Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Фракциянинг устувор вазифалари белгилаб олинди

Фракциянинг устувор вазифалари белгилаб олинди

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Унда партия Марказий кенгаши ва фракция аъзолари, Марказий кенгаш Ижроия қўмитаси девони ходимлари, халқ депутатлари Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатлари, партия фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Йиғилишни партия Марказий кенгаши раиси, фракция раҳбари С.Отамуратов олиб борди. Кун тартибида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган партия фракциясининг чора-тадбирлар режаси муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизтарихида илк бор Парламентга 2017 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатномаси миллий давлатчилигимиз ривожида янги босқич бошланганидан далолат беради.

Қайд этилганидек, мазкур Мурожаатномада баён этилган вазифалардан келиб чиқиб, партия фракциясининг чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Мазкур режа 6 бўлим, 20 банддан иборат бўлиб, унда 50 га яқин долзарб ва муҳим масалани ҳал этиш бўйича механизмлари белгиланган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини оғишмай амалга ошириш, қонунчилик ва норматив ҳужжатлар ижодкорлигини такомиллаштиришга доир концепцияқабул қилиб, халқаро норма ва стандартларга жавоб берадиган ягона Сайлов кодексини ишлаб чиқиш, «Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, янги туристик йўналишлар очиш, зиёрат туризми, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик туризм ва бу соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантириш юзасидан норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ва амалий таклифлар тайёрлаш, Қонунчилик палатасининг соғлиқни сақлаш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш тизими самарадорлигини ошириш, она ва бола саломатлигини сақлашда муҳим омил бўлган Скрининг марказлари фаолиятини кучайтириш, «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг амалда ижро этилишини таъминлашга доир чора-тадбирларни кўриш ва бошқа масалалар шулар жумласидандир.

Йиғилишда фракция аъзолари эътироф этганларидек, Мурожаатномада давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган таклифга асосан, 4 январь куни палатанинг ялпи мажлисида Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси тузиш бўйича қарор қабул қилиниб, мазкур қўмита Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси масъуллигига бириктирилгани ҳам фракция аъзолари зиммасига жиддий вазифалар ва масъулиятни юкланганидан далолатдир.

Шу билан бирга, Юртбошимиз томонидан илгари сурилган таклифларни ҳаётга татбиқ этиш, парламент, депутатлар ва Сенат аъзолари фаолиятини илмий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш самарадорлигини ошириш, Қуйи палатанинг қонун ижодкорлиги ишлари сифатини тубдан яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ташкил этилгани парламентнинг фаоллигини, роли ва таъсири ошишига, халқчил, ҳаётий қонунлар қабул қилишга, пировардида мамлакатимизнинг жадал тараққий этишига хизмат қилади.

Йиғилишда эътироф этилганидек, Президентимизнинг мамлакатимиздаги энг устувор ва долзарб масалалар юзасидан Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятиЎзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг барча даражадаги ташкилотларида чуқур таҳлиллар асосида ўрганилмоқда ҳамда кенг тарғиб қилинмоқда. Партия дастурий мақсад-вазифалари ва ғоясидан келиб чиқиб, Мурожаатномада сиёсий партиялар олдига қўйилган вазифалар ижросини сифатли ва самарали таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар режалари ишлаб чиқилмоқда. Улар электорат вакиллари иштирокида муҳокама қилинмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари ҳудудларга чиқиб, аҳолининг кенг қатламлари билан очиқ мулоқот қилиб, фуқароларнинг таклиф-мулоҳазаларини ўргангани депутатлар ўз фаолиятини танқидий қайта кўриб чиқиши ва такомиллашишида, халқнинг хоҳиш-иродасини инобатга олган ҳолда чора-тадбирлар белгилаб олишида алоҳида аҳамият касб этди. Бу, ўз навбатида, халқ фаровонлиги ошиши, одамларнинг ҳаётдан, давлатдан рози бўлиб яшаши, юрт равнақига сидқидил хизмат қилиб, ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиши, сайловчиларнинг депутатларга бўлган ишончи мустаҳкамланишида муҳим омил бўлади.

Йиғилишда таъкидланганидек, Мурожаатномада давлат бошқарувини ҳаддан ташқари марказлаштиришдан воз кечиш, кўпгина ваколатларни марказий давлат органларидан ҳудудий органларга ўтказиш вазифаси қўйилди. Бу механизмнинг ҳар томонлама шаффоф ва самарали ишлаши учун маҳаллий Кенгашларда халқ депутатларининг фаолияти ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу борада уларнинг роли, халқ ноибларининг ваколатлари тубдан оширилди. Сиёсий партияларнинг маҳаллий ҳокимият идораларини шакллантириш борасидаги ваколатлари босқичма-босқич кенгайтирилди, депутатлик назорати мустаҳкамланди. Шундан келиб чиқиб, йиғилишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси гуруҳлари ўз вазифа-ваколатига жиддий масъулият билан ёндашиши, аҳоли мурожаатларига беписанд бўлмаслиги ва фуқароларнинг ҳуқуқ-манфаатларини қатъий ҳимоя қилиши, аниқ таклифлар, қарорлар қабул қилишда фаоллик кўрсатиши лозимлиги қайл этилди.

Йиғилишда сўзга чиққанлар кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари, таклиф-тавсияларини билдиришди. Тадбир якунида «Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг чора-тадбирлар режаси»ни жойлардаги партия ташкилотларида, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларида ҳамда электорат вакиллари билан кенг муҳокама қилиш ва таклифлар олиш, шу асосда уни такомиллаштиришга келишиб олинди.


Кўришлар сони: 297

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.01.2018
Ўзбекистон – Грузия: парламентлараро ҳамкорлик кенгаймоқда

Жорий йилнинг 22 январь куни Грузия парламенти раиси Ираклий Кобахидзе бошчилигидаги делегация Ўзбекистон...

19.01.2018
Парламент аъзолари муаммоларни бартараф этишда мутасадди ташкилотларга кўмаклашмоқда

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзола...

18.01.2018
Мурожаат жойида ҳал этилди

Депутат Умид Сулаймонов ҳам сайловчиларнинг мурожаатлари юзасидан учрашувлар ташкил этиб, кўтарилга...

Тадбирлар тақвими