Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш — фракциямизнинг асосий вазифаси

Инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш — фракциямизнинг асосий вазифаси

Кенг жамоатчилигимиз ҳамда халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарига Мурожаатномаси шу кунларда давлат ва жамоат ташкилотларида, таълим муассасаларида, маҳаллаларда чуқур ўрганилиб, ундан келиб чиқадиган вазифалар белгилаб олинмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши ҳам ушбу Мурожаатномада белгиланган устувор йўналишлар ижросини таъминлашда фракция олдида турган муҳим вазифалар муҳокамасига бағишланди.

Эътироф этилганидек, мамлакатимиз тарихидаги илк Мурожаатнома мазмун-моҳиятига кўра энг аввало халқ манфаати йўлида хизмат қилиш, халқ билан мулоқотни давом эттириш, одамларни ҳаётдан рози қилиш, келажакка ишончини мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, бу борада ечимини кутаётган масалалар аниқ далиллар асосида баён қилиниб, тараққиётимизнинг янги босқичида олдимизда турган долзарб вазифаларни белгилаб берди.

Муҳокамалар жараёнида депутатлар мазкур Мурожаатномани қўллаб-қувватлаган ҳолда унда белгиланган бир қатор устувор вазифалар ва унинг ижросини таъминлашда фракция ва унинг ҳар бир аъзоси зиммасига улкан масъулият юклашини таъкидладилар. Жумладан, жорий йилга “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб ном берилиши мамлакатимиз сиёсий майдонида бир неча йиллардан буён инновацион иқтисодиётга ўтиш ғоясини илгари суриб келаётган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва унинг барча даражадаги депутатлик гуруҳларидан алоҳида фаоллик талаб этади.

Бунда аввало соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, хусусан, партия ташаббуси билан кўп йиллик тажриба ва изланишлар асосида ишлаб чиқилаётган “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини янги ташкил этилган Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда тезроқ такомилига етказиб, Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиш белгилаб олинди.

Шу билан бирга, қонун ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятни тубдан кучайтириш, ҳар бир қонуннинг асл муаллифи айнан халқнинг ўзи бўлишига эришиш, қонунларни ишлаб чиқишда энг қуйидан, яъни оддий аҳолидан фикр, таклифлар олиш, бу борада замонавий ахборот технологияларидан унумли фойдаланиш, партиянинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларини ҳам ушбу жараёнга фаол жалб этиш зарурлиги таъкидланди.

Қоларверса, халқ билан, сайловчилар билан мулоқотни изчил давом эттириш, жойларда аниқланаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича ижро ҳокимияти олдига масалани қатъий қўйиб, унинг ижро этилиши устидан парламент ва жамоатчилик назорати самарадорлигини ошириш депутатлар фаолиятининг асосий йўналиши бўлиши лозимлиги айтиб ўтилди.

Айниқса, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар ижроси устидан парламент назоратини ўрнатиш, бу борада Қонунчилик палатасида янги ташкил этилган Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси фаолиятида фракция аъзоларининг иштирокини кучайтириш ҳамда тизимдаги муҳим муаммоларни жойларда ҳал этишга эътиборни кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, фракция ташаббуси билан Адвокатларнинг консалтинг хизмати, яъни маслаҳат бериш ва тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш борасидаги фаолиятини кенгайтиришга қаратилган “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилди.

Фракция аъзолари 13-22 январь кунлари сайлов округларида бўлиб ўтадиган бевосита учрашув ва мулоқотлар давомида мазкур Мурожаатнома мазмун-моҳиятини оддий фуқароларга чуқур тушунтиришга, умумхалқ муҳокамасига қўйилган “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурига аҳолидан ҳам фикр, таклифлар олишга эътибор қаратиш зарурлиги айтиб ўтилди.

Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан фракциянинг йўл харитаси ва тегишли қарори қабул қилинди.

Депутатлар фақат қарор қабул қилиш эмас, балки унинг амалда ижроси таъминланишини қатий назоратга олиш ва бу жараёнда бевосита иштирок этишга келишиб олдилар.


Кўришлар сони: 2971

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.04.2018
Қўмита фуқароларнинг пенсия таъминоти масалаларига мутахассислар эътиборини жалб қилди

Давра суҳбатида келтириб ўтилганидек, бугунги кунда мамлакатимизда Пенсия жамғармаси тизимида 3,3...

18.04.2018
Қонун лойиҳаси юзасидан депутатларни ўйлантирган саволлар муҳокама этилмокда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида бир қатор қонунлар, жумладан Ўзбекистон Ре...

17.04.2018
ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига 40 та депутат сўрови юборилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси томонидан брифинг ўтказилди. Унда фракциянинг...

Тадбирлар тақвими