Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Долзарб қонун лойиҳалари — муҳокамада

Долзарб қонун лойиҳалари — муҳокамада

Қонунларнинг ҳар жиҳатдан пишиқ, пухта тайёрланишига эришиш, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмларини яратиш парламентнинг долзарб вазифаларидан ҳисобланади. Зеро, мукаммал қонунлар, энг аввало, инсон манфаатларини таъминлаш баробарида, мамлакатни изчил тараққий эттириш, иқтисодий барқарорликни кафолатлашга хизмат қилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида бир қатор қонун лойиҳалари ушбу жиҳатларга асосий эътибор қаратилган ҳолда муҳокама қилинди.

Хусусан, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси йиғилишида “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳасида фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ўрнига хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозимининг жорий этилгани, шунингдек, ушбу лавозимда иш юритадиганларни маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартиби сақлаб қолингани назарда тутилмоқда.

Фракция аъзоларининг фикрича, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши хотин-қизлар, оилалар билан фаол саъй-ҳаракатлар олиб бораётган, хонадонлар осойишталиги, тотувлигини таъминлашга ҳисса қўшаётган мутахассислар фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларининг яратилишига хизмат қилади.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари асосий эътиборни ногиронлиги бўлган шахсларнинг инженерлик, транспорт ва ижтимоий инфратузилма объектларига тўсқинликсиз киришини таъминлаш бўйича талабларини бажаришдан бўйин товлаганлик, шунингдек, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш назарда тутувчи қонун лойиҳасига қаратдилар.

Хўш, ушбу қонуннинг қабул қилиниши билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари қай тарзда амалга оширилади? 

Фракция вакиллари бу борада, энг аввало, улар учун тенг шароитлар яратилишини, уни  бузганлик учун жавобгарлик муқаррар таъминланаётганини таъкидладилар. Бу эса ногиронлиги бор инсонларни  жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига фаол жалб этишга, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари депутатлар эътиборига иккинчи ўқишда тақдим этилаётган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддасига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳасида ижро этувчи ва қонун чиқарувчи ҳокимиятларнинг яқиндан ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакилининг ҳуқуқий мақомини қонун даражасида мустаҳкамлаш назарда тутилмоқда.

Мунозараларда мазкур қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида фракция аъзолари фаол иштирок этгани ҳамда уни такомиллаштириш юзасидан масъул қўмитага бир қатор таклифлар берилгани қайд этилди. Хусусан, вакилнинг энг асосий вазифаси сифатида Олий Мажлис палаталари билан Вазирлар Маҳкамасининг қонун ижодкорлиги ва қонунларнинг ижросида парламент назоратини ташкил этиш бўйича ҳамкорлигини таъминлаш ҳамда бу жараёнларда Ҳукумат таркибига кирувчи вазирлик ва қўмиталар билан ишларни мувофиқлаштириш каби масалаларга ойдинлик киритиш каби таклифлари қонун лойиҳасида ўз аксини топди.

Йиғилишларда, шунингдек, “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари муфассал кўриб чиқилди.   

Муҳокама этилган масалалар юзасидан фракцияларнинг позицияси белгилаб олинди.


Кўришлар сони: 276

Депутатлар минбари

Янгиликлар

25.05.2018
“Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди

“Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Шанхай...

25.05.2018
Тиббий хизмат сифати, ичимлик суви таъминоти аҳоли эътирозига сабаб бўлаётган муаммо сифатида ўрганилмоқда

Дастлабки уч кунда депутатлар 750 та хонадонда бўлиб, икки мингга яқин аҳоли билан мулоқот қилдилар....

25.05.2018
Зоминдаги учрашувларда аҳолини ўйлантираётган муаммолар бартараф этилди

Олий Қонунчилик палатаси депутати Зулайҳо Акрамова Зомин туманидаги “Пишағор”, “Даштобод” қишлоқ фуқ...

Тадбирлар тақвими