керак.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси Умиджон Сулаймонов ушбу қонун қабул қилингандан кейин айрим камчиликлар юзага чиқиши эҳтимоли бўлган жиҳатларга эътибор қаратди. Айни чоғда автомототранспорт воситаларини юридик шахслар билан бир қаторда якка тартибдаги тадбиркорларга ҳам ижарага бериш таклифини илгари сурди.

– Муҳокама қилинаётган қонун лойиҳаси концепциясини тўла қўллаб-қувватлаймиз, – дейди “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси Нодир Мухторов. – Қайд этиш жоизки, мазкур фаолият билан шуғулланиш учун бир нечта ходимлар, яъни механик, инженер, транспорт созлигини текширувчи, чет эллик турист бўлса таржимон керак бўлади. Буларни жамлайдиган бўлсак, ушбу хизматни айнан юридик шахс ташкил этиши лозимлигини кўрсатади. Бизга маълумки, якка тартибдаги тадбиркор иккита ходим олиши мумкин, ўзи билан уч нафарни ташкил этади, холос.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида “ихтисослашган”, деган сўзнинг қўшилиши, албатта, бу соҳада хизмат кўрсатувчиларни торайтиради. Шу билан бирга, туристнинг хавфсизлигини таъминлаш борасида уларнинг масъулиятини кучайтиради.

Автомототранспорт воситаларини ижарага бериш бўйича хизматларни фақат юридик шахсларга берилиши қизғин тортишувларга сабаб бўлди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси Шуҳрат Полвонов қонун лойиҳаси муҳокамасида жуда кўп тортишувлар бўлаётгани унга тор доирада эътибор қаратилаётгани натижаси, деб таъкидлади. Депутатнинг фикрича, Фуқаролик кодексига киритилаётган ўзгартиш фуқаролик ҳуқуқи назариясига зиддир. Нима сабабдан? Ижара шартномаси бу фуқаролик ҳуқуқий муносабат, бу шароитда томонлар тенг. Бунга зид равишда қўшимча киритилаётгани эса мана бу тарафгина шартнома туза олади, деган чекловни қўйяпти. Бу эса тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда.

Бўлиб ўтган қизғин баҳс-мунозараларда қонун лойиҳасининг мамлакат туризм салоҳиятини юксалтиришдаги аҳамиятидан келиб чиқиб, мухолиф фракциялар уни қайта кўриб чиқиш ҳамда концептуал ўзгартишлар киритиш зарурлигини таъкидлаб ўтишди.

Йиғилиш якунида маъсул қўмита ушбу қонун лойиҳасини мутахассислар ва кенг аҳоли иштирокида атрофлича муҳокама қилишга келишиб олди.


Кўришлар сони: 1875

Депутатлар минбари

Янгиликлар

16.08.2018
НОРМА ИЖОДКОРЛИГИ ФАОЛИЯТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ КОНЦЕПЦИЯСИ АМАЛДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йил 8 августда қабул...

15.08.2018
Қуйи палата қўмиталарида Давлат бюджети ижроси муҳокама этилди

Қайд этилганидек, Ҳаракатлар стратегиясининг тизимли амалга оширилиши юртимиз иқтисодиётида таркибий...

15.08.2018
ЎзЛиДеП фракцияси Давлат бюджетининг ижросини қандай баҳолади?

2018 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида кўчмас мулк объектларини ва ер майдонларини ялпи хатловд...

Тадбирлар тақвими