Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Фракция аъзолари жамият ҳаётидаги долзарб масалаларни муҳокама қилди

Фракция аъзолари жамият ҳаётидаги долзарб масалаларни муҳокама қилди

Парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши “Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари” ҳамда Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси фаолларининг Мурожаати мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, фракциянинг олдида турган вазифаларга бағишланди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари, тегишли вазирлик ва идораларнинг мутасадди раҳбарлари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва вилоят Кенгашлари депутатлари, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, партияни Тошкент шаҳар ва вилоят Кенгашлари масъуллари иштирок этди.

Давра суҳбатида дастлаб “Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари” мавзусида чиқишлар қилинди. Жумладан, “Оила” илмий-амалий маркази томонидан олиб борилаётган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Наманган вилояти Чуст туманидаги Олмос қишлоғида ўтказилган тадқиқотда болалар ногиронлиги юқори даражада экани аниқланган. Тадқиқот мазкур қишлоқдаги кўпчилик фуқаролар
бир-бири билан қариндошлик алоқаларида эканлигини кўрсатди. Хоразм вилоятида шу марказ томонидан туғма ногирон фарзандлари бўлган оилалар ўртасида ўтказилган сўровда қариндош никоҳлар натижасида шундай болаларнинг 40 фоизи туғилгани аниқланган.

Шунингдек, буларнинг 29,9 фоизини асаб ва руҳий касалликларга чалинганлар, 12,6 фоизини таянч-ҳаракат тизими хасталиги билан касалланганлар, 21,8 фоизини кўзи ожиз ногиронлар, 8,0 фоизини кар-соқовлар, 11,5 фоизини қон касалликлари билан боғлиқ бўлган ногиронлар ташкил этади. Замонавий тиббиёт фанида агар оилавий жуфтликда ҳеч бўлмаганда битта умумий қариндоши бўлса, ҳар қандай қариндошлик никоҳларда туғма ва ирсий касалликларга чалинган болаларнинг туғилиш хавфи сақланиб қолиниши аниқланган. Ўз навбатида, бу касалликлар нафақат бундай оилалар фарзандларининг биринчи, балки кейинги авлодларида ҳам намоён бўлиши мумкин.

Мазкур масалаларни тартибга солувчи Оила кодексида фақатгина тўғридан тўғри ва пастки йўналиш бўйича қариндошлар ўртасида никоҳ тузилишига йўл қўйилмайди. Ёндош қариндошлар ўртасидаги никоҳга монелик қилмайди. Бундан ташқари, кодексда никоҳ тузиш вақтида никоҳга кирувчи шахслар ўртасида қариндошлик алоқалари йўқлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш мажбурияти белгиланмаган.

Давра суҳбатида қариндошлик никоҳлари натижасида келиб чиқадиган ирсий касалликларга чалинган ногирон болаларнинг туғилиш хавфини камайтириш учун қўшимча ҳуқуқий асосларни яратиши таъкидланди.

Шунингдек, йиғилиш иштирокчилари Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси фаолларининг Мурожаати мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, Ўзбекистон ХДП фракциясининг олдида турган вазифаларни белгилаб олди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда инсон манфаатлари ва турмуш фаровонлигини таъминлаш, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, ёш оилаларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш йўлида катта ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада халқимизнинг эзгу қадриятларини ўзида мужассам этган, одамларимизни бирлаштириш, улар ўртасида ўзаро аҳиллик ва меҳр-мурувват туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган тўй ва маросимлар муҳим ўрин тутади.

Шу маънода, бундай тадбирлар эл-юртимизнинг маданияти, маънавий савияси даражасини яққол кўрсатувчи омиллардан бири, десак янглишмаймиз. Афсуски, кейинги пайтларда тўйлар, оилавий тантаналар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, атрофда яшаётган одамларнинг ҳол-аҳволини инобатга олмаслик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби салбий иллатлар кўзга ташланмоқда.

Давра суҳбатида Республика “Маҳалла” ҳайрия жамоат фонди ва Нуроний жамғармаси фаолларининг тўйларни ихчам, кам чиқим ўтказиш бўйича мурожаати қабул қилинди. Ушбу мурожаатда кўтарилган масалалар депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

 


Кўришлар сони: 1345

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.06.2018
Суғориш иншоотлари таъмирланадиган бўлди

Вилоятда шу кеча кундузда 20339 та фермер хўжаликлари фаолият олиб бормоқда. Шуларнинг 8058 таси ғў...

22.06.2018
Фракция раҳбари фермер хўжаликлари фаолияти билан яқиндан танишди

Бугун Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ЎзМТДП фракцияси раҳбари Сарвар Отамуратов "Ғўзада кафолатли...

22.06.2018
Сувни тежовчи замонавий технологиялар амалиётга кенг жорий қилинмоқда

Аввал хабар қилинганидек, жойларда парламент қуйи палатаси депутатлари томонидан қишлоқ хўжалигида ...

Тадбирлар тақвими